Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати қутисида ўзбекча ёзув бўлмаган дориларни мамлакатга олиб киришга рухсат этди


Ўзбекистон ҳукумати истеъмол қутисига эга дори-дармонларни мамлакатга олиб кириш тартибини жўнлаштирди.

Янги тартиб ҳукуматнинг шу йил 5 февралида чиқарилган ва norma.uz сайтида чоп қилинган “Импорт қилинаётган айрим турдаги истеъмол молларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 22-сонли қарорида акс этган.

Мазкур ҳужжатда кўрсатилган импорт қилинувчи дори-дармонлар истеъмолчига мўлжалланмиш ўзбек тилидаги маълумот варақчаси истеъмол қутиси ёки идишига илова этилган ҳолда маркировка қилиниши ва дори-дармон қутисига қўшимча маркировка белгиси қўйилмаслиги қайд этилган.

Айни пайтда, агар дори-дармон тайёрловчи ширкат томонидан дори қутисига ўзбек тилида маркировка қўйилмаган бўлса, импорт қилинаётган дори-дармонлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганидан кейин, божхона омборида сақланаётган пайтда маркировка қилиниши мумкинлиги уқтирилган. Бунинг учун олиб кирилаётган дориларга етарли миқдорда давлат тилидаги маълумот варақчалари илова қилиниши шарт.

Дори-дармонлар маркировкасининг давлат тилидаги матни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори-дармонлар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

Авваллари Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар қутиси ёки идишида ўзбек тилидаги маркировка бўлиши талаб этиларди.
XS
SM
MD
LG