Линклар

Қозоғистон Миллий банки 2014 йил 11 февралидан АҚШ долларининг қозоқ тангасига айирбошлаш курсини аввалги даражада тутиб туришдан воз кечди. Миллий банк матбуот хизмати тарқатган бу хабар қозоғистонликлар ҳаётида дарҳол акс этди: валюта айирбошлаш шохобчалари ишини тўхтатди, дўконлар ҳисоб-китоб баҳонасида ёпиб қўйилмоқда.


Валюта девальвацияси бўйича ўз қарорини Қозоғистон Миллий банки жаҳон молиявий ва товар бозорларидаги мураккаб вазият, Россия рубли қадрининг тушиши ва девальвацион натижалар юқори бўлиши билан изоҳлаган.

- Қозоғистон Миллий банки миллий валюта курсини 1 АҚШ доллари учун 185 танга атрофида ушлаб туриш учун чора кўради, - деди сешанба куни тушда Олмаотада ўтказилган матбуот анжуманида Миллий банк раҳбари Қайрат Келимбетов.

Келимбетовга кўра, Миллий банк янги мувозанатли курсни ҳимоя қилиш ва сакрашлар бўлишининг олдини олиш учун барча имкониятларга эга. Миллий банк раиси валюта девальвацияси энг аввало ишлаб чиқариш корхоналари учун кераклигини қайд этди.

Аммо Қайрат Келимбетовнинг бу сўзлари қозоғистонликлар кўнглига таскин берди, дейиш қийин. Чунки кечагина 155 тангадан сотилган доллар бугун автоматик тарзда қарийб 20 фоизга ошиб кетди. Олмаотадаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар қиймати 190 танга ва ундан юқорига кўтарилиб кетди. Саррофлик шохобчаларининг кўпи хорижий валютани сотмай қўйди. Йирик дўкон ва супермаркетлар қайта ҳисоб баҳонаси билан ёпилаяпти. Айни пайтда Қозоғистоннинг бошқа ҳудудлари 1 АҚШ доллари 200-220 тангадан сотилаётгани айтилмоқда.

Қозоғистон Миллий банки 11 февраль куни АҚШ долларининг қозоқ тангасига нисбатан расмий курсини 155,5 танга қилиб белгилаганига қарамай, Қозоғистон фонд биржасидаги эрталабки савдода долларнинг тангага нисбатан ўртача курси 163,9 тангани ташкил қилган. Бу эса душанба кунги курсдан 8,3 тангага ошиқ деганидир. Савдо сессияси чоғида доллар қиймати етган максимал даража 185,99 тангага тенг бўлди.

Бу вазият Қозоғистонда 2009 йил 4 февралида амалга оширилган лаҳзалик девальвацияни ёдга солади. Ўшанда танга бирданига 25 фоизга қадрсизлашган, расмий курс бир АҚШ доллари учун 150 танга қилиб белгиланганди. Ўшанда аҳоли орасида саросима бошланган, саррофлик шохобчалари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлган, нақд доллар 160 танга ва ундан юқори баҳода сотилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG