Линклар

Қирғизистон муваққат муфтийси Мақсад ҳожи Тўқтамишев баҳсларга сабаб бўлаётган фатволаридан бирида гейларни ўлдиришга чақириқ бўлмаганини айтмоқда. Қирғизистонлик фаоллар муваққат муфтий берган фатвода гейларни ўлдиришга чақириқ борлигини айтиб, муфтият устидан прокуратурага арз қилган.


Қирғизистоннинг муваққат муфтийси Мақсад ҳожи Тўқтамишев гей ва гомосексуалларга қарши чиқарган фатвоси юзасидан тушунтириш берди.

Бишкекда сешанба куни журналистлар саволларига жавоб берган Тўқтамишев фатвода гейларни ўлдиришга чақириқ бўлмаганини айтди ва уни шундай изоҳлади:

- Ҳақиқатан уларни (гейларни) учратсангиз ўлдиринг, деб айтилган. Бу калима қадимги замонга оид калимадир, ҳозирги даврга бунинг алоқаси йўқ. Бузуқликнинг олдини олиш учун қадимда айтилган гап бу, - деди Қирғизистоннинг муваққат муфтийси.

Мақсад ҳожи Тўқтамишев ўз чиқишида гомосексуалларга қарши эканини ҳам яширмади.

- Агар инсонда озгина ақл бўлса, у ҳеч қачон бир жинсли алоқага кирмайди. Ҳайвонлар ҳам бунақа қилмайди. Шунинг учун сизларга бу ёқадими-ёқмайдими, шуни айтаманки, шариат ва Қуръон буни тақиқлайди, - деди Қирғизистоннинг муваққат муфтийси Мақсад ҳожи Тўқтамишев.

Қирғизистонда баҳсларга сабаб бўлаётган бу фатво 29 январь куни эълон қилинган эди. Бу фатвода ҳадисдан парчалар келтирилган ва улар асосида бир жинсли алоқага тоқат қилинмаслиги уқдирилган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейкан Исмаилова мамлакатдаги жинсий озчиликка қарата қилинган таҳдидли фатво устидан Бош прокуратурага арз қилди.

- Фатвода арабча ёзилган ҳадислардан иқтибослар келтирилган. Бу ҳадислар агар таржима қилинса, бир жинсли алоқа билан шуғулланганларни ўлдириш керак, деган маъно келиб чиқади. Мусулмонлар буни дастури амал сифатида қабул қилишлари ҳеч гап эмас, - дейди Исмаилова.

Қирғизистоннинг аввалги муфтийси Раҳматулла Эгамбердиев ўтган ой ёш аёл билан интим муносабатлари акс этган видео Интернетда тарқалиб кетганидан сўнг истеъфо берган эди. Мақсад ҳожи Тўқтамишев унинг ўрнига вақтинчалик муфтий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмаилова муфтиятнинг янги раҳбари чиқарган фатво гейларга нисбатан зўравонликни кучайтириб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой Қирғизистонда гейлар ҳуқуқлари топталаётгани ҳақида 65 варақлик ҳисоботни эълон қилган.

Ҳисоботда ҳозирги қирғиз жамиятида гейлар ва бисексуал эркаклар зўравонликларга нишон бўлаётгани, милиция уларни ҳеч бир асоссиз тўхтатиб, айнан жинсий ориентацияси учун ҳибсга олиши, дўппослаши¸ номусига тегиши ва азоблаши ҳоллари кўпайгани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG