Линклар

logo-print

Яхшиям, Ўзбекистон Хитой эмас. Яхшиям, ўртада Буюк девор бор. Яхшиям, Хитой қонунлари Ўзбекистонда татбиқ қилинмайди. Шундай бўлмаганида, кўринг эди томошани!..


Хитой – аломат давлат. Бизнес қилмоқчи бўлган cармоядор борки, мансабдорларга ширинкома тиқиштирмаса, бири икки бўлиши қийин. Исми-расми шундай.

Бошқа томонда эса, бутун мамлакат порахўрликка қарши тиш-тирноғи билан курашаётганини кўрасиз. Айниқса, мамлакатнинг янги раҳбари Си Цзинпин деганлари чандон серғайрат чиқиб қолди. Қўли эгри амалдорларни жинидан баттар ёмон кўрадими ё бу шунчаки сиёсатми - ҳокимиятга келибоқ уларга қарши беаёв уруш очди. Қама-қама, текшир-текшир бошланиб кетди. Анча-мунча ҳокиму ноиблар амалдорлик оромкурсисини қамоқнинг темирўриндиғига алиштирди.

Яқинда денг, Чин юртида яна бир тартиб кучга кирди: эндиликда рафиқаси ёки фарзандлари хорижда яшаётган амалдорлар мансаб пиллапоясидан юқори кўтарилишни орзу қилмаса ҳам бўлади. Тўрт кўз тугал бўлиб Хитойда яшаётган, бола-чақаси узоқнинг қуйруғидан яқиннинг сомонини афзал билаётган “ватанпарвар” амалдорларга эса, марҳамат, яшил чироқ! Жонажон коммунистик партия шундай кўрсатма берибди.

Хитой расмий матбуотига ишонилса, коррупция билан боғлиқ жиноятлар яқинлари чет элда яшаётган раҳбарлар орасида кўп учраётганмиш.

Янги тартиб порахўрликка қарши курашда қанчалик самара беради? Мао бобо замонидан қолган ажнабийларга шубҳа билан қараш сиёсатининг давоми эмасми бу? Майли, бу масала муҳокамасини қўйиб берсангиз бургани ҳам тақалайдиган устамон хитойликларнинг ўзига ҳавола қила қолайлик. Сернуфус Чин юртида бизсиз ҳам муҳокамачилар сонмингтадир...

Ўзбекистондаги мансабдорларнинг бир талайи хорижда ўз уйига эга (дўппи тор келганда, тап-тайёр “заҳирадаги аэродром”-да). Қанчасининг фарзандлари камина каби хориж дорилфунунлари тупроғини ялаб юрибди. Яна қанчасининг зурриётлари ажнабий элларда пулни пулга уриштириб тижорат қилади. Яна қанчаси кўздан нари – балодан нари, тинчроқ умргузаронлик қилиш учун жўнаб қолган чет элларга.

Узунқулоқ гапларга ишонсак, бола-чақаси хорижда яшаётган амалдорларимиз орасида сал мундайроғидан тортиб каттаконларигача бор. Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонда ҳам Хитойдаги каби тартиб кучга кириб, боласими, хотиними чет элда яшаётган раҳбарларнинг паттасини қўлига тутқазиш бошланса борми!..

Йўқ, йўқ, нафасни иссиқ қилайлик!

Боя айтдим-ку, яхшиям, Хитой билан орамизда Буюк девор бор. Яхшиям, йўллар олис, йўллар ўзга!

Хорижда ўқиётган блогер


P.S. Ушбу блогнамо битикларга ўз номимни қўйишдан тўғриси ҳайиқдим. Тушунинг-да, чет элда таҳсил оламан. Отам ўртамиёна бўлса-да, раҳбар. Билиб бўладими, Хитой тажрибаси ёқиб қолиб, Ўзбекистонда ҳам жорий қилинса, “ўғлинг чет элда ўқир экан” деб, отамни ишдан бўшатиб юборишмасин тағин...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG