Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича янада пастга шўнғиди


"Cўз эркинлиги индекси-2014" ҳисоботига илова қилинган харитада Ўзбекистон қора рангда - аҳвол ўта жиддий бўлган мамлакатлар қаторида кўрсатилган.
"Cўз эркинлиги индекси-2014" ҳисоботига илова қилинган харитада Ўзбекистон қора рангда - аҳвол ўта жиддий бўлган мамлакатлар қаторида кўрсатилган.

Қароргоҳи Парижда бўлган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти чоршанба куни жаҳон мамлакатларидаги матбуот эркинлигини баҳоловчи навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. 180 мамлакатдаги вазиятга баҳо берилган мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан икки поғона пастлаб, 166-ўринни эгаллагани қайд этилади.


Ўтган йили Ўзбекистон бу рейтингда 164-ўринни эгаллаб турганди, ундан аввалги йили эса 157-ўринда эди.

"Чегара билмас мухбирлар" (Reporters Without Borders) рейтингида Ўзбекистон постсовет ўлкалари ичида фақат Туркманистондангина (178-ўрин) юқорироқ поғонада турибди. Ҳатто фуқаролар эркинлигини ҳар томонлама чеклаб келиши эътироф этиладиган Белоруссияда (157-ўрин) ҳам сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳвол анча яхши – бу мамлакат RWB рейтингида Ўзбекистондан 9 поғона юқорида.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўта абгор бўлиб қолаётганини айтади.

- Ўзбекистонда вазият мутлақо ўзгаришсиз қолмоқда. Сўнгги ўн йил мобайнида, айниқса Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда мустақил журналистика сиқув остида қолмоқда. Ҳукумат Интернетни назорат этишнинг янада такомиллашган усулларини қўлламоқда. Камида 10 журналист ҳамон қамоқда қолмоқда. Тўрт нафари журналистик фаолияти учун қамоқда азоб чекмоқда, қолгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиб чиққани учун қамалган. қамоқда қолаётган журналистларнинг бири Муҳаммад Бекжон. У ўтган йили ташкилотмизнинг Матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирланган эди, - дейди Йоҳан Биҳр.

Ўз ҳисоботида матбуот эркинлиги даражаси бўйича минтақада давлатларидан Қирғизистонни 97-ўринга, Тожикистонни 115-ўринга, Қозоғистонни эса 161-ўринга қўйган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, кўплаб мамлакатларда, жумладан, собиқ СССР таркибига кирган давлатларида вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 148-ўринни эгаллаган Россия сони ортиб бораётган матбуот эркинлигини чекловчи қонунлари билан минтақадаги режимларга ўрнак бўлмоқда.

Уч ойдан буён норозилик акциялари гирдобида қолган Украина бу йил 10 поғона пастга иниб, 127-ўринни эгаллаган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиллари мазкур рейтингда Украинадаги сўнгги воқеалар акс этмаганини, агар Евромайдондаги ҳодисалар ҳисобга олинганда Украина ҳозирги даражасидан ҳам пастроққа иниши мумкинлигини истисно қилмайдилар.

Постсовет ўлкалардан энг юқори ўринларни эгаллаганлари Молдова (56-ўрин), Арманистон (78-ўрин), Грузия (84-ўрин) ва Қирғизистон (97-ўрин) бўлди. “Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, бу мамлакатларда плюрализм ва матбуот эркинлиги даражаси нисбатан юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар”га кўра, Сўз эркинлиги индекси жаҳондаги 180 мамлакатдан бўлган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамият фаоллари эга бўлган эркинлик даражаси ҳамда сўз эркинлигига риоя қилиниши бўйича расмийлар томонидан кўрилаётган чораларни акс эттиради.

Ўзбекистонда эса, кузатувчиларнинг қайд этишича, бу борада олға силжиш кузатилаётгани йўқ, билъакс, цензура тобора кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам мустақил, расмий нуқтаи назардан фарқ қилувчи хабарларни бериб борадиган Интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этаяпти.

Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Хайрулла Ҳамидов, Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов ва бошқа журналистлар ҳамон Ўзбекистон қамоқларида қолмоқда.

Улардан бири - 15 йилдан буён қамоқда сақланаётган Муҳаммад Бекжон 2013 йили "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти томонидан матбуот эркинлиги ҳимояси учун курашчи ўлароқ тақдирланган.

Қамалишидан олдин Муҳаммад Бекжон мухолифат нашри ҳисобланмиш "Эрк" газетасига муҳаррирлик қилган. У мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати ва "Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган 31 ташкилот орасида "Чегара билмас мухбирлар" ҳам Чехия президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан шу ой охирида Прагада учрашишдан аввал Ўзбекистон ҳукуматига қамалган журналистлар, ҳуқуқ фаолларини озод этиш талабини қўйишни сўраган.

- Олдинига "Ўзбекистон раҳбарини Прагага чақиришнинг мавриди эмас" дея, жаноб Земанга учрашувни бекор қилишни сўраб мурожаат этган эдик. Бизнингча, Земан Каримов билан учрашадиган бўлса, ҳеч бўлмаганда, қамалган журналистлар, ҳуқуқ фаолларини озод этишни талаб қилиши керак, - дейди "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Биҳр.
XS
SM
MD
LG