Линклар

logo-print

Яккабоғлик ака-ука Прокурор устидан арз қилгани учун жаримага тортилди

  • Садриддин Ашур

Қашқадарё вилояти, Жиноят ишлар бўйича Яккабоғ туман суди шу туманлик инсон ҳуқуқлари фаоли Жамолиддин Ортиқов ва унинг укасини туман прокурори устидан арз қилгани учун жаримага тортди.

Ака-укалар ўтган йилнинг сентябрида жиянини пахтадан олиб қолгани учун уларнинг “Нексия” автомобилини туман прокурори тортиб олган, прокурорнинг бу ҳаракатини ғайриқонуний, деб билган ортиқовлар Ўзбекистон Бош прокуратурасига арз қилган эди.


Қашқадарё вилояти, Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, Маданият қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамолиддин Ортиқов ва унинг укаси Санжарга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солиш ҳақида 12 феврал куни қарор чиқарди.

Бу қарордан норози бўлган Жамолиддин Ортиқовнинг Озодликка айтишича, улар прокуратура устидан шикоят қилиб, охир-оқибат ўзлари айбдор бўлиб қолган:

- Ўтган йил коллежнинг биринчи курс ўқувчиси, жияним Меҳриниссо Зиёдуллаевани мажбурий пахта теримидан олиб қолган эдим. Кейин менга жазо сифатида прокурорнинг топшириғи билан бизни “Нексия” машинамизни автомойкадан ДАН ходимлари олиб кетишган эди. Биз шундан кейин Бош прокуратуранинг ишонч телефонига сим қоқиб, прокурорнинг устидан даъво қилгандик. Кейин шу иш бўйича вилоят прокуратураси тергов ўтказди, дейди Жамолиддин Ортиқов.

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, вилоят прокуратураси текширувида буларнинг даъволари гўёки исботини топмаган ва шикоят қилгани учун уларнинг ўзлари айбдор бўлиб қолган:

- Суд бизга “туман прокурорининг устидан ёзган аризаларинг тасдиғини топмади ва прокурорга нисбатан туҳмат уюштирганларинг учун сизлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг 2 баравари, яъни 182 минг сўмдан жаримага тортиласизлар”, деган қарор чиқарди. Ҳақсизликдан даво истаб, оқибатда ўзимиз айбдор бўлиб қолдик, деди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Жамолиддин Ортиқовнинг иддао қилишича, жиянини пахта теримига чиқармагани учун, туман прокурорининг буйруғи билан унинг “Нексия” автомашинаси 53 кун ғайриқонуний ушлаб турилган ва унинг жияни Баҳриддин номига ғайриқонуний протокол тузилиб, у ҳам жаримага тортилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани суди судьяси Яшин Омонов Озодлик саволларига жавоб берар экан, Жамолиддин Ортиқовнинг судга тортилиши вилоят прокуратурасининг йўриқномаси билан ўтказилганини айтди:

- Уларнинг ёзган аризаларини вилоят прокуратураси кўриб чиққан ва аризадаги важлар тасдиғини топмаган. Улар кимни кўрсатган бўлса ҳаммаси чақириб сўроқ қилинган. Улар бошқа шахснинг шаънини топтовчи маълумотларни ёзганига маъмурий тартибда чора кўриш учун бу иш вилоят прокуратурасидан бизга юборилган. Агар уларнинг важлари тасдиғини топганда прокурорнинг устидан чора кўриш мумкин эди, деди судья Яшин Омонов.

Яккабоғ шаҳрида автомобилга хизмат кўрсатиш шохобчасини ижарага олиб ишлаган Жамолиддин Ортиқов бир вақтлар ушбу тумандан туриб, маҳаллий ва халқаро ахборот воситаларида чиқиш қилган марҳум мустақил журналист Асадулло Ортиқовнинг 4 ўғлидан биридир.

Асадулло Ортиқов 2005 йилда оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтган.

У киши 1997-2005 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий муаммолар тилга олинган кескин танқидий чиқишлари билан хорижий ахборот воситалари, хусусан, Озодлик дастурларида ҳам иштирок этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG