Линклар

Ҳаммаси бўлиб 31 та ташкилот, шу жумладан Чехиядаги 2 ташкилот шу мамлакат президенти Милош Земанга қайта мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирди.

"Жаҳондаги энг репрессив режимлардан бирининг раҳбари сифатида президент Ислом Каримов Прагага таклиф қилинишга лойиқ одам эмас", дейилади ўттиздан ортиқ ташкилот имзолаган очиқ хатда
.

Президент Милош Земан номига ёзилган очиқ хатга Чехиядаги "Фалокатдаги одамлар" ташкилоти ҳамда "Чехия Инсон ҳуқуқлари лигаси" фаоллари ҳам имзо чеккан.

"Биз Сизни ўз таклифингизни қайта кўриб чиқишга қатъият билан даъват қиламиз. Шунга қарамай, бу учрашувни барибир ўтказишга қарор қилсангиз, Сизни президент Каримов билан ЕИ Ташқи ишлар кенгашининг 2010 йил октябридаги “Ўзбекистон бўйича хулосалар”ида баён этилган инсон ҳуқуқлари бўйича муаммоларга қўшимча равишда юқорида зикр этганимиз инсон ҳуқуқларининг ўта қўпол равишда бузилишини муҳокама қилишга чақиришни истардик”, -дейилади Чехия президентига йўлланган очиқ хатда.

Бу ҳуқуқ фаолларининг Чехия президенти номига иккинчи очиқ хатидир. Бир кун аввал Чехия президенти ҳуқуқ фаолларининг мурожаатларига жавобан ёзган хатида уларни "иккиюзламачиликни камроқ қилиш"га чақирган эди.

“Биринчидан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни мени салафим чақирган ва дипломатик қоидаларга мувофиқ янги президент , яъни камина олдинги президент чақириб қўйган меҳмонни қабул қилиши керак. Лекин, негадир собиқ президент Вацлав Клаус Ўзбекистонга борганида бунга норозилик билдирилганини пайқаганимиз йўқ эди. Иккинчидан, Ислом Каримов яқинда Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарияти тарафидан қабул қилинди. Бунга ҳам норозилик бўлганини кузатмадик. Учинчидан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни исломий террорчиликка қарши курашда иттифоқчиси деб ҳисоблайди. Бунга ҳам эътироз билдирилганини сезмадик. Сизга бунақа мавзуларда кўпроқ ахборотга эга бўлишни ва мунофиқликни камроқ қилишни тилаб қоламан”, - деб ёзган президент Земан.

Чехия президентига мурожаат этган 31 та ташкилотнинг бири Франциядаги "Ўтюраклар" клубидир. Ушбу ташктилот раҳбари, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева Чехия президентининг "қўпол" жавобидан ларзага келганини айтади.

- Ўзбекистондаги қийноқлар, сўз эркинлиги чеклангани, фикр эркинлиги бўғилганлиги, фуқаролик жамияти фаолларининг таъқиб этилиши каби масалаларни Ислом Каримов билан учрашувда кўтаришни сўраб мурожаат этган эдик. Лекин, жаноб Земаннинг жавобидан унинг Ўзбекистон борасида умуман маълумотга эга эмаслиги кўриниб турибди. Тўғриси, унинг бунақа қўпол жавоби бизни ҳайрон қолдирди, - дейди Тожибоева.

Хатга имзо чеккан Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, "ўзбек диктатори Каримовнинг борадиган жойи Прага эмас, Ҳаага бўлиши керак!"

- Ўзбекистон қамоқхоналаридаги оммавий қийноқлар ҳамда Андижондаги оммавий қотиллик учун Каримов Ҳаага маҳкамасида жавоб бериши керак, - дейди Отаева.

Айни пайтда Тожибоева ҳамда ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримовнинг Чехияга ташрифи куни Прагада норозилик намойиши ўтказишга тараддуд кўрмоқда.

Каримовнинг Прага сафари 20-22 февралга белгиланган. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Чехия Республикасига иккинчи ташрифидир.

Каримовнинг Прагага ташрифи пайти Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки давлат ўртасидаги виза тартиби, ўзбекистонлик талабаларнинг Чехияда билим олишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG