Линклар

logo-print

Жиззахда икки ёш бола тутундан димиқиб ҳалок бўлди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонликлар уйни иситиш ва овқат қилиш учун хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган мана шундай қўлбола печкалардан фойдаланмоқда

Ўзбекистонликлар уйни иситиш ва овқат қилиш учун хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган мана шундай қўлбола печкалардан фойдаланмоқда

Жиззах вилоятининг Зафаробод шаҳарчасида уйда қаровсиз қолдирилган икки ёш бола электр печкадан чиққан ёнғин қурбони бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, болалар ёнғиндан чиққан ис газидан димиқиб ўлган.

Жиззах вилоятининг Зафаробод шаҳарчасидаги Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Самарқанд кўчасида яшаган уч яшар Шоҳжаҳон Ҳайдаров ва уч яшар Нилуфар Муҳаммадиева 25 январь куни тутун ҳидидан димиқиб ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Озодликка 12 февраль куни хабар берган зафарободлик манбага кўра, болаларнинг қаровсиз қолдирилгани уйда ёнғин чиқишига сабаб бўлган:

- Уч яшар Нилуфарнинг онаси ўзининг қизини ва акасининг ўғли уч яшар Шоҳжаҳонни уйда қаровсиз қолдириб, кўчага чиқиб кетган. Ёқилган қўлбола электр печкаси дераза токчасининг устида бўлган. Ёш болалар ўйнаб печкани пастга тушириб юборган. Печканинг спирали полни куйдирган ва тутай бошлаган. Ана шу тутуннинг ҳидидан иккала бола ҳам димиқиб, ўлиб қолган, деди Озодлик манбаси.

Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бири бу хабарни тасдиқлар экан, бу фалокат сабабини уйларни иситиш учун газ йўқлигида ва онанинг эътиборсизлигида, деб билишини айтади:

- Бу йил қиш қаттиқ келди. Газ йўқ, свет ҳам соат билан берилади. Она шўрлик ҳам ёниб қолган светдан фойдаланиб қолай деганда. Одамлар уйларини иситиш учун ҳамма чора-тадбирларни қўллаяпти. Кўпчилик бозорда арзон сотиладиган қўлбола электр печкалардан фойдаланяпти. Бу печкалар иккита симга уланган спираль холос. Техника хавфсизлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, деди маҳалла фаолларидан бири.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда газ ва свет тақчиллиги боис фавқулодда ҳодисалар кўп кузатилди.

Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйда яшаган оила 9 февралга ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, она, қизи, келини ва икки невараси печкага ёқилган кўмир исидан уйқу ичида заҳарланган.

10 февраль куни Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида икки қаватли уйда рўй берган портлаш оқибатида камида олти киши нобуд бўлди ва етти киши жароҳат олди.

6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан сизиб чиққан газдан заҳарланиб ўлди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даражадаги куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бор.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -10 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG