Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:34

Тожикистонлик гей пичоқланганини иддао қилмоқда


Шу ой бошида Озодлик билан суҳбатда гей бўлгани учун жамиятда ўз ўрнини тополмай, қийналиб яшаётганини айтган тожикистонлик йигит номаълум шахслар тарафидан пичоқланганини иддао қилмоқда.

Комил Озодликнинг тожик хизматига 8 февраль куни номаълум шахслар уни пичоқлагани, оқибатда қўли ва оёғи яраланганини айтди.

- Улар менга пичоқ тираб, бундан буён ҳар бир кунинг шундай бўлади, дейишди. Жуда қўрқдим. Юзимга пичоқ тирашди. Кейин қўлимни уч жойига пичоқ санчиб, жароҳатлашди, - дейди тожикистонлик гей.

Комилнинг айтишича, йўлдан ўтаётган одамлар келиб уни ҳужумчилардан қутқариб қолган ва касалхонага олиб боришган.

25 ёшга кирган Комил йиллар ўтган сайин унга азоб бераётган кечинмаларни шу ой бошида Озодликка гапириб берган эди.

- Менинг ортимдан оилам азоб чекяпти, менинг ўзим ҳам азобдаман. Мен қандай жамиятда яшаётганимни яхши биламан, лекин озгина бўлса ҳам мени тушунишса, ёрдам беришса, деб умид қиламан, дейди Комил.

Ўтган йиллар давомида Комилнинг онаси уни турли йўллар билан даволашга ҳаракат қилди.

- Бизда одамлар гомосексуализмни даволаса бўлади, деб ўйлашади. Ота-онам узоқ йиллар давомида мени шифокорларга, табибларга ва муллаларга кўрсатди. Муллалар мени масжидга олиб бориб, гўё менинг танимдан ёвуз руҳларни қувмоқчи бўлишди. Улар менга аёл жинсли жин менинг танимга ўрнашиб олгани ва шунинг учун ҳам менга эркаклар ёқишини айтар эдилар, - дейди Комил.

Тожикистонда психологлар жинсий озчилик вакилларини даволаш мумкинлиги ҳақида гапирадилар. Психолог Зарина Кеняеванинг айтишича, агар ўзларида кучли иштиёқ бўлса, гейлар ва лесбиянкаларни ҳам даволаш мумкин.

Комилнинг ота-онаси ҳозир ҳам бир кун келиб ўғлини ёвуз кучлар тарк этишидан ва унинг “ҳамма қатори” бўлишидан умидини узгани йўқ. Бироқ, Комил энди бу нарсаларга ишонмаслигини айтади.

- Бу жамият мени қабул қилмаслигини биламан, бироқ мен кабилар очиқ юрадиган бошқа мамлакатга бориб яшашга менинг имконим йўқ. Мени ўлдирманг, балки ўзим билганча яшайдиган имконият беринг!, - дейди Комил.

Тожикистон 1998 йилда гомосексуалистларни жиноий жавобгарликка тортиш моддасини Жиноят кодексидан олиб ташлаган.

Бироқ, тожик жамиятида жинсий озчиликни ташкил этувчи шахслар муттасил равишда ижтимоий қаршиликка дуч келадилар.
XS
SM
MD
LG