Линклар

Кобул ҳукумати АҚШ норозилигига қарамасдан, "хавфли" жангариларни озод қилди


Афғонистон расмийларига кўра, АҚШ томонидан террорчиликда айбланаётган 65 нафар жангари Кобул яқинидаги қамоқдан озод қилинган. Қўшма Штатлар жангариларни озод қилиш қарорига норозилик билдириб келаётган эди.

АҚШ бу жангарилар “хавфли” ва қўлларига яна қурол олиб, халқаро коалиция ва афғон қўшинларига қарши курашни давом эттириши эҳтимоли юқори, дея огоҳлантираётган эди.

АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси пайшанба куни бу хусусда баёнот эълон қилиб, афғон расмийларининг мазкур қароридан “чуқур таассуф” билдирди. Баёнотда қўйиб юборилганлар орасида “афғон хавфсизлик кучлари, афғон фуқаролари ҳамда америкалик ва коалицияга аъзо бошқа давлатлар вакилларининг ўлимига жавобгар ёки ҳисса қўшган шахслар бор”, дейилади.

АҚШ элчихонаси Афғонистон ҳукумати ўз қарори оқибатлари учун ўзи жавобгар бўлишидан огоҳлантирди.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай маҳбусларни озод этиш қарорини етарли далиллар йўқлиги билан изоҳлаган эди. Мазкур қарор халқаро коалиция жорий йил охирига қадар қўшинларни Афғонистондан олиб чиқишга тайёрланаётган бир пайтда, Вашингтон билан Кобул ўртасидаги шундоқ ҳам таранг муносабатларни янада совуқлаштириши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG