Линклар

БМТ қочқинлар идорасининг Туркиядаги бўлими тарафидан бошпана изловчи сифатида қайддан ўтказилган 25 ёшли ўзбек Маҳмуд Раҳимов Истанбулдаги уйи тинтув қилингач, 10 февраль куни ҳибсга олинди ва депортация этилиш арафасида турибди.


Озодликка бу ҳақда маълум қилган Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раиси Одам Чевикнинг айтишича, Қирғизистон фуқароси бўлган Маҳмуд Раҳимов исломий экстремизмда гумонланиб, қўлга олинган.

Одам Чевикка кўра, Маҳмуд Раҳимов Қирғизистон ва Ўзбекистон республикасидан келган айблов ҳужжатлари асосида қўлга олинган:

- "Маҳмуд Раҳимов исломий экстремизм, террор билан боғлиқ жиноятларни Ўзбекистон ҳудудида амалга оширди" деган иддаоли айблов ҳужжатлари тўплами Туркиядаги хавфсизлик ташкилотларига келиб тушган. Шу асосда Туркияда бир йил муддатга расмий яшаш изни бўлган Маҳмуд Раҳимов 10 феврал тонгида Истанбулнинг Бошоқшаҳар бўлгасидаги уйида полициячилар тарафидан ҳибсга олинган ва маҳаллий полиция марказидан Истанбулдаги Қумқопи полиция қамоқхонасига келтирилган¸ дейди Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” раиси Одам Чевик Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошнинг айтишича, Маҳмуд Раҳимов бирор-бир диний оқимга алоқадор сифатида айбланмаган:

- Маҳмуд Раҳимов Ҳизбут-Таҳрир ëки Ўзбекистон исломий ҳаракати каби бирор-бир аниқ ташкилот мансуби сифатида айбланган эмас. Маҳмуд Раҳимовни диний экстремизм ва ҳаддан ошган диний тарғиботчиликда айблашган, дейди суҳбатдош.

Маҳмуд Раҳимовнинг ўз диний қарашлари сабабли тазйиқларга учрагани ва шу сабабли Туркияда бошпана излашга қарор бергани айтилади.

Айни пайтда Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти Маҳмуд Раҳимов депортация қилинмаслигини талаб қилиб, Истанбул маҳкамасига ариза берди.

Бу аризада Қирғизистон ва Ўзбекистон қамоқхоналарида шафқатсиз қийноқлар мавжудлиги Маҳмуд Раҳимовнинг экстрадициясига монеъ бўлувчи сабаб сифатида кўрсатилган.

Одам Чевикнинг айтишича, БМТ қочқинлар идорасининг Туркиядаги бўлими тарафидан бошпана изловчи сифатида қайддан ўтказилган фуқаронинг экстрадиция қилиниши Туркия ўз зиммасига олган ҳуқуқий мажбуриятларга зид бўлади:

- Мана Ғазиантеп шаҳридаги беш нафар ўзбек ҳам экстрадиция қилинмоқчи. Олдин ҳам бир қанча ўзбекистонлик қочқиннинг инсоний ҳақлари поймол этилиб, халқаро қонунларга бутунлай зид равишда қочиб келган ватанларига депортация қилинган эди. Афсуски, Истанбул полиция маркази бундай ноқонуний ва ноинсоний фаолиятни ҳануз давом эттирмоқда. Туркиядан депортация қилинган сиёсий ва диний қочқинлар орасида ўзбекистонлик Зайниддин Асқаров халқаро ташкилотларнинг депортация қилинмаслик ҳақидаги қарорига зид равишда Ўзбекистонга қайтарилган ва турмада қийноқлар остида ҳалок бўлганини эслаш жоиз бўлади, деб таъкидлади Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” раиси Одам Чевик Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка маълум бўлишича, 25 ёшли ўзбек Маҳмуд Раҳимов Истанбулнинг Бошоқшаҳар бўлгасида хотини ва бир фарзанди билан истиқомат қилган.

Маҳмуд Раҳимовнинг хотини пайшанба куни эри билан учрашувга изн олган.
Бу аснода Туркиядан бошпана излаëтган ўзбеклар ҳақлари поймол этилиб, авторитар ва тоталитар режимларга топширилиши, Истанбулдаги бир қатор ташкилотлар тарафидан қаттиқ норозиликлар билан қаршиланаëтгани кузатилади.

Бу намойишларда “Қумқопи – Гаунтанамо бўлмасин”, “Бошпана олган биродарларимизга инсоний муомала этилсин”, “Бошпана олган биродарларимизни қийноқлар қўлига топшириш – улкан шармандаликдир” ва “Муҳожирларга сиёсий бошпана берилишини талаб қиламиз” каби чақириқлар янграмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG