Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

АҚШ 65 жанггарининг озод қилингани юзасидан Кобулга норозилик билдирди


Кобул яқинидаги "Багром" қамоқхонасини қўриқлаётган Афғонистон ҳарбийлари.
Кобул яқинидаги "Багром" қамоқхонасини қўриқлаётган Афғонистон ҳарбийлари.

Афғонистон ҳукумати жанггариликда айбланган 65 нафар маҳбусни пойтахт Кобул яқинидаги қамоқхонадан озод қилди. Қўшма Штатлар НАТО ва Афғонистон ҳарбийларига қарши ҳужумларга алоқадорликда гумонланиб ушланган шахсларнинг қўйиб юборилганидан “чуқур афсусланиш” билдирди.

Жанггариларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган маҳбуслар 13 февраль куни “Бағром” қамоқхонасидан қўйиб юборилди.

АҚШ ҳарбийлари мазкур қамоқхона назоратини ўтган йил Афғонистон расмийлари тасарруфига топширган эди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Зоҳир Азимий маҳбуслар қўйиб юборилганини тасдиқлади:

- Ҳарбий полиция бош қароргоҳидан олинган маълумотга асосланиб, биз бугун эрталаб “Бағром” қамоқхонасидан 65 маҳбус қўйиб юборилганини тасдиқлаймиз, деди Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби.

Кобулдаги АҚШ элчихонаси чиқарган баёнотда, Афғонистон ҳукумати “ўз қарори оқибатлари учун ўзи масъул экани” урғуланган.

Баёнотда Афғонистон ҳукумати қамоқдан озод бўлганлар яна зўравонлик ва террор актлари содир этишининг олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақирилган.

Маҳбусларни қўйиб юбориш ҳақида буйруқ берган Афғонистон pрезиденти Ҳамид Карзай “Бағром” қамоқхонасини “толиблар тайёрловчи фабрика” деб атаган.

Карзайга кўра, “Бағром”да маҳбуслар ўз мамлакатига нисбатан нафрат уйғонадиган даражада қийноққа солинган.

Афғонистоннинг Маҳбуслар ишларини ўрганадиган махсус қўмита аъзоси Абдул Шакур Дадрас пайшанба куни журналистларга айби исботланмаган маҳбуслар озод қилинганини айтди:

- Биз ушбу 65 киши Афғонистон қонунлари доирасида жиноятчилар эканини исботловчи далиллар топа олмадик. Уларни қамоқда сақлашга асос йўқ. Ҳолбуки, улар қамоқхонада сақлангани ва жиноий ишлар жараёни қонунга зид бўлган, дея баён қилди Абдул Шакур Дадрас.

Кобул шаҳридан 50 километр шимол томонда жойлашган “Бағром” қамоқхонаси халқаро коалиция кучлари ҳибсга олган жанггарилари ва исёнларга алоқадорликда гумонланган шахслар сақланадиган асосий қамоқхона бўлган.

Таҳлилчилар фикрича, Афғонистон ҳукумати маҳбусларни қўйиб юбориш орқали 2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилган Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларини қайта бошлашга умид қилмоқда.

Лекин Халқаро кучлари жорий йил охиригача Афғонистонни тарк этишга ҳозирлик кўраётган бир пайтда маҳбусларнинг қўйиб юборилгани Кобул ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар янада таранглашишига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG