Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

“Ипотекабанк” раиси ва бошқарувчилари долларфурушликдан миллионлаб даромад қилган


Наманганда боғча болаларининг ҳаққига хиёнат қилган икки мансабдор фош этилди. Миробод деҳқон бозорини олибсотарлар эгаллади. Бобур Мирзо девони Варшавада поляк тилида чоп этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Самарқандда 97 миллион сўм пенсияни ўмарган амалдор қўлга олинди”

Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Бедана” алоқа бўлими бошлиғи Аслиддин Холманов ўзидан юқори турувчи раҳбар билан биргаликда 100 миллион сўмга яқин пенсияни ўзлаштирган (“Даракчи”, 13 феврал). Қайд этилишича, Холманов туман почта алоқа тармоғи хазинасидан пенсия сифатида тарқатиш учун 132 миллион 85 минг сўм нақд пул олган.

Сўнг Булунғур туман почта алоқа тармоғининг собиқ бошлиғи, айни пайтда вафот этган Б.И. билан тил бириктириб ҳужжатларни қалбакилаштирган. Шу тариқа 97 миллион сўмдан ошиқ маблағ ўзлаштирилиб, 806 нафар фуқаронинг ҳаққига хиёнат қилинган. Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 167 (ўғрилик) ва 209-моддалари (порахўрлик)да айбланган Холманов уч йил муддатга мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ва олти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Амнистияга асосан унга тайинланган жазонинг учдан бири қисқартирилган. Мансабдорга ўмарилган пенсияларни қайтариши мажбурияти ҳам юклатилган.

“Ипотекабанк” раиси қора бозордаги долларфурушликдан 1 миллион ноқонуний даромад қилди”

“Ипотекабанк”нинг республика бошқаруви раиси Отабек Жўраев долларни қора бозорга чиқариш эвазига 1 миллион доллар фойда кўргани маълум бўлди (“Ҳуқуқ”, 13 феврал).

Банк раиси Марказий банк томонидан ажратилаётган ҳамда “Ипотебанк”нинг ўз ресурси ҳисобидан сотиладиган валютанинг асосий қисмини маълум филиалларга ажратган. Филиал раҳбарлари эса валютани фақат ўзларига тегишли шахсларга сотишган. У шахслар ўз навбатида валютани қора бозорда пуллаб, ундан банк расмийларига фоиз бериб турган. “Ипотекабанк” раиси Отабек Жўраев эса банкнинг Тошкент шаҳар филиали бошқарувчиси А.Усмонов, Юнусобод филиали бошқарувчиси Қ.Абдуллаев, Чилонзор филиали бошқарувчиси З.Адилов, Шайхонтоҳур филиали бошқарувчиси В.Қаюмов, Миробод филиали бошқарувчиси И.Ҳасанов, Тошкент вилояти филиали бошқарувчиси А.Тожихўжаев, Ангрен филиали бошқарувчиси У.Ҳайдаров, Оҳангарон филиали бошқарувчиси У.Ҳотамов, Чирчиқ филиали бошқарувчиси Ф.Тўйчиевлардан ўз ўринбосари Музаффар Эрматов орқали мунтазам пора олиб турган.

Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Мираглам Мирзаевга кўра, “Ипотебанк” раиси валютани қора бозорга чиқариш эвазига биргина 2011 йилдан 2012 йилгача 1 миллион АҚШ доллари даромад қилган. Банк мансабдорларига тайинланган жазо очиқланмаган. Аммо судланувчиларнинг ҳар бирига тегишли жазо берилгани маълум қилинган.

“Миробод деҳқон бозорини олибсотарлар эгаллади”

Тошкент шаҳридаги Миробод деҳқон бозорида нарх-наво бошқа бозорларга, ҳатто супермаркетларга қараганда юқори бўлиб қолмоқда (“Новый век”, 13 феврал). Мухбирнинг ўрганишларига кўра, дўконларда 350-380 сўмдан сотилаётган бир боғ кўкат Миробод бозорида 1000 сўмдан, дўконларда 1000 сўмдан сотилаётган саримсоқпиёз Миробод бозорида 2500 сўмдан пулланмоқда. Супермаркетларда килоси 1400 ва 1700 сўмдан сотилаётган сабзи ва картошкани Мирободда 2000 сўмдан камига топиш қийин. Мухбир бундан мисолларни яна кўплаб келтириш мумкинлигини таъкидлайди.

Қайд этилишича, бир пайтлар гавжум бўлган бозордан бугун одамлар оёғи узилган. Бозорда деярли Ўзбекистонда етиштирилган меваларни топиб бўлмайди, асосан хориждан келтирилганлари сотилмоқда. Бозор ҳудудидаги дўконларда эса пластик карточкалар қабул қилинмаётир. Журналистнинг бозордаги манзараларни суратга олишга уринишлари ҳам натижа бермаган: милиция ходимлари суратга тушириш тақиқланганини айтган. Газета Миробод бозорининг ўтмишдаги шуҳрати ва файзини қайтариш учун фермерлар билан шартномалар қилиш орқали нарху навони туширишга ҳаракат қилиш, бозорни тартибга келтиришни тавсия қилади.

“Наманганда боғча болаларининг ҳаққига хиёнат қилган икки мансабдор фош этилди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги молия бўлими бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаев мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари – боғча мудираларидан пора олиб келгани учун қамалди (“Диёнат”, 13 феврал). Мирзаев боғча ходимларига мукофот пули ажратиб, улардан ушбу сумманинг 20 фоизини нақд пул шаклида олиб келган. Масалан, 4, 17, 33, 45 ва 5-сонли мактабгача таълим муассасалари мудирлари молия бўлими расмийсига бир марталик мукофот учун 5 миллион сўмга яқин пул йиғиб беришга мажбур бўлган. Айни шу идора ходими Баҳромхон Муҳиддинов эса болалар ризқига кўз олайтирган. Хусусан, у 15,3 миллион сўмлик картошка ва гўшт маҳсулотлари, 18,5 миллион сўмлик хўжалик моллари ва 10,9 миллион сўмлик ўтинни ўзлаштирган. Қайд этилишича, ҳар икки мансабдорга муайян муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Бобур Мирзо девони Варшавада поляк тилида чоп этилди”

Варшавадаги “Indo-Polish Cultural Commitee” нашриётида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг девони поляк тилида чоп этилди (“Ҳуррият”, 12 феврал). Девонни полякчага таниқли олим ва таржимон, Берлиндаги Гумболдт университети профессори Я.Кжижовский ўгирган. Китобдан Бобур Мирзо қаламига мансуб 116 ғазал, 146 рубоий, 5 қитъа, 16 фард ва 8 маснавий – жами 291 та шеърий асар ўрин олган. Профессор Акмал Саидовга кўра, Бобур Мирзонинг шеърий асарларини хорижий тилларга ўгиришга эътибор қаратилмаётган эди, Я.Кжижовскийнинг ушбу ижодий иши бу борадаги бўшлиқни тўлдириш йўлидаги жиддий қадам бўлди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу таржимон Алишер Навоий ғазалларини ҳам поляк тилига таржима қилиб чоп эттирган.

“Санаторийларга кимларга бепул йўлланма берилиши эслатиб ўтилди”

Нафақага чиқиб кўзи ожиз бўлиб қолган В.Шаропов ижтимоий таъминот идорасига санаторийга бепул йўлланма сўраб мурожаат қилганида унга 3 йил кутиши кераклиги айтилган (“Адолат кўзгуси”, 13 феврал).

Газета шу муносабат билан бепул йўлланмалар кимларга, қайси муддатда бепул берилишини тушутирган. Бунга кўра, Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари, шунингдек, биринчи гуруҳ уруш ногиронини кузатиб борувчи шахс, республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар, Чернобил АЭС ҳалокатида нурланиш касаллигига чалинганлар, ядро полигонларида ҳарбий хизмат ўтаганлар ва ишламайдиган ёлғиз кексалар ҳар йили навбат асосида санаторийга бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга.

Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари ҳамда кўзи ожиз 1-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс эса навбат асосида икки йилда бир марта бепул йўлланма олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG