Линклар

Ўзбекистон билан Чехия 600 миллион евролик келишув имзолайди


31та ташкилот Чехия Президенти Милош Земанни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашмасликка чақириб келаётган эди.

31та ташкилот Чехия Президенти Милош Земанни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашмасликка чақириб келаётган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Чехияга давлат ташрифи қолдирилганига қарамасдан, Тошкент ва Прага ўртасида қарийб 600 милион евро (тахминан 820 миллион АҚШ доллари)га тенг ҳужжатлар имзоланади.

Чех матбуотнинг хабар қилишича, Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги келишувлар идоралараро даражада имзоланади.

Икки томон ўртасидаги келишувлар президент Каримовнинг 20 февраль куни Прагага ташрифи давомида имзоланиши кутилаётган эди. Лекин пайшанба куни, кутилмаганда Ўзбекистон томони сафарни қолдиргани маълум бўлди.

Чехия Президенти Милош Земаннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Ҳинек Кмоничекнинг Озодликка айтишича, икки томонлама музокараларда қатнашиши ва келишувларга имзо чекиши кутилглан олти вазирнинг беш нафари кутилмаганда айни Каримовнинг ташрифи кунлари бошқа учрашувлари чиқиб қолган.

Бундан ташқари Чехия Бош вазири Боҳуслав Соботканинг бошқа иши чиқиб қолгани боис президент Каримов шарафига тушлик зиёфат бера олмаслиги Ўзбекистон томонининг давлат ташрифини кечиктириш қарорига сабаб бўлган.

Ўзбекистон президентининг ЕИга аъзо Чехияга келиш режаси халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва хориждаги ўзбек фаолларининг норозилигига сабаб бўлди ва Земан маслаҳатчисига кўра, бу норозиликлар ҳам Каримов сафари қолдирилишига билвосита таъсир қилган.

Жами 31та ташкилот Чехия Президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақириб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG