Линклар

logo-print
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прагага давлат ташрифи кечиктирилганига қарамай Ўзбекистон ва Чехия ўртасида умумий қиймати 16 миллиард крон (қарийб 800 миллион АҚШ доллари)ини ташкил этувчи битимлар имзоланади.


Имзосиз қолган келишувлар

Ўзбекистон президентининг Чехияга 20 феврал кунига белгиланган давлат ташрифи давомида ўнга яқин битим имзоланиши кутилаётган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прагага давлат ташрифини таëрлашда қатнашган чех дипломатининг Озодликка маълум қилишича¸ бу ташриф доирасида икки давлат фуқароларининг виза масалаларини енгиллаштирувчи битимлар имзоланиши кутилган.

Чехия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари Иван Янчарек Озодлик билан суҳбатда Каримов Прагада имзолаши кутилган келишувлар энди вазирлар ёки элчилар даражасида имзоланишини айтди.

- Булар асли вазирлари ёки уларни ўринбосарлари ёки бўлмаса элчилар даражасида имзоланиши мумкин келишувлар эди. Ўйлайманки, яқин кунларда бу битимларни имзоланишига эришамиз, деди Янчарек.

Бу битимлардан бирига кўра¸ 15 февралдан бошлаб учинчи давлатга Прага орқали учаëтган Ўзбекистон фуқароларидан аэропорт визаси олинмаслиги лозим эди.

Яна бир битим эса Чехия ҳудудида виза муддати тугаган Ўзбекистон фуқароларини осон йўл билан депортация қилишни назарда тутганлиги айтилди. Шу билан бирга¸ икки давлат Мудофаа вазирларининг ўзаро ҳамкорлик ҳақида битимни имзолаши кутилган.

Озодлик билан суҳбатлашган ва исми сир қолинишини истаган чех дипломатининг афсус билан қайд қилишича¸ Каримов сафарининг қолдирилиши ортидан бу каби битимлар имзоланиши ҳам номаълум муддатга кечиккан.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сафари давомида икки ҳукумат ўртасида ўнга яқин келишув имзоланиши дастурга киритилган бўлган. Мазкур ҳужжатларга қўл қўйиши лозим бўлган Чехия вазирларининг учрашувга келмаслиги эса Ўзбекистон томони эътирозига сабаб бўлган.

ТОП-09 да келишув йўқ

Чехия собиқ Ташқи ишлар вазири, "TOP-09" партияси етакчиси Карел Шварценберг Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон билан савдо-сотиқни ривожлантириш истиқболлари икки давлат раҳбари ўртасидаги учрашув пайтида муҳокама қилинишини айтган эди:

- Умид қиламанки¸ Чехия президенти ўзбекистонлик ҳамксби билан мулоқот чоғида оддий одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳам кўтаради.

Билишимча, мулоқот пайти ўзбекистонлик талабаларни Чехияда ўқитиш, ўзаро борди-келди, виза масалалари ҳам кўрилади. Менимча бундан оддий ўзбекистонликлар фойда кўради. Биз Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни истаймиз. Ўзбекистон президентининг Чехияга таклиф этилишидан ҳам муддао¸ асосан шу¸ деган эди Чехия собиқ Ташқи ишлар вазири, "TOP-09" партияси етакчиси Карел Шварценберг Озодлик билан суҳбатда.

Аммо "TOP-09" партиясига аъзо Прага ҳокими Томаш Худачек дохил мулозимларнинг Каримов билан учрашувни гарчи очиқ эътироф этилмаëтган бўлса-да бойкот қилгани Ўзбекистон раҳбари ташрифи қолдирилганига сабаб бўлган жиҳатлардандир.

Чехия президенти маъмурияти пайшанба куни Каримовнинг Прагага икки кунлик ташрифи ўзбек томони истагига биноан номаълум муддатга кечиктирилганини маълум қилди.

Чехия президенти Милош Земан маслаҳатчисининг Озодликка айтишича¸ Чехия Бош вазири Боҳуслав Соботка¸ ҳукуматнинг беш вазири ва Прага шаҳар ҳокимининг айнан Каримов сафари кунлари таътилга чиқиши ва ўзбек расмийлари билан учрашмаслиги сабаб Ўзбекистон томони бу учрашувни кечиктиришга қарор қилган.

Каримов ташрифисиз ҳам имзоланажак келишувлар

Чех ширкатларининг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан аввалдан келишиб қўйган битимлари имзоланмасдан қолиб кетмаслиги учун бу ҳужжатларни энди икки мамлакатнинг паст даражадаги мулозимлари имзолайди.

Чехия ва Ўзбекистон орасида имзоланажак ҳужжатлар орасида икки мамлакат орасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, икки мамлакат орасида ҳаво қатновини мукаммаллаштириш ва ўзбекистонлик талабаларни Чехияда билим олиш имконларини оширишга оид келишувлар бор.

- Тошкент -Прага йўналишида ҳаво қатновимиз бор. Бошқа давлатга учаëтган Ўзбекистон фуқароларидан янги келишувда аэропорт визаси олинмаслиги кўзда тутилган. Шунингдек, Чехия фуқароларнинг ҳам ўзбек визасини олишда енгилликлар борасида келишганмиз. Ўзбекистонлик талабаларни Чехияда билим олиш имконларини ошириш бўйича ҳам ўзаро англашув меморандумини имзоламоқчимиз. Ўйлайманки бу борадаги битмлар яқин фурсатда имзоланади, -дейди Чехия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Янчарек.

Европа Иттифоқига аъзо Чехия президенти таклифи билан Ўзбекистон президентининг Прагага келиш режаси халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва хориждаги ўзбек мухолифати ва фуқаролик жамияти фаолларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди ва Земан маслаҳатчисига кўра¸ бу норозиликлар ҳам Каримов сафари қолдирилишига билвосита таъсир қилган.

Жами 31 та ташкилот, жумладан Чехиядаги икки нуфузли гуруҳ мамлакат президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирган эди.

Жаноб Янчарекга кўра, инсон ҳуқуқлари Чехия ташқи сиёсатида доим устивор бўлган.

- Ўзбекистон билан мулоқотда бу масалани доим кўтариб келганмиз ва бундан буёнги сўзлашувларда ҳам бу масала мухокамалар кун тартибида бўлади, - дейди жаноб Иван Янчарек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG