Линклар

Евромайдон намойишчиларига ўзбеклар ош пиширмоқда


Ўзбеклар ош пишираëтган палатка.

Ўзбеклар ош пишираëтган палатка.

Украинада уч ойдан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишлари Сочида бошланган Қишки Олимпиада ўйинлари якунига қадар Янукович ҳукумати ва “Майдон” УмумУкраина бирлашмаси Кенгаши ўртасидаги келишувга мувофиқ тўхтатилди.

Мухолиф кучларнинг таянч марказига айлантирилган ва айни кунларда ҳам норозилик руҳини йўқотмаëтган майдондаги намойишчилар орасида ўзбек муҳожирлари ҳам бор.


Бармоқ билан санарлик ўзбек муҳожири Майдонга демократия а эркинлик истаëтган украиналиклар билан елкама-елка туриб¸ намойишда қатнашмоқда.

Асли жиззахлик Шавкат Муҳаммад шулардан бири. Унинг Озодлик мухбирига айтишича, мухолифат ҳукумат билан вақтинчалик сулҳ тузганига қарамай¸ майдонда 15 мингга яқин намойишчи қолмоқда.

- Ҳозир тинч. Бу ерда Сочи Олимпиадаси тугашини кутишяпти. Бу ерда кимнинг нима қўлидан келса¸ ўзи ёзилади. Мен биофакда ўқиганман¸ биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишни биламан. “Беркут” билан жанжалга қўшилишга бўлмайди, чунки “мусулмонлар бу ерда тўполон кўтараяпти” дейиши мумкин, шунақа нозик томонлари бор. Биз бу ерда ўзбеклар ошхонасини очдик. Ош қиламиз, бир кунда 1200-1300 одамга. Уч марта ош қилаяпмиз, иккита қозонимиз бор: биттасига 20 кило, иккинчисига 30 кило кетади. Бошқа овқат қилаëтганлар ўзлари “Келинглар, келинглар!”, деб чақириб ўтирса, биз ошни очишимиз билан 10 минут ичида битта қозон йўқ. Ҳозир ошхонада олтита, оборонада иккита ўзбек бор, деди Майдон ҳимоячиларига ош тарқатаётган Шавкат Муҳаммад.

Суҳбатдошга кўра¸ ош масаллиғи харажатларини Қрим бизнесменлари, майдончиларга хайрихоҳ бўлган тадбиркорлар тўламоқда. Қолаверса¸ намойишчиларга Европадан қўллов тарзида юборилаëтган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам жўнатилмоқда¸ деб қўшимча қилади Шавкат Муҳаммад.

Ўзбекистонлик муҳожир ўзининг Майдонга чиқиши ортидаги асосий сабаб коррупцияга ботган ҳукуматга қарши норозилик билдираëтганлар билан бирдамлиги эканини таъкидлайди :

- 19-числода “Беркут” билан “Динамо” стадиони ёнидаги Грушевский кўчасида тўқнашувлар бўлди ( 19 январь - Киевда милиция ва мухолифатчилар ўрасида қонли тўқнашувлар авжига чиққан кун – таҳр.). Ўшанда шу ерга келиб медицина волонтёрлигига ёзилдим. Мен ишимни, ёзма-чизмаларимни шу ерда бажариб, компьютер орқали офисга жўнатаман¸ қолган пайт майдондаман. Кимдир¸ қаердадир катта пул олаётгандир, лекин бу ерда мен ўзбекистонлик сифатида майдонликларни қўллаб қувватлайман. Чунки Украинада коррупция жуда кучли, кучишлатар тизимлар қонунга риоя қилмайди, шу сабабли бундай бошқарувга мен ҳам қаршиман, дейди Киев баррикадаларида Ўзбекистон байроғи ҳам ҳилпираётганини гапирган Шавкат.



Украинада устачилик қилаётган бу йигит баррикадаларда оддий украиналиклар билан бирга мамлакат ғарбий минтақаларидан келган миллатчи гуруҳлар ҳам борлигини инкор этмади. У майдондаги мухолифатчилар молиявий ёрдам олганини кўрмагани, лекин Янукович тарафдорлари 200-400 гривна пулга йиғилган “намойишда” бўлиб қайтганини билдирди.




Кўнгилли йигит Киев Мустақиллик майдонида юрганларнинг аксари оддий шаҳарликлар экани, кўпчилиги кундузи ишга бориб, кечки пайт яна баррикадаларга қайтиб келаётганини айтади.

“Беркут”нинг одамларга қарата ўқ отганига гувоҳ бўлдингизми ёки бу майдончилар иддаосими?” деган саволимизга у милиция ҳужуми пайтида яраланланганларга шахсан тиббий ёрдам кўрсатгани, ҳато ўзи ҳам “беркутчилар” нишонига тушганини гапиради.

“Мен отилган ўқлардан бирини фотосуратга ҳам туширдим”, деб давом этади суҳбатдош:

- Чап томонимдан курткамни пластик ўқ тешиб ўтган. Кейин оёғим остида граната портлади, шунинг изи қолди. "Беркут"лар ҳужум қилганда мен медпунктда ишлаётгандим. Улар гранатага тош, болтларни скоч билан боғлаб, отаяпти. Улар айнан журналистларга қарата отади¸ съёмка қилмасин, деб. Жуда кўп журналист жароҳат олди. Кейин, айнан медицинв хизмати ходимларини нишонга олиб отаяпти, дея баррикадалардаги жанг тафсилотларини тасвирлайди Шавкат Муҳаммад.

Мулоқотимиз якунида суҳбатдош Украина мухолифати аллақачон иккита катта ютуққа – бош вазир Азаровнинг истеъфога чиқиши¸ ҳамда парламент томонидан мухолифатчиларга қарши қабул қилинган қонунларнинг бекор қилинишига эришганини эслатди.

“Евромайдончиларнинг эндиги талаби – қамоққа олинганларни озодликка, президент Виктор Януковични истеъфога чиқариш ва қайта сайловлар ўтказиш. Унгача Майдон тарқамаса керак”, деди Киевнинг Мустақиллик майдонидан ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммад.

2013 йилнинг 21 ноябридан буëн Украинада Европа билан бирлашиш тарафдорларининг жорий ҳукумат сиëсатига қарши намойишлари давом этмоқда.

Сочида бошланган Олимпиада туфайли оммавий ахборот воситалари назаридан четроқда қолган Украина ҳодисаларининг яқин орада давом этиши кутилмоқда. Виктор Янукович ҳукуматининг ЕИ билан интеграция келишувини тўхтатганидан норози бўлган украиналиклар ўтган уч ой давомида жиддий сиёсий куч - “Майдон” УмумУкраина бирлашмасига жамланди.

“Евромайдончилар” деб ном олган мухолифат тарафдорлари ҳукумат вакиллари билан келишувга мувофиқ Сочи Олимпиадаси якунига қадар вақтинчалик сулҳ эълон қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG