Линклар

Сергей Лавров: ЕИ Украинани ўз "таъсир доирасига" тортишга уринмоқда


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Шатйнмайер.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Шатйнмайер.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров яна бир бор Ғарбни Украинадаги сиёсий бўҳронга аралашишдан огоҳлантирди. Жума куни Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Шатйнмайер билан Москвада учрашган Лавров Европа Иттифоқини Украинани ўз “таъсир доираси”га тортишга уринаётганликда айблади. Немис вазири Украина масаласида Россия билан Ғарб ўртасида рақобат вужудга келганини эътироф этиб, бўҳронни сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирди.



Сергей Лавров жума куни Москвага келган Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Шатйнмайер билан учрашувдан сўнг Украина фуқароларига ўз муаммоларини ҳал қилиш имкони берилиши керак, дея таъкидлади.

- Бизнинг позициями ҳаммага маълум. Биз украиналикларнинг ўзлари сиёсий бўҳрондан чиқиш йўлини топишлари керак, деб ҳисоблаймиз. Бу Украина халқининг манфаатларида бўлади. Украинанинг бошқа ҳамкорлари ҳам ана шу принципга амал қилишини кутиб қоламиз, деди Лавров.

Украина Президенти Виктор Янукович ўтган йилнинг ноябрида, кутилмаганда Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзоламаслик қарорини кўпчилик Россия босими остида қабул қилинди, дея хулоса чиқарди. Мазкур қарор украиналик евроинтерграция тарафдорларининг оммавий норозиликларини келтириб чиқарди ва сиёсий бўҳронга олиб келди.

Лавров Европа Иттифоқини Украинанинг Россия билан муносабатларидан воз кечиб, Ассоциацияга кириш битимини имзолаш борасида Киевга босим ўтказиш орқали “таъсир доирасини” яратишга уринаётганликда айблади.

- Мен Франк-Вальтернинг ҳеч қандай таъсир доираси бўлмаслиги керак, деган фикрига тўлиқ қўшиламан. Лекин Украинани бир томонга тортиб, унга ё буни, ё уни танла, яъни ё Европа Иттифоқи билан, ё Россия билан бўлишни танла дейиш орқали, аслида таъсир доирасини яратишга ҳаракатлар бўляпти. Бу аниқ-равшан кўриниб турибди ва ҳеч қандай чиройлик сўзлар билан буни ўзгартириб бўлмайди, деди Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири ЕИ расмийларининг Януковичнинг россияпараст ҳукумати билан ғарбпараст мухолифат етакчилари Арсений Яценюк ва Виталий Кличко ўртасидаги музокараларда воситачилик уринишларини танқид остига олди.

- Киевга ҳеч қандай таклифсиз ҳар куни эмиссарларни юбориб, Украинани Европа Иттифоқининг ўзи ҳамда Қўшма Штатлар зўр бериб ўтказаётган эркин танловни танлашга кўндиришга уриниш билан бир пайтнинг ўзида эркин танлов ҳақида гапириш, менимча одобдан эмас, дея таъкидлади Лавров.

Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Штефан Фюле шу ҳафта бошроғида яна Украинага сафар қилиб, пайшанба куни қарамақарши томонларни конституциявий ислоҳотлар бўйича муроса қилишга чақирди. Таклиф қилинаётган конституциявий ўзгартишлар президент ваколатларини қисқартириб, парламент ҳокимиятини кучайтиришга қаратилган.

У шунингдек Украина ҳукуматини норозиларга қарши куч қўллашдан огоҳлантирди.

Жума куни Москвага сафар қилган Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер, ўз навбатида, Украина масаласида Россия билан Ғарб ўртасида рақобат вужудга келганини эътироф этди.

Лекин, деди у, Украинани “геосиёсий шахмат ўйини”даги бир унсур сифатида кўриш, ЕИ-Россия муносабатлари учун контрпродуктив бўлади. Шатйнмайер бўҳронни сиёсий йўл билан ҳал этишга чақирди.

Бир кун аввал Лавров “Коммерсант” газетасида мақола эълон қилиб, Россия билан ЕИ ўртасидаги муносабатлар Украина масаласида “ҳақиқат онлари даражасига етди”, дея таъкидлади.

Айни пайтда Германияда чиқадиган “Bild” газетасининг хабар қилишича, Германия Канцлери Ангела Меркель келаси ҳафта сешанба куни Берлинда Виталий Кличко ва Арсений Яценюклар билан учрашишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG