Линклар

Ўзбекистон Интернет маконида Twitter га ўхшаш ижтимоий тармоқ пайдо бўлди. Кузатувчилар Ўзбекистонда ҳукумат янги ижтимоий тармоқни йўлга қўйиш орқали Интернет маконини тўлалигича ўз назорати остига олишга уринаётганини таҳмин қилишмоқда.

Bamboo.uz ижтимоий тармоғида ўзбекистонлик фойдаланувчилар Twitter тармоғидаги каби ўз кечинмалари ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишлари мумкин.

Bamboo.uz шаклан Twitterдан деярли фарқ қилмайди. Лекин, Bamboo.uz тармоғида ёзишма узунлиги 700 белгигача бўлиши мумкин. Бу Twitter тармоғидагига қараганда беш марта кўпдир.

Яна бир фарқ, Twitter тармоғи глобал тармоқдаги барча фойдаланувчилар учун бўлса, Ўзбекистоннинг Bamboo.uz тармоғи фақат Ўзбекистонда яшовчилар учун ташкил этилди.

Тармоқ шиори ҳам “Бир мамлакат бир тармоқ”. Bamboo.uz тармоғига мамлакат ташқарисидан кириш имконсиз.

Twitter ижтимоий тармоғи ўтган йил Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг мунозарали чиқишлари ортидан оммалашди.

Каримова хоним Twitter тармоғидаги микрблоги орқали ўз оила аъзоларидан тортиб мамлакат махфий ҳизмати раҳбари номига айбловлар ёғдиришда давом этмоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистонда махсус ҳизматлар янги ижтимоий тармоқни йўлга қўйиш орқали Интернет маконини тўлалигича ўз назорати остига олишга уринаётганини таҳмин қилишади.

Лекин, буни уддасидан чиқиш осон эмас, дейди Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиев. "Ўзбекистонда аввал ҳам Facebook ижтимоий тармоғининг клонини яратишга уринишлар бўлган, лекин бу уринишлар чипакка чиққан эди. UzFacebook деб аталган тармоқда рўйҳатдан ўтишни истовчилар сони кўп бўлмади, - дейди Умаралиев.

Ўзбекистондаги ўнлаб эстрада юлдузлари ҳам ўз мухлислари билан Twitter орқали мулоқотни йўлга қўйган. Бугунги кунда Twitter тармоғида уч мингдан зиёд ўзбекистонлик муқим ўрнашган.

Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг кўпчилиги "Однокласники", "Facebook" каби ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланиб келади.

- Кўпчилик дўстларим "Однокласники"да, шунинг учун шу тармоқдан фойдаланаман. Россиядаги танишларим билан ҳам шу тармоқда мулоқот қилиб тураман. Twitter да ҳам саҳифа очганман. Менимча Ўзбекистонни ўзи учун Twitter га ўҳшаш алоҳида тармоқ очишдан маъно йўқ, - дейди ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчи Жаҳонгир.

Ўзбекистоннинг расмий маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатда ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланади.

Айни пайтда Ўзбекистонда беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига тўсиқ қўйилган.

Ўзбекистон эса "Интернет душманлари" рўйхатига киритилган мамлакат ҳисобланади.

Ушбу ҳафта Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон икки поғона пастга шўнғиди.

180 мамлакатдаги вазиятга баҳо берилган рейтингда Ўзбекистон 166-ўринни эгаллади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG