Линклар

15 февраль куни 175 нафар ўзбекистонлик зиёратчидан иборат дастлабки гуруҳ Умрага кузатиб қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълум қилади.

Маълумотларга кўра, баҳорги Умра зиёратига жўнаб кетиш 15 февралдан 26 апрелгача давом этиши кўзда тутилган. Бу вақт оралиғида ўзбекистонлик мусулмонлардан 5904 нафари Умра ибодатини адо этиб қайтиши кутилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, ҳар бир гуруҳ учун Умра зиёрати муддати 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар бундан 4 кунни Мадинаи Мунавварада, 6 кунни эса Маккаи Мукаррамада ўтказиши режаланган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинада “Масжидул-Набавий”га қўшни бўлган “Ажниҳат ат-Тоййиба” меҳмонхонасида, Маккада эса Каъбатуллоҳдан 1 километр наридаги “Нама ал-Мавадда” меҳмонхонасида истиқомат қилишлари айтилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бу икки шаҳардаги ибодати, овқатланиши, уларга тиббий хизмат кўрсатиш, кузатиш ва кутиб олиш бўйича барча шароитлар яратилган, сафар чоғида уларга 8 нафар ишчи гуруҳ, 29 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Кеча Умрага отланган 175 нафар зиёратчининг Ўзбекистонга 24 февраль куни қайтиши кутилмоқда. Қолган гуруҳларнинг сафардан қайтиши эса 5 майгача давом этади.
XS
SM
MD
LG