Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:11

Ўзбек расмийлари “Ўзмобайл”ни миллий алоқа операторига айлантирмоқчи


Расмийлар режасига кўра, "Ўзмобайл" 2018 йилгача Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоқларигача кириб бориши керак.
Расмийлар режасига кўра, "Ўзмобайл" 2018 йилгача Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоқларигача кириб бориши керак.

“Ўзбектелеком” ҳиссадорлик ширкатининг “Ўзмобайл” филиали базасида миллий мобил алоқа оператори ташкил этилади. Лойиҳа Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 12 февраль куни имзоланган “Мобил алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида амалга оширилиши режаланган.


Президент қарорида қайд этилишича, миллий мобиль оператори маҳаллий ширкатларнинг уяли алоқа бозорида кенг кўламда иштирок этиши ва кўчма уяли алоқа тармоқларини янада ривожлантирилиши, шунингдек, ахборот хавфсизлиги таъминланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Расмийлар режасига кўра, жорий йил мобайнида 1020 та таянч станцияси, 500 комплект радиореле жиҳози, 2 миллион рақамга мўлжалланган коммутацион станция ва биллинг тизимини ўрнатиш орқали Тошкент шаҳрини мобил алоқа тармоғи билан қоплаш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2015 йилда “Ўзмобайл” тармоғи билан барча вилоят марказлари, 2017 йили эса қолган аҳоли пунктларини қоплаш режаланган.

Қарорга мувофиқ, миллий оператор тармоғини ташкил этиш бўйича лойиҳа “Ўзбектелеком” маблағлари, хорижий ҳамда миллий банкларнинг кредитлари эвазига молияланиши лозим.

Айни пайтда президент қарорида лойиҳа якунига етажак 2018 йил 1 январигача “Ўзбектелеком” ҳиссадорлик ширкати мамлакатга олиб кирилажак технологик ускуналар бўйича бож тўловларидан озод этилиши (божхона йиғимлари бундан мустасно) қайд этилган.

Бундан ташқари, “Ўзмобайл” миллий мобил алоқа оператори уяли алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун давлат божи тўлаш ва радиочастота спектридан фойдаланиш тўловини тўлашдан ҳам беш йилга озод этилиши айтилмоқда.

Якшанба бўлгани боис “Ўзмобайл”дан бу борада қўшимча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 19 миллион киши уяли алоқадан фойдаланади. Бу мижозларга Beeline ва Ucell GSM-операторлари ҳамда Uzmobile ва Perfectum Mobile CDMA-операторлари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистонда аввал 10 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатиб келган “МТС-Ўзбекистон” уяли алоқа операторининг лицензияси 2012 йил июлида олиб қўйилганди. Мазкур ширкатнинг 1,5 йилдан буён Ўзбекистон уяли алоқа бозорига қайтиш уринишлари ҳеч қанақа самара бермади.

“МТС-Ўзбекистон” мамлакат бозордан чиқиб кетганидан кейин Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бошқа уяли алоқа операторлари ўз мижозлари сонини бир неча баробар кўпайтириб олишга муваффақ бўлдилар, бироқ мижозлар сони кўпайиши баробарида бу компаниялар фаолиятида техник жиҳатдан зўриқиш ҳолатлари кузатилди, мижозлар хизмат сифати юзасидан бот-бот нолийдиган бўлдилар.

Афтидан, ўзбек расмийлари эндиликда бу муаммони “Ўзбектелеком” давлат акциядорлик компанияси қошидаги “Ўзмобайл” воситасида ҳал қилишга бел боғлаганлар. Лекин CDMA тизимида ишлайдиган “Ўзмобайл” бу вазифани нақадар муваффақият билан уддалай олиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистонда аксар уяли алоқа мижозлари GSM стандартида ишлайдиган телефонлардан фойдаланиши маълум. Балки шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзмобайл” ҳам CDMA тизимига параллел равишда GSM стандарти асосидаги хизматни йўлга қўяр ёки бутунлай GSM тизимига ўтар? Ҳар ҳолда, бу ҳақда 12 февраль куни Ислом Каримов томонидан имзоланган қарорда ҳеч нарса дейилмаган.
XS
SM
MD
LG