Линклар

logo-print

Афғонистонда президентликка номзодлар дебатининг иккинчи куни ниҳоясига етди


Якшанба куни Афғонистонда президентликка номзодлар иккинчи кун теледебат ўтказди.


16 февраль куни ўтказилган телемунозарада собиқ молия вазири Ашраф Ғани, президентнинг собиқ катта маслаҳатчиси Ҳидоят Амин Арсала ҳамда собиқ президент Довуд Хон укасининг набираси шаҳзода Муҳаммад Нодир Наим иштирок этди.

Номзодлар аёллар ҳуқуқлари, мамлакатдаги ёшлар эҳтиёжлари, Қўшма Штатлар билан икки томонлама хавфсизлик шартномаси ҳамда Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларини олиб бориш каби масалалар ҳақида сўзладилар.

Аёллар ҳуқуқи хусусида тўхталган Муҳаммад Нодир Наим афғон аёллари учун амалга оширилаётган ишларнинг етарли эмаслигига эътибор қаратди.

- Аёллар ҳақ-ҳуқуқлари жиддий ва муҳим масала бўлиб ҳисобланади. Маълумингизки, бугунги кунда аёллар жамиятимизнинг 50 фоизини ташкил қилади. Биз бу борада айрим муваффақиятларга эришдик, бироқ бу етарли эмас. Биз ўз ҳукуматимизда аёллар учун 30 фоизлик иштирокни кафолатлаб, уларга янада кўпроқ имкониятларни тақдим этишни истаймиз, - деди Наим.

Бу чақириққа бошқа бир номзод - Ҳидоят Амин Арсала ҳам қўшилди.

- Биз инсон ҳақларини ҳурматлашимиз лозим ва ҳар қандай шароитда ҳам ҳеч қанақа ҳуқуқбузарликка йўл бермаслигимиз шарт. Аёллар ҳуқуқи ҳимояланган бўлиши лозим, - деди Арсала.

Хавфсизлик шартномаси

Якшанба кунги теледебатда иштирок этган номзодларнинг уччаласи ҳам Қўшма Штатлар билан икки томонлама хавфсизлик шартномаси имзоланишини қўллаб чиқдилар. Ашраф Ғани мазкур шартнома Афғонистон миллий суверенитетини таъминлашини қайд этди.

- Бу шартнома Афғонистон миллий суверенитети манбаси бўлиб ҳисобланади. Афғонистондаги халқаро кучлар чиқиб кетиши билан афғон давлати илк бор куч қўллаш ҳуқуқини имкониятини қўлга киритмоқда. Шунинг учун ҳам [бу шартнома] ҳар жабҳада миллий суверенитетимизни таъминлайди, - деди Ашраф Ғани.

Муҳаммад Нодир Наим АҚШ билан шартнома имзоланишини Афғонистон халқи учун муҳим воқеа, деб атаган бўлса, Ҳидоят Амин Арсала мазкур шартнома имзоланиши афғон халқи фақат манфаат келтиришини қайд этди.

Президентликка номзодлар ўртасидаги бу телемунозараларга Афғонистоннинг давлатга қарашли RTA телерадиокомпанияси ҳамда Озод Европа/Озодлик радиоси ҳомийлик қилмоқда.

Афғонистонда 5 апрель куни ўтказилиши кутилаётган сайловда президентлик лавозими учун жами 11 номзод кураш олиб боради. Мамлакатнинг амалдаги президенти Ҳамид Карзай бу сайловда иштирок этмайди.

16 февраль кунги теледебатда Ҳамид Карзайнинг укаси Қаюм Карзай ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири Залмай Расул ҳам қатнашиши керак эди, бироқ улар кейинроқ баҳсда иштирок этиш қароридан воз кечганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG