Линклар

logo-print

Қирғизистон Давлат чегара хизмати ўзбек томонини икки давлат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган телефон сўзлашувини нотўғри талқин қилганликда айблади.

Ўзбекистон ҳудудида контрабанда сифатида икки қирғизистонликдан олиб қўйилган автомашина ва товар юзасидан Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари вакиллари ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтганини эътироф этар экан, Қирғизистон Давлат чегара хизмати сўзлашувда тилга олинган масалани “Ўзбекистон Чегара хизмати нотўғри талқин қилди”, деб баёнот тарқатди.


Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизматининг 15 февраль, шанба куни тарқатилган баёнотида “Ўзбек томонининг қирғиз чегарачилари жиноятчилар манфаатларига хизмат қилмоқда, деган мазмундаги баёноти воқеликка зиддир.

Ўзбек томонининг бундай баёноти фуқароларнинг давлат чегарасида контрабанда билан шуғулланишига қарши қирғиз ва ўзбек чегарачиларининг ўзаро самарали ҳамкорлик қилишига хизмат қилмайди,” дейилган.

Баёнотда айтилишича, “Ўзбек томони Қирғизистон Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича ҳамда Ўзбекистон Чегара хизматининг Шарқий йўналиш бўйича вакиллари ўртасида бўлиб ўтган телефон сўзлашуви нотўғри талқин қилган”.

Сўзлашув талқинининг нотўғрилиги нимада?

Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан, Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева бундай деди:

- Телефон орқали сўзлашув чоғида бизнинг вакил ўзбекистонлик ҳамкасбидан Қирғизистон фуқароси нима учун қўлга олинганини сўраган, холос. Менимча, қирғиз томонининг чегара хизмати вакили бундай савол билан мурожаат қилишга ҳақли. Фуқаромизни ва унинг товарини қайтариб бериш юзасидан илтимос бўлмаган, деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби.

Podrobno.uz нашрининг Ўзбекистон Давлат чегара хизмати матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, 9 февраль куни Сўхда ўзбек чегарачилари Ўзбекистондан Қирғизистонга чиқиб кетаётган, ғайриқонуний юк ортилган “КамАЗ” автомашинасини тўхтатиб қолган. Машинага умумий нархи 15,7 млн сўмлик 200 килограмм ўрик қоқи, 500 кило жийда, 12 900 кило маккажўхори юклангани, юк Боткен вилояти, Бўзадир қишлоғида яшовчи 1977 йилда туғилган А. Имомназаров ва 1989 йилда туғилган А. Шаматовларга тегишли эканлиги аниқланган ва юк ҳамда унинг эгалари қўлга олинган.

Айтилишича, қўлга олинган шахслар, автомашина ва юк қонун доирасида чора кўриш учун Сўх туман ички ишлар бўлимига топширилган. Тегишли тадбирлар ўтказилганидан сўнг қирғизистонликлар қўйиб юборилган.

Орадан 3 кун ўтгач, 12 февраль куни қирғиз томонининг ташаббуси билан Қирғизистон Чегара хизматининг Боткен вилояти бўйича ҳамда Ўзбекистон Чегара хизматининг Шарқий йўналиш бўйича вакиллари ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтган. Сўзлашув чоғида қирғиз томони Қирғизистон фуқароси ёрдам сўраб мурожаат қилганини, Ўзбекистон чегарачилари гўёки ғайриқонуний қўлга олган “КамАЗ” машинасини қайтариб олишга ёрдам беришларини сўраганини айтган.

Ўзбек томонининг баёнотига кўра, қирғиз томони юкнинг транзит юк бўлганини, керакли барча ҳужжатлари мавжуд бўлганини иддао қилган.

Ўзбекистон Чегара хизмати баёнотида айтилишича, Қирғизистон фуқароси юкни Ўзбекистондан Қирғизистоннинг Таян қишлоғига олиб ўтмоқчи бўлган ва у Қирғизистон Чегара хизматига мурожаат қилар экан, нотўғри маълумот берган.
Қирғизистон Чегара хизматининг раддиясига, афтидан, Ўзбекистон Чегара хизмати баёнотининг мана бу қисми сабаб бўлган:

“Шуни таъкидлаш лозимки, қирғиз томони ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда фаолиятининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик қилиш ўрнига ушлаб қолинган ғайри қонуний юкларни қайтариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда жиноий гуруҳлар вакиллари етовида юрмоқда”.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди билан ўралган, 60 минг киши яшайдиган Сўх эксклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси ўтган йилнинг 5 – 7 январь кунлари қирғиз чегарачилари томонидан уларнинг назарида ноқонуний равишда ўрнатилаётган симёғочлар олиб ташланишини талаб қилиб чиққан эди. Натижада мунозара ҳар икки тарафдан одамлар гаровга олинган ва асосан қирғизистонликлар зиён тортган катта жанжалга айланиб кетганди.

Ўша воқеадан сўнг Сўхга олиб ўтувчи йўлдаги энг яқин, ҳамда Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудуди билан ўралган, 1000 нафарга яқин киши яшовчи Барак эксклавига олиб ўтувчи йўлдаги энг яқин назорат ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилган.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаеванинг Озодликка 17 февраль куни билдиришича, ҳар иккала чегарада ҳам вазият ўзгарган эмас.

Сўхликларни Ўзбекистон билан боғлайдиган энг яқин йўл Сўх – Риштон йўлидир. Риштондан Сўхга бориш учун аввал Фарғонага келиш керак. Фарғонадан Водилга борилади, Водилдан Қирғизистоннинг Хайдарконига ўтилади ва ундан сўнггина Сўхга етиш мумкин. Қўшимча 100 километр атрофида масофани босиб ўтиш керак.

Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолиси ҳам бир йилдан бери қисқа йўл қолиб, узун йўлдан қатнаб келмоқда.

Сўхликларнинг ҳам, баракликларнинг ҳам муаммосидан Тошкент ҳам, Бишкек ҳам хабардор. Лекин мана бир йилдан ортдики, масала ечимсиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG