Линклар

Чехия радиосининг якшанба кунги “Лан билан суҳбат” ток-шоусида иштирок этган Чехия Президенти Милош Земан жонли ëйинда тингловчилар саволларига жавоб бераëтиб, Ўзбекистон президентининг қолдирилган ташрифига ойдинлик киритди.



Милош Земан ташрифи қолдирилган Ўзбекистон президентининг йил мобайнида бошқа бир муддатда Прагага келиши мумкинлигини айтмоқда.

Қолдирилган ташриф арафасида жами 31 та ташкилот, жумладан Чехиядаги икки нуфузли гуруҳ мамлакат президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирган эди.

Якшанба кунги радиосуҳбатда Земан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилгани андишасида 20 февралга белгиланган ташрифнинг кечиктирилганини маъқулламаслигини ҳам билдирди.

Земанга кўра¸ Каримовнинг Чехияга келиши икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатларини мустаҳкамлайди.

-Каримов ташрифи мобайнида 15 миллиард крон (750 миллион доллар) ҳажмидаги еттита келишув имзоланиши керак эди, деб таъкидлади якшанба кунги радиосуҳбатда Чехия Президенти Милош Земан.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 20-22 февраль кунларига белгиланган Чехия Республикасига давлат ташрифи қолдирилган эди.

Президент Земан маслаҳатчисининг Озодликка айтишича¸ Чехия Бош вазири Богуслав Соботка¸ ҳукуматнинг беш вазири ва Прага шаҳар ҳокими Томаш Худачекнинг айнан Каримов сафари кунлари таътилга чиқиш ва бошқа учрашувларга оид режалари важидан ўзбек расмийлари билан учраша олмаслик қарори¸ Ўзбекистон томонининг бу учрашувни кечиктиришига сабаб бўлгани айтилади.

Чехия президенти Земан Чехия радиосининг якшанба кунги “Лан билан суҳбат” (Лан президент истиқомат қиладиган мавзе) ток-шоусида гапириб¸ Ислом Каримов ташрифига янги муддат белгилаш истагини очиқлади.

-Албатта, мен бу ташриф янги бир муддатда амалга ошишини истайман. Яна қайтараман, мен инсон ҳуқуқларини сабаб қилиб ташриф қолдирилишига рози эмасман¸ деб таъкидлаган Земан инсон ҳуқуқлари масаласига ойдинлик киритишни лозим топди.

Земан яқинда Киевга борганида Украина Президенти Виктор Янукович билан бир ярим соат мобайнида қамоқдаги собиқ бош вазир Юлия Тимошенко тақдирини муҳокама қилганидан кейин иқтисодий масалаларга ўтганини радиосуҳбат давомида писанда қилган холда¸ айни тарзда Ўзбекистон президенти билан ҳам суҳбатлашиши мумкинлигини айтди:

-Агар менда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига эътироз туғилса, мен бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг ўзига шахсан айтиш учун бу ташриф яратган имкониятдан фойдаланаман. Каримов ташрифи қолдирилибди деб хурсанд бўлиб чапак чалаëтганларнинг ўзлари турган беда уюмига ўт қўйиб завқланган болакайларга ўхшатаман¸ деди Земан.

Дўппи ва чопондан умидворлар

Президент Земан Чехия радиосидаги чиқишида Ўзбекистон президенти билан учрашишга вақт топа олмаган чех сиëсатчилари шаънига ҳам аччиқ-тизиқ гапларни айтиб ўтди.

Исм тутмасдан гапирган Земан бир нечта сиëсатчига ташриф мобайнида ўзбек дўпписи ва зарчопон ҳадя ўлароқ кийгизилиши режалангани ва бу ҳадяга рози бўлган вазирлар ўз размерларини Тошкентга жўнатганини таъкидлади.

Земан ҳадя олишга рози бўлган вазирларнинг нега охирги дақиқада Каримов билан учрашиш фикридан нега қайтганини тушунмаслигини таъкидлади:

-Исмини айтишни истамаганим сиëсатчилардан бириси ҳаммадан олдин ташрифда иштирок этишини изхор қилган эди. Ҳатто у Ўзбекистон президентидан ҳадя сифатида олиши режаланган дўппи ва зарчопон учун боши ва эгнининг размерини ҳам жўнатди¸ деб заҳарҳанда қилди Земан радиосуҳбат давомида.

Чехия радиосининг “Лан билан суҳбат” ток-шоусига Чехиянинг биринчи президенти Васлав Ҳавел даврида асос солинган эди. Милош Земан ўтган йили ëзда бу анъанани қайта тиклаб, тингловчилар билан ҳар якшанба жонли мулоқотга кирадиган бўлди.

Имзосиз қолган келишувлар

Ўзбекистон президентининг Чехияга давлат ташрифи давомида ўнга яқин битим имзоланиши кутилаётган эди.

Каримовнинг Прагага давлат ташрифини таëрлашда қатнашган чех дипломатининг Озодликка маълум қилишича¸ бу ташриф доирасида икки давлат фуқароларининг виза масалаларини енгиллаштирувчи битимларнинг имзоланиши кутилган.

Чехия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари Иван Янчарек Озодлик билан суҳбатда Каримов Прагада имзолаши кутилган келишувлар энди вазирлар ёки элчилар даражасида имзоланишини айтди.

-Булар асли вазирлари ёки уларни ўринбосарлари ёки бўлмаса элчилар даражасида имзоланиши мумкин келишувлар эди. Ўйлайманки, яқин кунларда бу битимларни имзоланишига эришамиз,- деди Янчарек.

Бу битимлардан бири Чех тарафидан жорий қилиниб¸ 15 февралдан бошлаб учинчи давлатга Прага орқали учаëтган Ўзбекистон фуқароларидан аэропорт визаси олинмайдиган бўлди.

Яна бир битим эса Чехия ҳудудида виза муддати тугаган Ўзбекистон фуқароларини осон йўл билан депортация қилишни назарда тутганлиги айтилди. Шу билан бирга¸ икки давлат мудофаа вазирларининг ўзаро ҳамкорлик ҳақида битимни имзолаши кутилган.

Озодлик билан суҳбатлашган ва исми сир қолинишини истаган чех дипломатининг афсус билан қайд қилишича¸ Каримов сафарининг қолдирилиши ортидан баъзи битимларнинг имзоланиши ҳам номаълум муддатга кечиккан.

Президент Каримов сафари давомида икки ҳукумат ўртасида ўнга яқин келишув имзоланиши дастурга киритилган бўлган. Мазкур ҳужжатларга қўл қўйиши лозим бўлган Чехия вазирларининг учрашувга келмаслиги эса Ўзбекистон томони эътирозига сабаб бўлган.

Озодликка чех дипломатларидан маълум бўлишича¸ Ислом Каримовниинг Прагага келмаслиги масаласи пайшанба куни эрталаб бир соат ичида аниқ бўлган.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчиси Прагага чақиртирилиб, вазият тушунтирилган. Чехия президенти Земан девонида бўлиб ўтган бу суҳбатда Чехиянинг Тошкентдаги элчиси ҳам қатнашган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Прагага давлат ташрифини тайëрлашда қатнашган чех дипломатининг Озодлика маълум қилишича¸ Ўзбекистон раҳбарининг Чехияга келишига ўнлаб омил бирданига қарши бўлган.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон раҳбарининг Прагага сафар қилишига бошданоқ “кўз теккан”:

-Аввалига, 2013 йилнинг 15 декабрида бошланиши кутилган бу сафар¸ Чехия президентининг оëғи лат егани муносабати билан кечиктирилган эди. Кейин ҳукумат алмашди. Олдин келишилган вазирлар бошқалари билан алмашди. Янги вазирларнинг “иши кўпайиб”, Каримов билан учрашувга вақт топишмади. Буларнинг ëнида¸ Ҳюман Райтс Уотч дохил 30 ташкилот босими. Хуллас¸ ҳаммаси йиғилиб ташриф тақдирини фалаж қилди¸- дейди дипломатик қоидаларни бузмаслик учун ўз исми очиқланишини истамаган Чехия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

"TOP-09" партияси мансуби бўлган Прага ҳокими Томаш Худачек дохил мулозимларнинг усти ўртилган бойкоти Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи кечиктирилганига сабаблардан бири сифатида кўрилди.

Ташриф бошқа кунга қолганини Озодлик билан суҳбатда изоҳлаган Чехия президенти маслаҳатчиси Ҳинек Кмоничек учрашувнинг яна қачон ўтказилиши ҳақида маълумот бера олмади.

Чехия президенти маслаҳатчисига кўра¸ ташрифнинг янги муддати дипломатик каналлар орқали муҳокама қилиш тўғрисида келишиб олинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG