Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Москвада қиличбоз ўзбекистонликлар қўлга олинди


Москва вилоятининг Митишчи шаҳридаги хусусий уйлардан бирини талон-тарож қилганликда айбланаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Полиция 42 ва 26 ёшли самарқандликлар жабрланган уй эгаларига самурайлар қиличи – катаналар билан таҳдид қилгани айтилмоқда.



Россия ИИВнинг Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси вакиласи Марина Лазарева талон-тарожда айбланаётган ўзбек муҳожирлари кечаси дераза дарчасидан кириб борганини Озодликка айтиб берди.

- Ҳодиса ўтган ҳафта охирларида Митишчида содир бўлди. Оператив ходимлар аниқ вақтини айтмади. Билганим, кечаси қуролланган икки шахс хусусий ҳовлидаги уйга деразадан кирган ва ухлаб ётган жабрланувчи уй эгаси қўлларини скоч билан боғлаб, уни дўппослашган. Уй эгаси ўз сейфини очиб берган, жиноятчилар эса у ердаги пул, қиматбаҳо тақинчоқлар, хонадаги телевизорни олиб, ҳовлида турган машинага юклаб, қочган, дейди жами ўмарган буюмларнинг умумий нархи 2,5 миллион рублдан ошганини таъкидлаган полиция ходими Марина Лазарева.

Бироздан кейин тугунлардан қутула олган жабрланувчи полицияга қўнғироқ қилган ва жиноятчилар ташқи қиёфасини тасвирлаб берган. Етиб келган полиция ходимларига уй эгаси жиноятчилар пистолет ва ҳақиқий қиличлар билан қуролланганини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор қидирув амалиёти натижасида жиноятда айбланаётган 42 ва 26 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқароси қўлга олинди.

Москва вилояти бўйича полиция бошқармаси ўзбекларни тергов қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:19 0:00


Москва вилояти бўйича полиция бошқармасининг Озодликка тақдим этган видеолавҳасидан Митишчидаги босқинчиликда гумонланиб, 1971 йилда туғилган самарқандлик Зиёев Абдуфарҳод ва унинг ҳамшаҳри 1988 йилда туғилган Раҳматуллаев Тўлаган ҳибс этилганини кўриш мумкин. Терговчилар саволларига Зиёев Абдуфарҳод талон-тарож моддаси асосида аллақачон судланиб чиққанини билдирди.

- Мен Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳриданман. Илгари Россияда 162-модда 3-қисми асосида 8 йилга судланганман. 2012 йил 9 июнда озодликка чиққанман. Россияга келганимга 8 ой бўлди. Ўзбекистондан фураларда мева-чева олиб келиб сотаман бозорда,- дейди савдогарликдан ташқари ноқонуний йўллар билан пул топишда айбланаётган ўзбекистонлик Абдуфарҳод Зиёев.

Қўлга олинган Раҳматуллаев Тўлаган Москвага 3 ой олдин келгани, шаҳар бозорларидан бирида турли ишларни бажариб юргани, Самарқандда эса рафиқаси қолганини айтади.

Москва вилоят полиция бошқармасида Озодликка Красногорскда қўлга олинган муҳожирлардан буклама пичоқ, травматик пистолет учун ўқлар ва икки дона самурайлар қиличи - катана мусодара қилинганини билдиришди.

Полиция бошқармасида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162-моддаси – талон-тарож асосида жиноий иш қўзғатилгани, Зиёев ва Раҳматуллаев суд қарори билан ҳибсга олинганини билдиришди. Терговчилар бу шахсларнинг бошқа бу каби жиноятларга алоқадорлигини текширмоқда.

Москва вилоят Ички ишлар бошқармасида таъкидлашларича, айби судда исботланса, қиличбоз ўзбек муҳожирлари 10 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG