Линклар

Бакиевлар яна бир қотилликда айбланмоқда


Британия фуқаросига нисбатан қотилликни уюштирганликда айбланаётган Максим Бакиев айни пайтда Лондонда экани айтилади.

Британия фуқаросига нисбатан қотилликни уюштирганликда айбланаётган Максим Бакиев айни пайтда Лондонда экани айтилади.

Британия ширкати вакилини ўлдиришга ҳаракат қилиш юзасидан Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Бакиев, унинг ўғиллари Максим ва Марат ҳамда укаси Жанишга нисбатан билдирилган айблов бўйича суд жараёни Бишкекда 27 февраль куни бошланиши режалаштирилмоқда.

Британиянинг “Оксус голд” ширкати вакили Шон Дейлига 2006 йилнинг 7 июлида суиқасд қилинган эди. Тўппончадан отилган ўқдан у оғир жароҳат олган, лекин шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолган.

-Ўша пайтда Максим Бакиев отаси билан келишган ҳолда Шон Дейлига нисбатан суиқасд уюштирган. Омади бор экан, Шон тирик қолган, -деб маълумот берди Қирғизистон Олий судининг матбуот котиби Айнура Токтошева тергов материалларига таянган ҳолда.

Расмийнинг берган малумотларига қараганда, 2005 йилда “Оксус голд” ширкати Таласдаги “Жеруй” олтин конини ишлатиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олишга муваффақ бўлган. Бироқ президентнинг ўғли Максим Бакиев отаси билан келишган ҳолда бу ҳуқуқни бошқа бир ширкатга бермоқчи бўлган. Тергов материалларида Максим Бакиев ўз мақсадига эришиш учун Шон Дейлини ўлдиришга кўрсатма берган.

“Бу қотилликни амалга оширишга ўша пайтда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Жаниш Бакиев ва Марат Бакиев кўмаклашган”, дейилади Олий суд тарқатган баёнотда.

2006 йилда Қирғизистон бош вазири лавозимида ишлаган Феликс Кулов президент Бакиев ҳақиқатан ҳам “Оксус голд” ширкати лицензиясини бекор қилишга урингани ҳақида гапириб берди:

-Икки таклиф берилган эди. Биринчиси, “Жеруй” конини ишлатиш лицензиясини “Оксус” ширкатида сақлаб қолиш, иккинчиси янги сармоядор излаш. Янги сармоядор “Оксус” ширкатининг суддаги барча эътирозларини қондириши лозимлиги шарт қилиб қўйилган. Шунда “Оксус” ширкати билан ҳамкорлик қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган, -деди Феликс Кулов.

2006 йилда Қирғизистон ички ишлар вазири бўлган Ўмурбек Суваналиев Британия ширкати вакилига нисбатан суиқасдни Бакиевлар уюштиргани ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтди. Унга кўра, мазкур қотилликка уриниш юзасидан тергов жараёни ҳам жуда ночор ўтказилган.

-Ўқ отилган тўппонча топилиб, ёлланма қотил қўлга олинсагина жиноят иши очилди, деб ҳисобланади. Олий суд баёнотида эса “номаълум тўппонча билан номаълум одамлар ўқ узган”, деб ёзишибди. Бу ҳолатда кимни ва қандай суд қилишларига ақлим етмаяпти. Мен бу жиноят ишини собиқ президент ва унинг яқинларидан ўч олиш амалиёти деб баҳолайман, -деди Ўмурбек Суваналиев.

2006-2007 йилда қирғиз матбуоти Максим Бакиев “Оксус голд” ширкати лицензиясини бекор қилиб, уни Борис Березовскийга мансублиги айтиладиган “Глобал голд” ширкатига берганини ёзган эди. Шон Дейли эса Борис Березовский Бишкекка яширинча келгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган пайтда отилган.

“Глобал голд” ширкати “Оксус голд”дан тортиб олинган лицензияни Қозоғистон компаниясига 120 миллион долларга сотгани маълум қилинган. Бироқ 2010 йил апрель инқилобидан сўнг бу шартнома бекор қилиниб, “Жеруй” олтин кони ҳукумат тасарруфига олинган эди.

Айни пайтда Минскда яшаётган собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг укаси Жаниш Бакиев бундан олдин президент маъмурияти раҳбари Медет Садирқуловни ўлдирганликда айбланиб сиртдан судланган. Қирғизистон суди ҳукми билан Қурмонбек Бакиев 24 йилга, Жаниш Бакиев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
XS
SM
MD
LG