Линклар

logo-print

Тошкентда Гулнора Каримованинг уйи тинтилди


Ўзбекистон президенти тўнғич қизи хонадонидан кеча тутиб кетилган Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг (чапда) хос ёрдамчисидир.

Ўзбекистон президенти тўнғич қизи хонадонидан кеча тутиб кетилган Гаянэ Авакян (ўнгда) Гулнора Каримованинг (чапда) хос ёрдамчисидир.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Тошкентдаги квартирасида кеча оқшом тинтув ўтказилган, квартирада бўлган 10 чоғли одам қўлга олинган. Бу ҳақда Гулнора Каримовага яқин манба Озодликка маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда рейд пайтида Гулнора Каримовга қарши куч қўлланилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди.


Гулнора Каримова медиа лойиҳаларида ҳамкорлик қилган россиялик блоггер-журналист Антон Коробковнинг Озодликка айтишича, бу хабарни Ўзбекистон президенти қизининг ўзи унга еткаўган.

Журналистнинг айтишича, кеча қўлга олиш гуруҳи Гулнора Каримова истиқомат қиладиган уй томидан еттинчи қават балконига тушиб, квартирага бостириб кирган. Бу пайтда хонадонда Гулнора Каримованинг ўзи, қизи Имон Каримова, унинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров, шунингдек, Гулноранинг яқинлари бўлган Гаянэ Авакян, қўлида 1,5 ёшли қизчаси бўлган Екатерина Клюева ҳамда хизматкорлар бўлган.

Гулнора Каримова квартирасида тинтув ўтказган кишилар бу ерда ҳозир бўлганларнинг мобил телефонлари ва компьютерларини олиб қўйганлар, ушланганларни эса ҳеч қанақа айблов эълон қилмай олиб кетганлар. Гулнора Каримованинг россиялик журналистга айтишича, тинтувга шахсан Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматининг бошлиғи, генерал Муиджон Тоҳирий раҳбарлик қилган.

Твиттер микроблогида бу воқеа ҳақда ёзган @Persona887788 аккаунти эгаси эса “Гулнорани МХХ генерали, Татьяна Каримованинг яқин кишиси бўлган Тоҳирий урди” дея твитлади.


Бу манбанинг ёзишича, мазкур квартирада МХХдаги асосий шахслар ҳақидаги ҳужжатлар сақланган.

@Persona887788 аккаунти эгаси Твиттерда тинтув қоғозини ҳам илова қилган. Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев томонидан имзоланган Тинтув ўтказиш ҳақида қарорда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “9-а” уй 11-хонадонида тинтув ўтказиш “Terra Group” МЖЧнинг бухгалтерлик ҳужжатлари мавжуд бўлиши мумкинлигини назарда тутиб” амалга оширилиши лозимлиги қайд этилган.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги ордерда хонадон кимга тегишли экани аниқлаштирилмаган, лекин тивтдан унинг Гулнора Каримовга қарашли эканини тушуниш мумкин.

@Persona887788 аккаунти эгаси Твиттерда тинтув қоғозини ҳам илова қилган.

@Persona887788 аккаунти эгаси Твиттерда тинтув қоғозини ҳам илова қилган.

Коробков-Землянскийга кўра, тинтув чоғида Гулнора Каримованинг қизи Имон ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва “тез ёрдам” Гулнора ва қизини Тошкентдаги касалхоналардан бирига етказган. Гулнора содир бўлган воқеалар ҳақида шу ердан туриб хабар берган.

Озодлик манбасига кўра, она-бола каримовлар Тошкентдаги 1-Ҳукумат стационар клиникасига олиб борилган бўлиши мумкин.

Мазкур муассасининг ўзини таништирмаган расмийси Озодлик сўровига бундай маълумот очиқланмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Бош прокуратураси сайтида Гулнора Каримовага қарашли бўлган “Terra Group”, “Prime Media”ва “Gamma Promotion” ширкатлари мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жинояти иши доирасида уч киши ушлангани, Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюеваларни Ўзбекистон жиноят-процессуал кодексининг 261-264 моддаларига биноан мажбурий олиб келиш амалга оширилгани хабар қилинганди. Прокуратура хабарида жиноят иши 184-модда 3-қисми (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 178-модда 2-қисми (Чет эл валютасини яшириш) ва бошқа айбловлар бўйича қўзғатилгани айтилган, бироқ кеча тутиб кетилган кишиларнинг қай бири конкрет қайси жиноятда айбланаётганига прокуратура аниқлик киритмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG