Линклар

Евромайдон: Штурм бошланди, Яценюк президентни муросага чақирди


Мухолифат етакчиси Арсений Яценюк президентдан Киев марказида тўқнашувлар бораётган ҳудудлардан ҳарбийларни олиб чиқишни сўради. Сешанба кунги тўқнашувларда камида 18 киши қурбон бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳатланди. Тунги соат 12 дан Киевга кириш йўллари ёпилиши айтилган. 18 февраль 3 ойдан буён давом этаётган намойишлар чоғида кузатилган қонли тўқнашувлар куни бўлди.


18 февраль оқшом Евромайдонда штурм бошланди

Сешанба куни оқшом милиция ходимлари 20 мингга яқин намойишчи йиғилган Евромайдонни штурм қилишга киришди. Сўнгги маълумотларга кўра, 3 мингдан ортиқ "Беркут" ҳарбийси Киев марказидан намойишчиларни тарқатишга уринмоқда.

Баъзи норасмий манбалар, Евромайдонни қамал қилган "Беркут" ҳарбийлари ортида кийимида бирор аниқ белги бўлмаган ва Калашников автоматлари билан қуролланган юзлаб аскар турганини айтмоқда.

Украина Бош вазири вазифасини бажараётган Сергей Арбузов 18 февраль куни ЕИнинг Шарқий давлатлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича расмийси Штефан Фюлэ билан телефон орқали суҳбатда ҳарбийлар намойишчиларни ўққа тутмаслигини ваъда қилган.

Ҳукумат 18 февраль куни роппа-роса соат 24:00 дан бошлаб Киев шаҳрига олиб кирувчи барча йўлларни беркитишини маълум қилган.




Яценюк: Президент, ҳарбийларни қайтаринг!

Украинада "Баткившина" мухолиф партиясининг парламентдаги фракцияси лидери Арсений Яценюк мамлакат президенти Виктор Януковичдан ҳарбийларни Киев марказида тўқнашувлар бўлаётган ҳудудлардан чиқаришни сўради.

"Милицияни ортга қайтаринг. Ўшанда биз одамлар ҳаётини сақлаш учун музокараларни давом эттиришга тайёрмиз", деди мухолифат етакчиси.

Яценюк, шунингдек, Януковични тонгга қадар сулҳга розилик беришга чақирди.




18 февраль куни 18 киши қурбон бўлди, 200 дан ортиғи жароҳатланди

Бугун тонгдан Киевда Украина ҳукуматига қарши намойиш қилаётган мухолифат тарафдорлари ва милиция ходимлари ўртасида яна тўқнашувлар бошланиб кетди. Ҳозирга қадар 18 киши қурбон бўлгани айтилмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, ўлганларнинг 11 нафари тинч фуқаро, 7 нафари милиция ходимидир. Ўнлаб милиция ходимларининг ўқ отар қуролдан жароҳат олгани ҳам айтилмоқда. Жами жароҳатланганлар сони 200 кишидан ошди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ўлганлардан бирининг жасади президент Виктор Янукович етакчилигидаги Регионлар партияси идорасидан топилган.


18 февраль куни тўқнашувлар тонгдан бошланди

Намойишчилар милиция ходимларига қарата тош улоқтиришни бошлаган ва кейин милиция уларни тарқатиш учун шовқин чиқарувчи гранаталар, ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди. Зўравонлик пайтида намойишчилар иккита юк машинасини ёқиб юборди.

Сал олдин норозилар ўт чиқарувчи “Молотов коктейл”лари ва тошлар отиб президент Януковичнинг партияси қароргоҳи идораси деразаларини чил-чил қилиб бинога бостириб кирган эди. Кейинроқ милиция намойишчиларни бинодан ҳайдаб чиқарган.


Хабарларга кўра, зўравонликлар пайтида ўнлаб одам жароҳат олган.

Сешанба куни эрталаб ҳукуматга қарши минглаб намойишчи президент Виктор Януковичнинг ваколатларини чеклашга қаратилган конституциявий ислоҳотлар ўтказиш талаби билан Киевнинг Мустақиллик майдонидан парламент томон юриш ўтказди.


Тагнибок: Халқ, ислоҳотлар учун ўз вакилларига босим ўтказади!

Украинадаги Озодлик мухолифат партияси етакчиси Олег Тягнибок мухбирларга норозилик акциясида ўзи ҳам иштирок этганини айтди.

- Халқ, ислоҳотлар ҳақида қарор парламентда қабул қилиниши учун, ўз вакилларига босим ўтказади. Қарор сешанба, чоршанба ёки пайшанба куни қабул қилинадими, бунинг аҳамияти йўқ. Агар бугун қабул қилинса, яхши бўлади, деди Олег Тягнибок.



18 февраль куни парламент йиғилиши тарқалиб кетди

Парламентнинг сешанба кунги сессиясида спикер мухолифатнинг ислоҳотлар ўтказиш ташаббусини кун тартибига киритишдан бош тортганидан сўнг йиғилиш тарқалиб кетди.

Мухолифат лидерларидан бири Виталий Кличко президент Януковични зудлик билан муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари ўтказишга чақирди.

- Мен Украина президентига мурожаат қилмоқчиман. Боиси, у барча салоҳиятга эга ва мамлакатда юзага келган вазият учун президент масъул. Шунинг учун мен унга мурожаат қиляпман. Масъулиятли сиёсатчи ва Украина президенти сифатида у муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари ўтказиши керак. Бу иш амалга ошса, ҳозирги вазиятдан чиқа оламиз. Бу мардларча қабул қилинган қарор бўлади, - дея баён қилди Виталий Кличко.


17 февраль куни мухолифат ЕИ етакчилари билдан учрашди

17 февраль куни Украина мухолифати лидерлари Арсений Яценюк ва Виталий Кличко Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашган эди.

Музокарадан сўнг Кличко Германия раҳбарини Украина Президенти Виктор Янукович ва унга яқин бўлган ҳукумат расмийларига қарши санкциялар жорий қилишга даъват қилганини айтди.

Ўз навбатида, Ангела Меркел Арсенюк ва Кличкога Украинадаги бўҳронни “ижобий ҳал этишда Европа Иттифоқи бор имкониятни ишга солиш”га ҳаракат қилиши ҳақида ваъда берди.


18 февраль куни ЕИ Украинада вазиятдан хавотир билдирди

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Качиянчич 18 феврал куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Эштон хоним Украинада зўравонликлар рўй бергани борасида жиддий ташвиш билдирганини айтди.

- Европа Иттифоқининг Олий комиссари Кэтрин Эштон Киевда яна мудҳиш тўқнашувлар рўй бераётгани, хусусан, қурбонлар бўлгани хабар қилинганидан жиддий ташвиш билдирди. У барча зўравонликлар, жумладан, жамоатчилик ва партияларга тегишли биноларга ҳужумларни қоралади. Бундан ташқари у Украина раҳбариятини бўҳроннинг туб сабабларини кўриб чиқишга чақирди, деди Майя Качиянчич.


18 февраль куни Россия Украинадаги вазият учун Ғарбни айблади

Украинада ҳукуматга қарши норозиликлар президент Виктор Янукович ноябрь ойида Европа Иттифоқи билан интеграциялашиш ҳақида келишув имзолашдан бош тортиб, Россия билан яқинлашишга қарор қилганидан кейин бошланган эди.

Россия бунинг эвазига Украина ҳукуматига 15 миллиард долларлик ёрдам беришни ваъда қилган.

Душанба куни Россия Молия вазири Антон Силуанов Москва шу ҳафтада Украинанинг икки миллиард долларлик заёмларини сотиб олишини эълон қилди.

Украинада кузатилаётган сиёсий бўҳрон сабабли мамлакат миллий валютаси гривнанинг қадри йил бошидан бери етти фоизга пасайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG