Линклар

Ўзбек кино устаси, тошкентлик 40 яшар Баҳодир Йўлдошев дунë кино саноати марказига айланган Ҳолливудда бадиий фильм суратга олган илк ўзбек режиссери бўлди. “Ўлим фариштаси” деб номланган фильм ўткир сюжетли жанговар драма жанрида олинган.


Озодлик билан интернетда ўтказилган қисқа ëзма суҳбатда Баҳодир Йўлдошев Ҳолливудда кино олаëтган илк ўзбек бўлганидан фахрланишини билдирди¸ва ўзидан олдин Ҳолливудда Тимур Бекмамбетов ҳам кино олганини айтиб ўтишни лозим топди.

“Ўлим фариштаси” фильми гиëҳванд моддалар контрабандасига қарши курашаëтган махсус хизматлар ходимининг ватан равнақи йўлидаги шиддатли мужодаласи ҳақида.

Бутун дунё кинематографиясидаги фильмлар маълумотларини акс эттириб борувчи imdb.com сайтида бу киноасар криминал ва драма жанрига киритилган.

Фильмга берилган қисқача таърифда ушбу кино махсус хизматларнинг қаҳрамонлиги ҳақида: “Махсус хизмат гуруҳининг командири наркотужжорлар тўдасига қарши курашиб, хотинидан айрилади, унинг боласини эса гаровга олишади”.

Бюджети деярли 3 миллион АҚШ долларини ташкил этган бу фильмнинг асосий саҳналари бир ой мобайнида АҚШда, қолган 20% саҳнаси Хоразм ва Тошкентда суратга олинган.

Режиссер Баҳодир Йўлдошев ишлаган “Ўлим фариштаси” (Angel of Death) фильмининг трейлери интернетга қўйилган.

Фильмнинг трейлерини томоша қилган москвадаги “Чарли” студияси раҳбари, таниқли киночи Худойберган Юсупов назарида киноасар юқори эстетик савияда суратга олинган.

“Ўлим фариштаси”да америкалик, ўзбек, қозоқ ва рус актёрлар иштирок этган.
Улар орасида энг яхши танилганлари Арманд Ассанте, Игорь Савочкин, Максим Акбаров, Санжар Мадиев ва Улуғбек Қодировлар экани айтилади.


Тахтапулдан чиққан киночи

Тошкентнинг эски шаҳар мавзеидаги “Тахтапул” маҳалласида туғилган Баҳодир кичкиналигида рассом бўлишга ҳавасланди.

Ўғлининг рассомликка мойиллигини кўрган она Баҳодирни Тошкентдаги рассомлик интернатига берди.

Баҳодир олтинчи синфга қадар рассомлик сирларини таниқли устозлардан ўрганди. Аммо математика фанидан паст баҳо олгач, интернатда бошқа ўқишни истамади ва рассомликдан кўнгли совуди.

Ўғлининг санъаткор бўлишини истаган она уни Тошкент Хореография билим юртига ўқишга берди. 3 йил рақс мактабида ўқиган Баҳодир ўрта таълимни пировардида цирк санъати билим юртида тугатди.

Тақдир тақозоси билан бир-икки йил Милиция академиясида ҳам ўқиган Баҳодирнинг тақдири унга отаси видеокамера совға қилганидан кейин буткул ўзгариб кетди.

Баҳодир 1996-йилда бир ҳаваскор сифатида илк киносини суратга олди. Кейин эса ўша кезда мамлакатда илк қадамларини ташлаëтган клипмейкерлик соҳаси Баҳодирни ўз қучоғига олди.

Ўтган йиллар давомида Баҳодир Йўлдошев уста клипмейкер сифатида донг чиқарди. Кейин эса у бадиий кинони суратга олишга жазм қилди.

Кимсасиз оролдаги сўнгги япон самурайи ҳақида ҳикоя қилувчи “Шима” фильми санъаткор учун катта кинога йўлланма бўлди. 2007 йилда бу фильм 29-бор ўтказилган Халқаро Москва кино фестивалида намойиш қилинди.

Фильм тақдимотида Озодлик билан суҳбатлашган Баҳодир Ҳолливудни забт қилиш орзусида эканини билдирган эди.

Орадан 7 йил ўтиб Баҳодирнинг орзуси ушлади. Тошкентнинг Тахтапулидан чиққан киночи Ҳолливудда кино суратга олган илк ўзбек сифатида тарихга кирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG