Линклар

logo-print
Москвадаги Исо Масиҳ черковида “поп-ибодат“ ўтказгани учун қамалиб, 2013 йил декабрида амнистияга тушган Pussy Riot гуруҳи аъзолари Надежда Толоконникова ва Мария Алехиналар Қишки Олимпиада ўтаётган Сочида 18 февраль куни қўлга олинди.

Бу ҳақда Толоконникова Твиттер орқали хабар қилар экан, ўзи ва шеригининг жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлари тўғрисида ёзди.


Бошқа хабарларга кўра, Толоконникова ва Алёхиналар гўёки Сочи маҳмонхоналаридан бирида содир этган ўғирликлари учун қўлга олинган.

Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Надежда Толоконникова билан боғланиб, унга бир неча савол беришга муваффақ бўлди.

18 февраль, куннинг биринчи ярмида ўтказилган мулоқот чоғида Надежда Толоконникова айни пайтда қаерда ва қай ҳолатда эканлиги тўғрисидаги саволга мана бундай деди:

- Ҳозир бизни ушлаб туришибди. Сочи шаҳар ички ишлар бошқармасига қарашли машинанинг кичкина катагига тиқишмоқда. Сочига келганимиздан бери бундай воқеа учинчи марта бўлиши. 16 февраль куни полиция бўлимида 10 соат ушлаб туришди. Кеча ФСБ ушлади. Бугун эса, қўлга олишганидан кейин мени қаттиқ уришди, деди Толоконникова.

Унинг айтишича, полиция ходими унинг оғзига урган.

Толоконниковага кўра, унинг Алёхина билан Сочига келганига 3 кун бўлди, холос. Шу 3 кун ичида уч марта қўлга олинишди.

- Pussy Raiot доирасида келганимиз учун бу ҳақда эълон қилган эмасдик. Лекин бугун бизни жиноят содир этганликда айблаганларидан кейин сабр косамиз тўлиб, тошиб кетди. Бугун бир полиция айнан мен ўғирликда гумон қилинаётганимни айтди. Мен гўёки ўзим яшайдиган меҳмонхонада ўғирлик қилганмишман, деди Толоконникова.

Унинг айтишича, Pussy Raiot Сочида бир неча акция ўтказишга улгурган. Лекин 18 февраль куни қўлга олинган соатда улар Сочининг порти жойлашган мавзеда шунчаки сайр қилиб юрган эди.

Мулоқот чоғида полиция машинасида кетаётган Толоконникова Свобода мухбирининг “Олимпия паркига боришга уриниб кўрдингларми?” деган саволига бундай жавоб берди:

- Ҳар гал Олимпиада объектларига яқинлашганимизда бизни қўлга олаверишди. Кеча ФСБ қўлга олди ва бизни Чегара хизмати идорасида 10 соат ушлашди. Сочида, афсуски, мухолифат фаоли сифатида юриш имконсиз, шаҳар бўйлаб ҳаракат қилишнинг иложи йўқ. Машиналаримизни тўхтатверишганидан жамоат транспортида юришга қарор қилдик. Шундан кейин янги нарса ўйлаб топган бўлишди: бизни ўғирликда айблашди, деди Толоконникова.

Pussy Raiot вакилининг айтишича, у ва Алехинадан ташқари Сочига гуруҳнинг яна 3 аъзоси борган.

Толоконникова яна бундай деди:

- 16 февраль куни Йўл-патруль хизматининг Ишонч телефони билан боғланиб, ғайриқонуний ушланганимиздан арз қилганимизда, биз ФСБнинг ориентировкаси билан ушланганимизни, ФСБ қидирувида эканлигимизни очиқ айтишди. Атрофимизда ҳар доим “Э” Маркази гала-гала юришади. Бугун ҳам полиция ходимлари казаклар билан келиб, бизни қамоқмашинага тиқишди, деди Толоконникова.

2012 йилнинг 17 август куни Москва шаҳар, Хамовнический туман суди Pussy Riot панк гуруҳининг уч аъзосини безориликда айблаб, икки йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Бу жазога Pussy Riot вакилалари 2012 йилнинг 21 феврал куни Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида “мусиқий намойиш” уюштиришгани ва “Худойим, Путинни ҳайдаб юбор!” дея куйлашгани учун ҳукм қилинган эди.

Гуруҳ аъзолари 2013 йил декабрида амнистияга тушиб, муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG