Линклар

Ўзбекистон олимпиадачиларнинг қачон кетмони учади?


Ўзбекистонлик чанғичи Ксения Григорьева Сочи мусобақалари чоғида, 2014 йилнинг 18 феврали.

Ўзбекистонлик чанғичи Ксения Григорьева Сочи мусобақалари чоғида, 2014 йилнинг 18 феврали.

Чиройга нон ботириб еб бўлмайди, деганлар бекор айтибди! Иқтидорнинг “тиши ўтмаган” муаммони ҳусн ҳал қилиши мумкин экан. Буни Сочи Олимпиадасида ўзбекистонлик чанғичи Ксения Григорьева ўзи билиб-билмай исботлади.


Байроқдор чанғичимиз 18 феврал кунги баҳсларда “фахрли”... 64-ўринни эгаллади. Ҳафсалангизни пир қилмай туринг, ҳартугул, кўнгилни андак кўтарадиган хабар ҳам йўқ эмас.

Буёғини сўрасангиз, Россия матбуоти Ксенияни Олимпиада ўйинларининг соҳибжамолларидан бири, деб топибди. “Советский спорт” нашри ўтказган сўров якунлари бўйича унга Сочи Олимпиадаси очилишида қатнашган гўзал хонимлар орасида тўртинчи ўрин берилибди.

Соҳибжамоллик “медал”ларини Мария Шарапова, Ирина Шейк ва Тина Вайрайтер ўзаро бўлишиб олибди.

Гўзаллар орасида тўртинчи, кучлилар орасида олтмиш еттинчи... Ажаб савдо!

Аттанг, қишки Олимпиадада росмана сенсация қилган сарвқомат Лина Черязованинг даври ўтди-да. Лиллиҳаммерда олтин медални қўлга киритган Черязова қишки ўйинлар “гегемон”и – шимол ўлкалари спортчиларини ҳам хийла ҳушёр торттирганди.

... Ўша-ўша, қишки Олимпиадада бизга нон тегмади. Йигирма йилки, Линахонимнинг тилласи яккаю ягона бўлиб турибди. Таскинимиз ҳам шу, ғуруримиз ҳам.

Албатта, шода-шода медал ғамлаётган Германия, Норвегия ёки Россияга етишга бизга йўл бўлсин! Оқловимиз ҳам йўқ эмас: серқуёш ўлкада қишки спорт ўйинлари у қадар ривожланмаслиги табиий ҳол.

Лекин муҳаббат каби мухлисликнинг ҳам кўзи кўр бўлар экан. Медалдан қуруқ қолишини аввалдан билсангиз ҳам, мўъжиза рўй бериб, спортчимиз бирор ўринга илашармикан, деб кутаверкансиз.

Ҳозирча мўъжиза рўй бермади. Ксениянинг натижасини айтдик.

Иккинчи босқичга ўтиб кўпчиликда умид уйғотган Мише Ге ҳам пировардида 18-ўринга қаноат қилди.

Ўзбекистон номидан қатнашаётган учинчи спортчимиз – Артём Воронов ҳали баҳсларда кўриниш бермади. Ким билсин, балки шу йигит мўъжиза кўрсатиб қолар!

Аслида, Олимпиада ўйинларида уч донагина спортчи қатнашаётгани мақтанадиган ҳолат эмас. Ёлғиз чанғичининг чанги чиқмайди, чанги чиқса ҳам донғи чиқмайди-да.

Ким нима деса десин, лекин “Сочи-2014”да Ўзбекистонга бир донагина бўлса-да, медал керак эди. Черязованинг яқин ўтмишдаги зафари тасодиф эмаслигини исботлаш учун. Қолаверса, мухлислар ғазабига учраган шарҳловчи Дмитрий Губерниев Ўзбекистонни Тожикистонга бошқа адаштирмаслиги учун...

Олимпиада томошабини

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG