Линклар

logo-print

Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти бошқа бинога кўчмоқда


Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти Тошкент марказидаги бинодан чеккароққа кўчириладиган бўлди.


Ўзбекистон Бадиий академиясидаги Озодлик манбаларининг айтишича, шаҳар марказидаги Шароф Рашидов шоҳкўчасида фаолият юритаëтган Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти келаси ойдан бошлаб Тошкентнинг Содиқ Азимов кўчасидаги санъат институти биносига кўчирилади.

Манбанинг таъкидлашича, Бадиий академия раҳбариятининг асосий бинодан бадарға қилиниши шаҳар марказида қад ростлаган ва Оқсаройга яқин бўлган бино олиб қўйилиши олдидан қилинган стратегик қадамдир.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов мамлакат расмий матбуотига раҳбариятнинг асосий бинодан кўчиришини тасдиқлаган ҳолда, бу кўчиришни “ҳукуматнинг навбатдаги ғамхўрлиги”, деб атаган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Бадиий академиясига телефон қилиб, раҳбариятнинг бошқа бинога кўчиши ва рассомлар пулига қурилган бинонинг тақдири борасида савол сўради.

Ўзини таништирмаган мулозим Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти ҳукумат қарори ва протоколлари асосида март ойидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Санъат институтининг тепа қаватига кўчирилишини тасдиқлади.

-Ҳа, шу ëққа кўчирилади.

Озодлик: Содиқ Азимов кўчасига кўчилади-а?

Ҳа, кўчилади. Ўша ердан бино ажратишаяпти. Бадиий академиянинг ўзининг турган биноси йўқ эди ҳозирги кунгача. Марказий кўргазмалар зали борку ЦУМнинг чорраҳасидаги. Ўшанинг биносида вақтинча турарди бадиий академиянинг аппарати.

Озодлик: Бадиий академия тасарруфида эмасмиди бу кўргазмалар залининг биноси?

Кўргазмалар залининг биноси бадиий академиянинг тасарруфида, лекин бу кўргазмалар залининг биноси. Бадиий академия раҳбариятининг ўзининг биноси йўқ эди. Mана ҳозир ўша янги бино берилгани саббали таъмирланиб ўша ëққа кўчаяпти аппарат.

Озодлик: Раҳим Аҳмедов раҳбарлик қилиб мана шу бинони очгандан бери раҳбарият ўша ерда турарди рассомлар уюшмаси бўлганда ҳам, бадиий академия бўлганда ҳам.

Раҳбар турадими турмайдими у ўзининг жойимас эдида. Бадиий кўргазмалар залининг биносида. Бадиий академиянинг биносимас, кўргазмалар залининг биноси.

Озодлик: Баъзи бир тахминлар айтишаяптики, кўргазмалар залининг биноси олиб қўйилиши мумкин шу йўл билан, яхши жойда турибди, кўзга яқин жойда дейишаяпти.

Мен сизга айтай. Айтганларнинг ҳаммасининг гапига қулоқ солаверманг. Агар битта муаммо бўлса, келинг, бу ерда гаплашилади. Ҳаммани “унақа дебди, бунақа дебди” деб ишонавериш керакми? Ҳамманинг гапига ишонаверса ҳам бўлмайдида. Агар нима бўлса, нимада протоколи чиққан. Давлат, ҳукумат янги бино берди. Илгаридан бадиий академияга битта бино берилиши керак эди. Ҳозир мана жой ажратилди. Ҳозир таъмирланаяпти. Чиройли ремонт қилинади ва ўша ëққа кўчиб ўтилади. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Нима бу ëзади ҳаммаси.

Озодлик: Бино тақдири порлоқ. Рассомлар биноси бўлиб қолаверади.

Конечно. Марказий кўргазмалар зали ҳеч ким ҳеч қаëққа олиб қўймайди. Ўзимизнинг тасарруфимизда қолади бу. Фақат раҳбарият кўчади у ëққа.

Озодлик: Мен бир-иккита ҳужжатларни кўрдим. Тоҳир Миржалилов даврида, Худо раҳмат қилсин, шунақа раҳбар бўлган экан, бинонинг қарзлари кўпайиб кетиб, бошқа одамлар олиб қўйиши мумкин деган таҳлика чиққан экан.

Уни билмайман сиз қаердан топдингиз. Мен у тўғрисида билмайман ҳеч нарса. Қачондир бир даврларни эслаш ҳам керак эмас. Бу ўтиб кетган нарсаларни кавлаш ҳам керак эмас¸деди мулозим.

Айни пайтда мулозим Ўзбекистон Бадиий академия тасарруфида бўлган асосий бино “кўргазмалар зали” сифатида фаолият қилаверишини билдирди:

- Бинони ҳеч ким олиб қўймайди. Бино академия тасарруфида қолаверади, "бинони олиб қўймоқчи" деган манбаларнинг гапига ишонманглар¸ - дея таъкидлади мулозим.

Ўзбекистон Бадиий академияси республика Бош вазирининг 2005 йил 25 ноябридаги қарори билан Марказий кўргазмалар залини Бадиий кўргазмалар дирекциясига қўшиш йўли билан Тошкент шаҳар Шароф Рашидов шоҳкўчаси, 40-уйда қайта ташкил қилинган эди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон президентининг 1997 йил январидаги Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг олдига Ўзбекистон халқининг "бой маданий меросини, тасвирий, амалий, миниатюра санъати анъаналарини ривожлантириш, жаҳон санъати тажрибаларини ижодий ўзлаштириш" вазифа қилиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG