Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:55

Петербург полицияси бир қанча исловотхоналарни фош этди


Петербург полицияси шаҳарда кўпайиб бораётган исловотхоналарга қарши кураш бошлаганини хабар қилмоқда. Биргина февраль ойида Россиянинг “маданий пойтахти”даги Приморский, Кировский, Невский, Марказий туманларида асосан ўзбекистонлик аёллар “хизмат” кўрсатаётган фоҳишахоналар тарқатиб юборилди.



17 феврал куни Санкт-Петербургнинг Марказий туманида полиция ходимлари томонидан бирданига учта исловотхона фош этилди. Заслонова кўчасида ижарага олинган квартирада 4 аёл, Советская кўчасида – 6 аёл, Некрасова кўчасида яна 6 аёл ушланди.

Оператив ходимлар Ўзбекистон, Украина, Россия ва Нигерия фуқаролари бўлган аёллар “иш жойида” яшаб келганини аниқлади.

Санкт-Петербург шаҳрининг Приморская тумани бўйича полиция бўлими расмийси Ирина Александрова Комендантская майдонидаги уйлардан бирида аниқланган яна бир исловотхона ҳақида маълумот маҳаллий фуқаролардан келиб тушганини айтади.

- Бу квартирада ушланган 10 аёлдан биттасигина рус. Қолганлари Нигерия ва Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланди. Аёллар маъмурий протокол тузиш ва жавобгарликка тортиш учун судга олиб борилади,- деди Ирина Александрова.

Исловотхона жойлашган 3 хонали квартира видеоназорат аппаратураси билан таъминланган, квартира подъезди ва хоналар тасвирга олиб турилгани айтилмоқда.





Петербург полицияси вакили россиялик аёлга нисбатан “фоҳишабозликни ташкил этиш” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилишини ҳам қўшимча қилди. Ҳозирча ўзбекистонлик ва нигериялик аёллар шахсини аниқлаш учун шаҳарнинг Приморский туманидаги 44-полиция бўлимига олиб келингани айтилмоқда.

Полиция бошқармасида Озодликка фоҳишахонага “мижоз” сифатида кириб борган оператив ходимлар хоналар антисанитария шароитида экани, хонанинг турли бурчакларида спиртли ичимлик идишлари, ишлатилган шприц ва сигарет қолдиқлари ётганига гувоҳ бўлишганини маълум қилишди.

Маълум бўлишича, феврал ойининг ўзида Петербургнинг Невский, Литейний ва Суворовский кўчаларида яна учта фоҳишахона ёпилган. Озодлик у ерда асосан Ўзбекистон ва Украинадан келган аёллар пуллик жинсий “хизмат” кўрсатиб келганини аниқлади.

Озодлик ўзбек тилида ёзилган “Эркаклар учун оромбахш дам!”, “Ўртоқлар, дам олинглар!”, “Муҳаббат – 24 соат” каби реклама варақаларини Петербургнинг турли жойларида учратиш мумкинлиги, Интернетда ҳам ўзбек фоҳишаларини “мақтовчи” ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ва сайтлар сони ҳам беҳисоб кўпайиб бораётгани ҳақида хабар берган эди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармасида Озодликка йил бошидан буён шаҳарнинг турли жойларида фоҳишахоналар йирик тармоғи йўқ қилинганини билдиришди.

Озодлик саволларига жавоб берган полиция бошқармаси расмий вакили Вячеслав Мешков, шунга қарамасдан фоҳишалар билан фақат маъмурий жазолаш ёрдамида курашни Дон Кихотнинг “шамол тегирмонлари” билан курашига қиёслади.

- Биз улар билан доимий курашиб борамиз, афсуски уларнинг кўпайиши ажаблантиради. Ходимларимиз оператив маълумотлар асосида исловотхоналарни аниқлаб, йўқотадилар. Бир-икки кун ўтмасдан бундай бордель яна бошқа жойда очиляпти. Масалан, Комендантская майдонида ушланган нигериялик аёллар олдин ҳам қўлимизга тушган. Уларнинг ҳужжатлари жойида бўлса - маъмурий жавобгарликка тортилади, жойида бўлмаса - депортация қилинади, дейди Вячеслав Мешков.

Мешков Петербург депутатлари бу соҳада қонунчиликни кескинлаштиришга тайёргарлик кўраётганини айтади.

- Депутатлар эндиликда ҳаммадан бармоқ изларини олишни жорий қилмоқда. Кўп ҳолларда ўша ўзбекистонлик аёллар паспортида бир нечта ҳарфни ўзгартириб, қайтиб киряпти. Приморский тумани – шаҳарнинг янги қурилаётган энг йирик мавзеларидан ҳисобланади. Ижарага бериладиган квартиралар ҳам, бу аёлларнинг “хизматига” муҳтож мижозлар ҳам ортиғи билан, деди фоҳишабозлик билан курашиш мураккаблиги сабабларини тушунтиришга уринган Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург бўйича бош бошқармаси ходими Вячеслав Мешков.
XS
SM
MD
LG