Линклар

Киев марказида намойишчилар яна полиция билан тўқнашди. Эрталабдан камида 5 киши ҳалок бўлди


Киевнинг Мустақиллик майдонида пайшанба куни эрталаб аксилҳукумат намойишчилари билан полиция махсус кучлари ўртасида чиққан янги тўқнашувда камида беш киши ҳалок бўлди.

Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски пайшанба куни Киевдаги президент қасри олдида яна тўқнашув чиққани боис ўзи ҳамда Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари билан Украина Президенти Виктор Янукович ўртасидаги учрашув бекор қилинганини маълум қилди. Хабарларга кўра, Европа вазирлари Киевни тарк этган.

Франция, Германия ва Польша ташқи ишлар вазирлари пайшанба куни Киевда бўҳронни ҳал қилиш борасида музокара ўтказиши керак эди.

Бугун Брюсселда ЕИ ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда мажлисида Украинага нисбатан санкцияларни жорий қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Пайшанба куни эрталаб рўй берган ҳодисада норозилар майдон атрофига ташланган полиция кучларига қарата Молотов коктейллари ва тош отаётганини кўриш мумкин.

Қайта авж олган тўқнашувлардан бир неча соат аввал мухолифат етакчилари ва президент Виктор Янукович “сулҳ” тузиш ва бўҳронни бартараф қилиш бўйича бевосита музокараларни бошлашга келишиб олган эди.

Сешанба куни Киевда норозилар билан ҳукумат ўртасидаги қарамақаршилик кескинлашганидан бери 30дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ўтган йилнинг ноябридан бери президент Януковичга қарши норозиликлар авж олганидан бери энг қонли воқеалардир.
XS
SM
MD
LG