Линклар

Киев соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига қараганда,Мустақиллик майдонидаги тўқнашувларда сўнгги икки кун мобайнида 70 киши ҳалок бўлди, 550 киши жароҳатланган.Украина Ички ишлар вазирлиги норозилар махсус кучларнинг 67 ходимини гаровда ушлаб турганини иддао қилмоқда.

Европа Иттифоқи вазирларининг Украина ҳукумати ва мухолифати билан мамлакатдаги бўхрондан чиқиш бўйича ўтказаётган музокалари давом этмоқда.


Франция Ташқи ишлар вазири Лорен Фабиус сўзлашувларни “ўта мураккаб” дея баҳолади. Унинг польшалик ҳамкасби Радослав Сикорский эса музокараларда ижобий силжиш борлигини айтиб ўтди.

ЕИ Украинада сўнгги бир неча кундан бери давом этаётган қонли тўқнашувларга масъул дея кўрилган мулозимларга нисбатан активларни музлатиш ва виза чекловларини жорий этди.

Киевнинг Мустақиллик майдонида пайшанба куни рўй берган тўқнашувларда камида 20 киши ҳалок бўлди. Сешанбадан бери ўлганларнинг сони 75 кишидан ошгани айтилмоқда.

Интернетда пайдо бўлган видеоларда милиция намойишчиларга қарши снайпер милтиқлари ва автоматлардан фойдалангани кўрсатилган.

Киев шаҳри маъмурияти етакчиси, президент Виктор Януковичнинг яқин сафдошларидан бири Владимир Макеенко Регионлар партиясидан чиқаётганини эълон қилди.

Украина ички ишлар вазири вазифасини бажараётган Виталий Захарченко полиция қўшинларига жанговар қурол тарқатилгани ва уни қонунга кўра ишлатиш буюрилганини билдирди.

Захарченко, унинг таъбири билан айтганда, “экстремистлар”дан ўз ихтиёрларидаги қуролни топшириш ва мухолифат етакчиларидан зўравонликни қоралашни талаб қилди.

CNN телеканали мухолифатга таяниб, пайшанба куннинг ўзида 100 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.




Мустақиллик майдонидаги намойишчилар полиция кордонини тош ва Молотов коктейллари ёрдамида ёриб ўтишга ҳаракат қилди, бунга жавобан полиция елим ўқлар билан кўз ёшини оқизувчи газ қўллади. Баъзи хабарларга кўра, зўравонликларда жанговар ўқлар ишлатилган.

Ғарб хабар агентликлари пайшанба куни ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.



Мустақиллик майдонига эрталабдан мухолифат тарафдорлари кела бошлади ва баъзи-ҳисоб китобларига кўра, ҳозирда у ердаги намойишчилар сони 30 мингга етган бўлиши мумкин.




Франция, Германия ва Польша ташқи ишлар вазирлари пайшанба куни Киевда бўҳронни ҳал қилиш борасида музокара ўтказиш учун Украинага келган эди.

Учрашув олдидан Германия вазири Штайнмайер бундай баёнот берди.

- Украина келажаги фақатгина Украинада ҳал бўлиши мумкин ва уни кўчадаги зўравонликлар ёрдамида эмас, балки можарога сиёсий ечим топиш жараёни орқали ҳал бўлиши мумкин. Биз барча томонларни ана шу йўлни танлаш кераклигига кўндиришга ҳаракат қилмоқдамиз, деди Штайнмайер.

Учрашувдан кейин мухолифат етакчиси Кличко вазият жуда мураккаблашганини эътироф этди.

- Вазиятни назорат қилиш жуда қийинлашди. Ҳозир ҳақиқий жанговар ҳаракатлар бошланганини кўриб турибмиз. Биз буни истамаймиз ва бу ҳақда ЕИ ташқи ишлар вазирларига билдирдик. Ҳозир энг муҳими, қурбонлар сонини минималлаштириш учун қон тўкилишини тўхтатиш керак, деди Кличко.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари пайшанба куни кечқурун Брюсселда фавқулодда мажлисда Украинага нисбатан санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқади.

Ҳукуматга қарши норозиликлар ўтган йилнинг ноябрида Януковичнинг Россия томонидан 15 миллиард АҚШ долларига тенг ёрдам эвазига ЕИ билан ҳамкорлик битимини имзолашдан бош тортгани ортидан келиб чиқди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG