Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

"Қидирувда бўлмаган" ўзбеклар Жалолободда "қидирув" баҳонаси билан ҳибс қилинди


Жалолобод шаҳар Ички ишлар бўлими 2010 йил воқеаларида айбланиб уч йилга шартли кесилган ва жазони ўтаб бўлган шахсга ҳамда суд томонидан оқлангани айтилаётган икки ўзбекка "қидирувда" деган баҳона билан босим кўрсатмоқда.

Жалолободдаги ошхоналардан бирида ошпаз бўлиб ишловчи 32 ёшли Мўйдинжон Абдуманнопов 2014 йилнинг 9 февралида иш жойида қўлга олинган. Милиция ходимлари унинг қўлга олиниши сабабини, гўёки у қидирувга берилгани билан изоҳлашган. Мўдинжоннинг айтишича, уни икки кун давомида ҳеч қандай айблов билдирмасдан ҳибсхонада сақлашган. Фақат 11 февраль куни бу ишга Жалолободдаги “Справедливость” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти аралашгачгина у озод қилинган.

-Ҳибсдан чиқаришаётганида менга “Бирор жойга арз қилсанг сени наша билан ушлатиб қўямиз. Сени қўлга олиш осон. Укангни ҳам ишлайдиган жойини биламиз”, деб қўрқитишди, -деди Мўйдинжон Абдуманнопов.

Аммо суҳбатдошимиз бу таҳдидлардан қўрқмаганини ва “Справедливость” ташкилоти юристлари ёрдамида вилоят прокуратурасига милиция ходимларининг ноқонуний ҳаракати юзасидан шикоят ёзганини айтди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у 2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда содир этилган оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб Баҳрамжон Қўнақов ҳамда Икромжон Норматовлар билан бирга қўлга олинган. Суд уни уч йил шартли муддатга озодликдан маҳрум қилган. Баҳрамжон Қўнақов ва Икромжон Норматовлар эса суд ҳукми билан оқланган. Мўдинжон айни пайтда жазо муддатини ўтаб бўлган шахс ҳисобланади.

-Менга жазо муддатим тугагани ҳақида справка ҳам беришган. Мен жазо муддатим тугагани ҳақидаги қоғозларга ҳам қўл қўйганман. Справкани беришганда “Мана энди Россияга бориб ишласангиз ҳам бўлаверади”, деб айтишган эди, -деди Мўйдинжон Абдуманнопов.

Аммо жазо муддатини ўтаб бўлган Мўйдинжон билан бирга суд томонидан тўрт йил олдин оқланган Баҳрамжон Қўнақов ҳам 9 февралда қидирувдаги шахс сифатида қўлга олинган.

“Справедливость” ташкилоти юристи Ўткир Жабборовнинг айтишича, мазкур иш юзасидан Жалолобод шаҳар милициясидан 17 февраль куни расмий тушунтириш хати олинган. Тушунтириш хатида Мўйдинжон Абдуманнопов, Баҳромжон Қўнақов, Икромжон Норматовларга 2013 йилнинг 15сентябрида қидирув эълон қилингани айтилади. Айни пайтда Мўйдинжон Абдуманноповга 2013 йилнинг 27 сентябрида, Баҳромжон Қўнақовга эса 2013 йилнинг 23 сентябрида Жалолобод шаҳар милицияси томонидан қидирувда эмасликлари тўғрисида маълумотнома берилган.

-Бу болалар шаҳарда юришган, бошқа жойга кетиб қолишган эмас. Шунинг учун қидирувга бериш ҳам шарт эмас эди. Қидирув иши 2013 йил 15 сентябрда очилган. Бироқ Баҳромжон Қўнақовга 2013 йилнинг 22 сентябрида Жалолобод шаҳар Ички ишлар бошқармаси унинг қидирувда эмаслиги ҳақида справка берган. Аммо бизга берилган хатда бу одамларга 2013 йил 15 сентябрда қидирув эълон қилинган деб айтилаяпти. Ниҳоятда ҳайрон қоларли бир иш бўлаяпти. Мўйдинжон Абдуманнопов эса ҳозирги кунда жазони ўтаб бўлган шахс ҳисобланади. Бу болага жазони ўтаб бўлган моддалари юзасидан яна қайта қидирув эълон қилиниши ноқонунийдир, -деди Ўткир Жабборов.

Жалолобод вилояти прокуратурасининг ўз исми сир қолишини истаган ходими ҳақиқатан ҳам Мўйдинжон Абдуманнопов иши юзасидан шикоят рўйхатга олинганини тасдиқлади. Манбанинг айтишича, айни пайтда мазкур воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда. 14 кун ичида шикоят юзасидан жиноят иши очиш ёки очмаслик тўғрисида қарор қабул қилинади.

Халқаро ташкилотлар Қирғизистон жанубида 2010 йил воқеаларидан сўнг этник ўзбекларга нисбатан босимлар кучайгани, улар ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг нопок ходимлари учун пул ундириш манбаи бўлиб қолгани ҳақида бонг уриб келган. 2013 йил бошларига келиб бундай ҳолатлар камайгани кузатилган эди.

Қирғизистон жанубида уч йил муқаддам содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган.

Қирғизистон президенти фармойишига биноан 2012 йилда ишлаб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версиясига кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбеклардир.
XS
SM
MD
LG