Линклар

Чинозлик ўқитувчилар қор курашдан сўнг дарахт ўтқазишга мажбурланди

  • Садриддин Ашур

Бундан бир ҳафта олдин Тошкент-Самарқанд автомагистралини қордан тозалашга жалб этилган чинозлик ўқитувчиларга янги жамоатчилик топшириғи юклатилди. Чиноз тумани ҳокими буйруғи билан мактаб ва коллеж ўқитувчилари дарахт ўтқазишга сафарбар этилди.

Чинозлик ўқитувчиларнинг янги жамоат ишиларига сафарбар этилгани ҳақида Озодликнинг Чиноздаги манбаси хабар қилди:

“Эшонобод қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллаларда коллеж ва мактаблар ўқитувчилари дарсни ташлаб арча ва бошқа дарахтлар экмоқда. Ўқитувчиларнинг айтишларича, туман ҳокими Маҳмуд Эшонов мактаб директорларига “мен билмайман, ҳар бир таълим муассасасидан 20-25 нафардан ўқитувчиларни олиб чиқасан”, деб буйруқ берган. Бечора бюджетник ўқитувчилар ҳозир дарси қолиб, ёмғирда арча экмоқда. Ўша маҳаллаларда яшайдиган аҳоли ўқитувчилар устидан кулиб ўтмоқда”, деб ёзади чинозлик манба.

Чинозлик ўқитувчилар Озодлик билан суҳбатда ободонлаштириш иддаосидаги бу қора ишларига мажбуран жалб этилаётганларини тасдиқлади.

Тумандаги Хизмат кўрсатиш ва иқтисод коллежи директори Асқар Баҳромов Озодлик мухбири қўнғироқ қилганида ўзининг ўқитувчилар билан далада эканлигини айтди:

- Биз ҳозир чегарадамиз. Тозалаяпмиз, ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаяпмиз, деди коллеж директори Асқар Баҳромов.

Тумандаги 2- ўрта мактабнинг ўзини таништирмаган ўқитувчиси ҳам, ўқитувчиларнинг бир қисми эрталабдан дарсдан озод этилиб, дарахт ўтқазишга сафарбар этилганини билдирди:

- Бугун эрталабдан директоримиз ўқитувчиларни кўчаларга жўнатди. Эркак ўқитувчиларимиз кетмон-лопаткаларни кўтариб кетишди. Ҳокимиятдан буйруқ беришган экан, директоримиз мажбур бўлганда. Бизлар ҳам дарс билан, дарсга тайёргарлик билан банд бўлсак деймизу, лекин қўйишмаяптида, деди ўқитувчилардан бири.

Озодлик нима сабабдан ўқитувчилар ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилаётгани ҳақида муносабат олиш учун Чиноз тумани ҳокимлиги билан боғланди.

Ҳокимликнинг ободонлаштириш ишлари бўлими бошлиғи Азиз Исҳоқов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ишларига жалб қилинганидан шахсан хабари йўқлигини айтди.

Бундан бир ҳафта олдин, 13 февраль куни чинозлик ўқитувчилар туман ҳокимининг буйруғи билан Тошкент-Самарқанд автомагистралини қордан тозалашга сафарбар этилган эди.

Ўша куни ўзини Чиноз тумани Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Раҳим деб таништирган мулозим ҳам бундай топшириқ ҳоким томонидан берилганини Озодликка тасдиқлади.

Сўнгги йилларда ўзбекистонлик ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятлар мардикорига айланиб қолмоқда.

Озодликка мурожаат қилаëтган аксар ўқитувчилар ўз асосий касблари қолиб¸ пахтакорлик, ҳаммоллик, ҳашарчилик¸ пул йиғиш каби ишларига сафарбар этилаётганидан, металлолом ёки макулатура йиғиш ишлари ҳам ўқитувчи ва ўқиувчилар зиммасига юклаб қўйилганидан шикоят қиладилар.

Ўзбекистонда болалар ва катталарнинг ҳокимият тизимлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилиши халқаро майдонда кескин танқидга сабаб бўлиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG