Линклар

logo-print

Ери олиб қўйилган фуқароларга товон тўламаган ҳокимликлар танқид қилинди. Уйидан кўкнори топилган 63 ёшли аёл жазоланди. Сурхондарёдаги шаршарада миллионлаб сумалаклар ҳосил бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Олиб қўйилган ерлар учун фуқароларни рози қилмаган ҳокимликлар танқид қилинди”

Адлия вазирлиги ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган фуқароларга етказилган зарарни қоплаб бермаган ҳокимликларни танқид қилди (“Инсон ва қонун”, 18 февраль).

Бу каби қонунбузарликлар Бухоро ва Қўқон шаҳарлари, Олот, Зангиота, Бешариқ, Риштон туманларида кузатилган.

Текширувлар жараёнида кўплаб ҳокимликлар ҳуқуқий меъёрлар борасида қонун талабларини бузаётгани ҳам аниқланган. Масалан, 2013 йилда Наманган вилоятида 61 та, Бухоро вилоятида 47 та, Сурхондарё вилоятида 22 та, Қашқадарё вилоятида 18 та, Жиззах вилоятида 9 та, Фарғона вилоятида 7 та норматив қарор адлия экспертизасидан ўтказмай қабул қилинган ва ижрога татбиқ этилган.

“Ҳокимликлар томонидан қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилиниши, ўз навбатида, жиддий хато ва камчиликларга сабаб бўлмоқда”, дейди Адлия вазирлиги расмийси Муродилла Турсунметов.

“11 аёлни зўрлаб, сўнг ўлдирган икки қотил умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди”

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди қотиллик жиноятида айбланган Абдусеит Орманов ва Полат Пардалиевларни умрбод озодликдан маҳрум этди (“Ҳуқуқ”, 20 февраль).

Икки шахс 2011-2012 йилларда Тошкент шаҳри ва вилоятида 7 нафар, Қозоғистон Республикаси ҳудудида эса 4 нафар – жами 11 аёлнинг жонига қасд қилган.

Икки қотил “Мersedes Benz 180-C” автомобилида киракаш қиёфасида юриб, ёлғиз аёлларни кимсасиз жойга олиб бориб зўрлаган, сўнг ўлдириб, уларга тегишли қимматбаҳо буюмларни ўзлаштирган.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Азизбек Назаровга кўра, ушбу жиноий иш юзасидан 2000 дан ортиқ шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган, 500 дан ортиқ “Мерседес Бенц” эгалари жиноятга алоқадорлик юзасидан текширилган, уяли алоқа операторларига қарашли 50 мингдан ортиқ рақам таҳлил қилинган.

“Иситиш тизими монопол идора қўлида қолмоқда”

Қишнинг ўта совуқ кунларида Тошкент шаҳри Қорасув даҳасидаги кўп қаватли уйларда иситиш тизими кўнгилдагидек ишламади (“Новий век”, 20 февраль).

Тошкентлик Муҳаммадали Хушвақтовга кўра, иссиқлик идораси иситиш ва иссиқ сув учун фуқаролардан отнинг калласидек ҳақ олмоқда, аммо хизмат сифати пешмаш-пеш ундирилаётган тўловга мос эмас.

Газетанинг ёзишича, монопол мавқега эга бўлган иссиқлик идораси зиммасидаги масъулиятни бажара олмаётир. Бунинг устига, иссиқлик идораси кўп қаватли хонадон эгаларига қўшимча иситиш тизими ишга туширишни тақиқлаб қўйган. Боғчаларда ҳам қўшимча иситиш мосламаларидан фойдаланиш ман этилгани сабабли болалар совуқ кунларда хонада қишлик кийимда ўтиришга мажбур бўлган.

“Иссиқлик тизими ходимлари, умуман, барча монопол идоралар ҳадеб мўмай пул йиғавермай, иссиқлик ва электр энергиясини бир маромда таъминлашса бўлмайдими? Ё улар нима бўлса ҳам пул йиғиш пайига тушиб қолганми?” дея коммунал идораларни саволга тутади нашр.

“Уйидан кўкнори чиққан 63 ёшли кекса аёл жазоланди”

Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи, 63 ёшли Қундузхон Тўхтахўжаева уйидан кўкнор бошоғи ва уруғи чиққани учун жазоланди (“Диёнат”, 20 февраль).

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани суди раиси Озодбек Зиявитдиновга кўра, ички ишлар ходимлари тозалаш тадбири доирасида уйларни текшира туриб, дастлаб онахондан гумонсирашмаган. Аммо кутилмаганда Тўхтахўжаеванинг уйидан ярим килога яқин кўкнори топилган. Кекса аёлга қандай жазо тайинлангани очиқламаган. Қайд этилишича, 63 ёшли Қундузхон Тўхтахўжаева беш фарзанднинг онаси ва бир этак набиранинг бувиси бўлган.

“Тошкентда “Мерседес” автобуси билан тўқнашувда бир киши нобуд бўлди”

16 февраль куни соат 18:30 ларда Тошкент шаҳри Чортоқ кўчасида 48-йўналишда ҳаракатланаётган “Мерседес Бенц” автобуси “Дамас” автомашинаси билан тўқнашиб кетди (“Пойтахт транспорти”, 21 февраль).

12-автобус саройига тегишли автобус Абдувоҳид Шукуров бошқарувида бўлган. Тўқнашув натижасида “Дамас” ҳайдовчиси 1985 йилда туғилган Нурпўлат Навшабоев вафот этган, тўрт нафар йўловчи жароҳат билан шифохонага ётқизилган. 10 G 737 CA рақамли “Дамас” автомашинаси Янгийўл – Сергели йўналишида қатнаган.

“Сато” гуруҳи Тоир Қўзиевнинг юлдуз касалига чалингани сабаб тарқаб кетди”

Ўзбекистондаги биринчи рақамли инструментал гуруҳ саналган “Сато” гуруҳи тарқаб кетди (“Даракчи”, 20 февраль).

Айтилишича, гуруҳ аъзолари орасида сўнгги уч йилда келишмовчиликлар бўлиб турган. Созанда Бахтиёр Қобилов эса гуруҳнинг тарқалишига сабаб сифатида бадиий раҳбар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиевнинг юлдузлик касалига чалинганини келтирган.

“Ваҳоланки, гуруҳ муваффақияти барчамизнинг бирдек меҳнатимиз эвазига келган. Тоирнинг бу борадаги фикри бошқачароқ” деган “сато”чи созанда. Бадиий раҳбар Тоир Қўзиевнинг ўзи хориж сафарида бўлгани сабабли газета бу борада унинг муносабатини била олмаган.

“Сурхондарёдаги шаршарада миллионлаб сумалаклар ҳосил бўлди”

Сурхондарё вилоятидаги Сангардак шаршарасида – баландлиги 150 метр, эни 80 метргача келадиган улкан ҳудудда миллионлаб муз сумалаклари пайдо бўлди (“Ўзбекистон овози”, 20 февраль).

Тоғ этагига қучоққа аранг сиғадиган, 2 метру 94 сантирметрлик улкан сумалак тушган.

“Улкан қояда шокила-шокила бўлиб осилиб турган миллионлаб муз сумалаклари, камалакранг товланувчи музпардалар ва ҳудуддаги ажиб яхмалакларни томоша қилиб ҳузурланасиз” деб хабар беради газета мухбири.
XS
SM
MD
LG