Линклар

Украинада муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилади


Украина президенти Виктор Янукович мамлакатда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди. Янукович президент ваколатларини қисқартиришни кўзда тутувчи 2004 йилги конституцияга қайтилишини ҳам маълум қилди. Шунингдек, у миллий бирлик ҳукуматини тузиш жараёнини бошлашини ҳам билдирди.


Бугун Украина президенти Виктор Янукович ва мухолифат лидерлари мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронни бартараф қилиш борасидаги келишувни имзолади.

Келишувга кўра, 2004 йилги конституция таҳририга қайтилади, муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказилади ҳамда "миллий ишонч" ҳукуматини шакллантириш жараёни бошланади.

Ҳужжатни имзолаш жараёнида Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер ва Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийлар иштирок этди.

Президентлик сайловининг қачон ўтказилиши ҳали маълум эмас.

Украина конституциянинг 2004 йилги таҳририда президент ваколатлари амалдаги қонундагига нисбатан анча камроқ бўлган, парламентнинг ваколатлари кенгроқ бўлган.

Аксилҳукумат намойишчиларининг асосий талабларидан бири айнан конституциясининг 2004 йилги таҳририга қайтиш эди.

Бугуннинг ўзида Олий Рада 2004 йилги конституция таҳририга қайтишни қўллаб овоз берди.


Мухолифат: Киевда пайшанба куни 100га яқин киши ўлди

Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Мустақиллик майдонидаги тўқнашувларда сешанбадан бери 77 киши ҳалок бўлган, 577 киши жароҳатланган, улардан 369 нафари шифохонага ётқизилган.

Украина Ички ишлар вазирлиги 16 нафар ҳуқуқ- тартибот ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди.

Айни пайтда мухолифат вакиллари ҳалок бўлганлар сони анча кўплигини айтмоқда. Майдон тиббий хизмати координатори Олег Мусийга кўра, фақат пайшанба кунининг ўзида Киевда 70 дан 100 нафаргача одам ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганлар орасида 22 яшар журналист Игорь Костенко ҳам бор.

Хабарларга кўра, ярадор бўлганларнинг аксари тартибсизликларга алоқадорлик айблови билан ҳибсга олинишдан қўрқиб, шифохонага мурожаат қилмаяпти.

Киевда 18 февралдан буён ҳукумат кучлари билан намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар кескинлашди.

Интернетда пайдо бўлган видеоларда милиция намойишчиларга қарши снайпер милтиқлари ва автоматлардан фойдалангани кўрсатилган.


Украина Ички ишлар вазири милицияга ўқ отар қуроллари берилганини тасдиқлаб, улар қонун доирасида ишлатилишини айтди.

Бугун тунда Олий Рада ўт очишни тўхтатиш ва милиция махсус кучлари ҳамда ҳарбийларни қайтариш бўйича қарорни қабул қилди.

Киев шаҳри маъмурияти етакчиси, президент Виктор Януковичнинг яқин сафдошларидан бири Владимир Макеенко Регионлар партиясидан чиқаётганини эълон қилди.

Украина Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, бугун 21 февраль куни Киев марказида намойишчилар билан милиция ўртасида янги тўқнашувлар юзага келган. Вазирлик маълумотига кўра, номаълум шахслар Институт кўчасидаги ҳарбийларга қарата ўт очган ва Олий Рада йиғилиши кетаётган бинога бостириб киришга ҳаракат қилган.

Киевда бўҳрондан чиқиш шартлари бўйича келишилди

Украина президенти маъмурияти маълум қилишича, мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронни бартараф қилиш борасидаги музокара қатнашчилари вазиятдан чиқиш шартлари бўйича келишиб олган.

Яқин фурсатда тегишли келишув имзоланиши хабар қилинди. Ҳозирча келишув шартлари очиқланмади.



Бутун тун бўйи давом этган музокарада президент Виктор Янукович, мухолифат лидерлари Арсений Яценюк, Виталий Кличко ва Олег Тягнибок ҳамда Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер ва Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийлар қатнашган.

Франция Ташқи ишлар вазири Лорен Фабиус сўзлашувларни “ўта мураккаб” дея баҳолади. Унинг польшалик ҳамкасби Радослав Сикорский эса музокараларда ижобий силжиш борлигини айтиб ўтди.

ЕИ Украинада сўнгги бир неча кундан бери давом этаётган қонли тўқнашувларга масъул дея кўрилган мулозимларга нисбатан активларни музлатиш ва виза чекловларини жорий этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG