Линклар

logo-print

Обидхон қори издошлари Швецияда норозилик пикети ўтказди

  • Садриддин Ашур

Швеция парламенти биноси олдидаги норозилик намойиши.

Швеция парламенти биноси олдидаги норозилик намойиши.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга қарши суиқасд уюштирилганининг икки йиллиги муносабати билан Швецияда яшайдиган бир гуруҳ муҳожир ўзбеклар 21 февраль куни мамлакат парламенти биноси қаршисида пикет уюштирди. Пикет қатнашчилари Швеция ҳукуматидан Обидхон қори қотилларини топиб, жиноий жавобгарликка тортишни тезлаштиришни талаб қилдилар.

21 февраль куни соат 10дан 13 гача ўтказилган норозилик пикети Стокҳолм шаҳридаги Швеция парламенти қаршисидаги майдонда бўлиб ўтди.

Бу норозилик тадбирида Обидхон қори Назаровнинг Швецияда яшовчи эллик нафардан зиёд издошлари, мухолифат вакиллари ҳамда мустақил ўзбек журналистлари иштирок этди.


Пикет ташкилотчиларидан бири Абдулазизнинг айтишича, бу тадбирдан асосий мақсад Швеция ҳукумати эътиборини Обидхон қори қотилларини топишга қаратиш бўлган:

- Бу тадбирдан асосий мақсад, қори акага бўлган суиқасд борасидаги тергов ишини яна ҳам кучайтиришни ва бу тергов ишларида адолатни қарор топтиришни талаб қилиш бўлди, деди Абдулазиз.

Суҳбатдошнинг айтишича, улар бу норозилик тадбирида швед ҳукумати орқали Европанинг бошқа давлатларига ҳам мурожаат қилган:

- Биз Европанинг бошқа давлатларига ҳам ўз норозилигимизни билдирмоқчимиз. Масалан, бу давлатлардан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан қаттиқроқ туришини талаб қиламиз. Чунки, Ўзбекистонда ҳозир ҳам инсон ҳуқуқлари поймол бўляпти, жиноятлар, одам ўлдиришлар давом этяпти. Лекин шунга қарамасдан Каримов Брюсселга, Латвияга келди, Чехия таклиф қилди. Европа давлатлари иқтисодий мақсадларини сиёсий мақсадлардан устун қўяётганидан биз норозимиз, деди Абдулазиз.

​Обид қори Назаров икки йил аввал, 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

55 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди. Обидхон қори Назаров жонига қасд қилганликда гумон қилинаётган Юрий Жуковский исмли шахс ҳамон ушлангани йўқ.

Суиқасдга алоқадор деб кўрилган ўзбекистонлик эр-хотин - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова ўтган йил июль ойида маҳкама қарорига биноан айбсиз деб топилиб, озодликка чиқарилганди.

Маҳкама ишини кузатган ўзбекистонлик муҳожирлар маҳкама қарори адолатсиз бўлганини таъкидлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG