Линклар

logo-print

Қозоғистон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилан Nexia ва Matiz автомобиллари импортини тўхтатиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Қозоғистонда чиқадиган Колёса.кз порталининг хабар қилишича, ўзбек машинлари Россия, Қозоғистон ва Беларус иштирокида тузилган Божхона иттифоқининг янги техника меъёрларига жавоб бермагани бунга сабаб бўлган. Қозоғистонда Nexia ва Matiz машиналари билан савдо қилувчи расмий дилерлар жорий қилинган чекловлардан бехабар эканиликларини айтмоқда. Uz-Daewoo ширкатини Россияда тамсил қилувчи Узавторус ширкати эса бу хабарни “миш-миш”, дея атамоқда.



Жума куни қозоқ нашрларида пайдо бўлган хабарга кўра, Божхона иттифоқи доирасида амал қиладиган “Ғилдиракли транспорт воситалари хавфсизлиги талаблари”га доир техник регламентга ўзгартишлар киритилгани боис Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo Nexia ва Matiz автомобилларини Қозоғистонга импорт қилиш тўхтатилган.

Жорий йил 5 январидан кучга киргани айтилаётган ўзгартишларга кўра, Божхона иттифоқи ҳудудига импорт қилинаётган машиналарда камида ҳайдовчи учун хавфсизлик ёстиқчаси бўлиши кераклиги айтилган. Бундан ташқари машиналар ABS ва ISOFIX каби хавфсизлик воситалари билан жиҳозланиши ҳам талаб қилинмоқда.

Божхона иттифоқи ҳукуматлараро комиссияси “Ғилдиракли транспорт воситалари хавфсизлиги талаблари”га доир регнланментни 2011 йил охирида ишлаб чиққан. Лекин унинг иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудида кучга киргани ва шу муносабат билан ундаги талабларга амал қилина бошлаганига доир расмий хабарлар пайдо бўлганича йўқ.

Божохона иттифоқи комиссияси вакиллари ҳам Озодлик билан суҳбатда мазкур регламент иттифоқ ҳудудида кучга кирганини аниқ айтиб бўлмайди, деган мужмал жавобни қайтаришди.

Қозоғистон иқтисодиёт ва савдо вазирлигининг Божхона иттифоқи масалалари бўйича департаменти расмийси ҳам мазкур ҳужжат кучга киргани ёки ўзбек машиналари импорти тақиқланганидан бехабар эканини таъкидлади.

Uz-Daewoo ширкатини Россияда тамсил қилувчи Узавторус компанияси ижрочи директори Игорь Давидов Озодлик билан суҳбатда, қозоқ нашрларида пайдо бўлган хабарни “миш-миш”, дея баҳолади.

- Мен қаердадир пайдо бўлган миш-мишларни изоҳлай олмайман. Бу борада, яъни ўзбек машиналарига тақиқ қўйилгани борасида алоҳида кўрсатмалар келгани йўқ. Ҳозирча машиналаримиз жуда яхши сотилмоқда. Ҳозирда янги моделлар сотвуга чиқарилмоқда, масалан, Gentra модели оммалашиб бормоқда. Лекин Nexia ва Matiz машиналарининг ҳам аввалгидай бозори яхши, дейди Uz-Daewoo ширкатининг расмий вакили.

Қозоғистонда Uz-Daewoo Nexia ва Matiz машиналари билан савдо қилувчи расмий дилерлар ҳам ҳозирча ўзбек машиналари импорти тўхталишидан бехабар эканликларини билдирди.

Олмаотадаги Uz-Daewoo дўкони вакили, Озодлик билан суҳбатда, келаси ой бошида Ўзбекистондан Nexia ва Matiz машиналарининг катта партияси келтирилишини маълум қилди.

- Ҳозирда бизда омборда машиналар тугаб қолди. Лекин келаси ойда янги партия келишини кутяпмиз. Яқин вақт ичида янги машиналарнинг келтирилишини кутаётган эканмиз, демак бу гапларда жон йўқ, дея билдирди Олмаотадаги Uz-Daewoo расмий дилери.

Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент ва Атирау шаҳарларидаги бошқа расмий дилер дўконлари ҳам Uz-Daewoo машиналари импорти тўхтатилишига доир гап-сўзлардан бехабар эканликларини айтишмоқда.

Uz-Daewoo ширкатини Россияда тамсил қилувчи Узавторус компанияси ижрочи директори Игорь Давидов ўзбек машиналарида хавфсизлик ёстиқчаси, ABS тормоз тизими ва болалар ўриндиғи учун ISOFIX қулфлари йўқлигини эътироф этди. Божхона иттифоқи доирасида қабул қилиниши кутилаётган меъёрларда ана шундай талаб бор ва бу борада ўзбек автомобил ишлаб чиқарувчилар билан иш олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди Узавторус ширкати раҳбари.

- Ҳозир бу автомобилларда уларни импорт қиладиган давлатлар талаб этадиган опциялар, яъни хавфсизлик воситаларини ўрнатиш борасида иш олиб борилмоқда. Шуни айтишим мумкинки, ўзбекистонлик автомобил ишлаб чиқарувчилари бу масалага жиддий қарамоқда, дейди Узавторус ширкати ижрочи директори Игорь Давидов.

Uz-Daewoo машиналари Қозоғистон ва Россияда анча оммабоп ҳисобланади. Ширкатнинг Қозоғистондаги вакилларига кўра, ўтган йили мамлакатда жами 10 миндан ортиқ Nexia автмобили сотилган.

Лекин шунга қарамай Россияда ўзбек автомобилларига талаб йил сайин камайиб бораётгани кузатилмоқда.

Масалан, ўзбек машиналари орасида энг харидоргири ҳисобланган Nexia савдоси Россияда ўтган йили 33 фоизга камайгани хабар қилинди.

GM Uzbekistan ширкати 2013 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, 190 мингдан ортиқ автомобил ясаганини маълум қилди. Лекин шу билан биргаликда экспорт ҳажми камамяётганига қарамасдан, ўзбекистонлик харидор ҳамон машина сотиб олиш учун ойлаб навбат кутишига тўғри келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG