Линклар

logo-print

Украина мухолифати парламентни Януковични лавозимидан бўшатишга чақирди


Украина президентининг "Mezhygiria"даги резиденцияси, Киев ш., 2014 йил, 22 февраль.

Украина президентининг "Mezhygiria"даги резиденцияси, Киев ш., 2014 йил, 22 февраль.

Украина мухолифати етакчиларидан бири Виталий Кличко мамлакат парламентини президент Виктор Януковични лавозимидан бўшатиши ва 2014 йил 25 майгача муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказишга чақирди. Парламентнинг шанба кунги сессияда сўзлаган Кличко “президент Янукович Киевни тарк этди ва бугун, парламент ягона қонуний орган” деди.

22 февраль куни Киевда Украина президентининг идорасини эгаллаб олган ҳукуматга қарши намойишчилар Виктор Януковичдан истеъфога чиқишни талаб қилдилар.

Украинадаги ахборот воситалари президент идораси бўм-бўш экани ва идорани ҳеч ким қўриқламаётганини хабар қилди.

Ундан олдин намойишчилар, жума куни мухолифат ва президент ўртасида эришилган сиёсий келишувни рад қилиб, Янукович истеъфога чиқмаса, президент саройини штурм қилишга таҳдид қилганди.

Киевдаги намойиш қатнашчилардан бири Владимир Рейтерс агентлигига воқеалар шиддат билан ривожланаётганини айтди.

- Билмадим... Сўнгги кунларда воқеалар шиддат билан ривожланмоқда. Хатто бугун қандай воқеалар рўй бериши мумкинлигини айта олмаймиз. Одамлар Янукович истеъфога чиқишини кутяпти. Бизда ҳозирги вазиятдан чиқишнинг бошқа йўли йўқ, - деди Владимир.

Пойтахтдаги норозилик акцияси қатнашчиларидан яна бири Владимир юзага келган вазиятни ўта мураккаб дея баҳолади.

- Вазият ўта мураккаб. Ушбу ҳукумат шунчалар кўп мантиқсиз ишлар қилганки, тўғрисини айтсам, нима кутишни ҳам билмайман. Биз бу ерда бугун нималар бўлиши мумкинлигини билмаган ҳолда турибмиз. Биз ҳаммаси яхши бўлишига умид қиляпмиз. Чунки одамлар жисмонан ва руҳан чарчаган. Ҳамма уйига кетишни хоҳлайди. Аммо биз ўз мақсадимиз амалга ошмагунча шу ерда тураверамиз,- деди ҳукуматга қарши намойишчи Владимир.

Шанба куни Виктор Януковичнинг матбуот котиби Анна Ҳерман ахборот агентликларига президент Украинани тарк этиш ниятида эмаслигини билдирди. Ҳерманга кўра, ҳозирда Янукович Ҳарьков шаҳрига сафар қилмоқда.

Маҳаллий ахборот агентликлари президент Янукович ўзи етакчилик қилаётган Минтақалар партиясига иттифоқчи бўлган Украина Фронтининг Бутун Украина жамоатчилик иттифоқи вакиллари билан учрашиш учун Ҳарьковга жўнаб кетганини билдирди.

Шанба куни Украина парламенти –Олий Рада раиси ўринбосари депутатларга ҳукуматга хайриҳох бўлган Олий Рада раиси Владимир Рибак истеъфога чиққанини эълон қилди.

Хабарларга кўра, шанба куни парламентнинг 13 нафар депутати Януковичнинг Минтақалар партияси аъзолигидан чиққан.
XS
SM
MD
LG