Линклар

logo-print

Виктор Янукович: Украинадаги сўнгги воқеалар давлат тўнтариши


Украина президенти Виктор Янукович.

Украина президенти Виктор Янукович.

Украина парламенти собиқ Бош вазир Юлия Тимошенкони зудлик билан қамоқдан озод қилиш ҳақидаги резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. Шанба кунги овоз беришда залда ҳозир бўлган 326 депутатнинг 322 нафари ҳужжатни ёқлаб овоз берди. Украина президенти Виктор Янукович мамлакатда кечаётган сўнгги воқеаларни “давлат тўнтариши” дея баҳолаб, истеъфога чиқмаслигини маълум қилди.

Украина парламенти – Олий Рада аъзолари мамлакат собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкони қамоқдан озод қилиш тўғрисида резолюция қабул қилишидан олдин депутатлар Тимошенконинг иттифоқчиси бўлган “Баткившина” партиясидан депутатликка сайланган Александр Турчиновни парламент раиси ҳамда Арсен Аваковни Ички ишлар вазири этиб сайлади.

Парламентнинг 22 февраль кунги сессияда депутатлар Бош прокурор Вико Пшонкага ишончсизлик билдирди.

Йиғилишда чиқиш қилган мухолифатдаги Озодлик партияси етакчиси Олег Тягнибок депутатларга Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ўта муҳим эканини таъкидлади.

- Биз мамлакатимиз парчаланиб кетишига йўл қўя олмаймиз. Бу ерга йиғилганларнинг ҳаммаси сиёсатчи. Биз Украина парчаланишидан манфаатдор одамлар борлигини яхши тушунишимиз керак. Бизнинг вазифамиз Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишдан иборат, дея баёнот берди Олег Тянгибок.

Шанба куни Украина президентининг Киевдаги идорасини эгаллаб олган ҳукуматга қарши намойишчилар Виктор Януковичдан истеъфога чиқишни талаб қилдилар.

Маҳаллий ахборот воситалари президент идораси бўм-бўш экани ва идорани ҳеч ким қўриқламаётганини хабар қилди.

Ундан олдин намойишчилар, жума куни мухолифат ва президент ўртасида эришилган сиёсий келишувни рад қилиб, Янукович истеъфога чиқмаса, президент саройини штурм қилишга таҳдид қилганди.

Украина Президенти Виктор Янукович мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтариши” дея баҳолаб истеъфога чиқмаслигини маълум қилди.

Украина телевидениесига интервью берган Янукович “ўзи Украинанинг қонуний сайланган президенти экани” ва парламент қабул қилган қарорлар қонунга зид эканини таъкидлади.

Киевдаги намойиш қатнашчилардан бири Виталий Рейтерс агентлиги мухбири билан суҳбатда юзага келган вазиятни ўта мураккаб дея баҳолади.

- Вазият ўта мураккаб. Ушбу ҳукумат шунчалар кўп мантиқсиз ишлар қилганки, тўғрисини айтсам, нима кутишни ҳам билмайман. Биз бу ерда бугун нималар бўлиши мумкинлигини билмаган ҳолда турибмиз. Биз ҳаммаси яхши бўлишига умид қиляпмиз. Чунки одамлар жисмонан ва руҳан чарчаган. Ҳамма уйига кетишни хоҳлайди. Аммо биз ўз мақсадимиз амалга ошмагунча шу ерда тураверамиз,- деди ҳукуматга қарши намойишчи Виталий.

Януковичнинг матбуот котиби Анна Ҳерман ахборот агентликларига президент Украинани тарк этиш ниятида эмаслигини билдирди.

Ҳерманга кўра, Янукович собиқ ҳукмрон Минтақалар партиясининг Харьков шаҳридаги йиғилишида қатнашиш учун жўнаб кетган.

Харьковдаги йиғилишда Россиянинг Украинага чегарадош бўлган тўртта вилояти раҳбарлари ҳам қатнашмоқда. Россия делегациясига Давлат думасининг Хорижий алоқалар қўмитаси раиси Алексей Пушков бошчилик қилмоқда.

Пушков Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида: “Харьковдаги учрашувда сепаратчилик масаласи умуман муҳокама этилмаяпти. Асосий мавзу, мамлакатни парчалаш эмас, уни сақлаб қолиш ҳақида бўляпти” деб ёзди.

Харьков учрашуви қатнашчилари Олий Рада депутатлари шанба куни қабул қилган қарорлар Украина қонунларга мос эканига шубҳа билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG