Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:30

Украина парламенти муддатдан олдин президентлик сайловини белгилади


Украина парламенти аъзолари президент Виктор Янукович ўз вазифасини бажара олмаганини рўкач қилиб, 25 май куни муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Украина президенти Виктор Янукович мамлакатда кечаётган сўнгги воқеаларни “давлат тўнтариши” дея баҳолаб, истеъфога чиқиш режаси йўқлигини билдирди. Айни пайтда, собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко парламент қабул қилган резолюцияга мувофиқ қамоқдан озод бўлди.


22 февраль куни Украина парламенти – Олий Рада аъзолари президент Виктор Янукович ўз вазифасини бажара олмаганини таъкидлаб, 25 май куни муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.

- Украина халқи, мамлакатимиз, ўз вазифасини бажаришни тўхтатган ва қаерда экани номаълум бўлган президентнинг кайфиятига қарам бўлиб қола олмайди, дея баёнот берди Олий Раданинг янги раиси этиб сайланган Александр Турчинов.

Шанба куни Харьков шаҳридаги телеканал орқали чиқиш қилган президент Виктор Янукович “Украинанинг қонуний сайланган президенти ўзи экани” ва парламент қабул қилган ҳамма қарор қонунга зид эканини таъкидлади.

Янукович мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтариши” дея баҳолаб истеъфога чиқиш режаси йўқлигини билдирди.

Ундан олдин Украина парламенти аъзолари собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкони қамоқдан озод қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Тимошенко Харьков шаҳридаги қамоқхона касалхонасидан озодликка чиқди.

Тимошенко 2011 йилда хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазоси ҳукм этилган эди.

Парламентнинг шанба кунги йиғилишида депутатлар Тимошенконинг иттифоқчиси бўлган “Баткившина” партиясидан депутатликка сайланган Александр Турчиновни парламент раиси ҳамда Арсен Аваковни Ички ишлар вазири этиб сайлади.

Йиғилишда депутатлар мамлакат Бош прокурори Вико Пшонкага ишончсизлик овози билдирди.

Йиғилишда сўзлаган мухолифатдаги Озодлик партияси етакчиси Олег Тягнибок депутатларга Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ўта муҳимлигини таъкидлади.

- Биз мамлакатимиз парчаланиб кетишига йўл қўя олмаймиз. Бу ерга йиғилганларнинг ҳаммаси сиёсатчи. Биз Украина парчаланишидан манфаатдор одамлар борлигини яхши тушунишимиз керак. Бизнинг вазифамиз Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишдан иборат, дея баёнот берди Олег Тянгибок.

Шанба куни Украина президентининг Киевдаги идорасини эгаллаб олган ҳукуматга қарши намойишчилар Виктор Януковичдан истеъфога чиқишни талаб қилдилар.

Жума куни намойишчилар мухолифат ва президент ўртасида эришилган сиёсий келишувни рад қилиб, Янукович истеъфога чиқмаса, президент саройини штурм қилишга таҳдид қилганди.

Януковичнинг матбуот котиби Анна Ҳерман ахборот агентликларига президент Украинани тарк этиш ниятида эмаслигини билдирди.

Ҳерманга кўра, Янукович собиқ ҳукмрон Минтақалар партиясининг йиғилишида қатнашиш учун Харьков шаҳрига жўнаб кетган.

Харьков йиғилишида Россиянинг Украинага чегарадош бўлган тўртта вилояти раҳбарлари ҳам қатнашди. Россия делегациясига Давлат думасининг Хорижий алоқалар қўмитаси раиси Алексей Пушков бошчилик қилди.

Харьков учрашуви делегатлари, минтақа раҳбарлари парламент салоҳиятини рад қилувчи баёнотга имзо чекдилар.

Шанба куни Украина Ички ишлар вазирлиги “Украина халқи билан бирга экани”ни эълон қилиб, фуқароларни жамоат тартибини биргаликда таъминлашга чақирди.

Украина армияси Бош штаби чиқарган баёнотда эса “Украина армияси мамлакат конституциясида белгиланган вазифасини бажаришга содиқ қолиши ва ички сиёсий можарога аралашмаслиги” таъкидланган.
XS
SM
MD
LG