Линклар

logo-print

Тимошенко Украинадаги зўравонликлар учун Януковични айблади


Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко.

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко Киевнинг Мустақиллик майдонига йиғилган намойишчиларни норозилик акцияларини давом эттиришга чақирди. Тимошенко намойишлар пайтида ўнлаб киши нобуд бўлганига президент Виктор Янукович ва унга яқин расмийлар масъул эканини таъкидлади.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко Киевнинг Мустақиллик майдонига йиғилган намойишчиларни норозилик акцияларини давом эттиришга чақирди. Тимошенко намойишлар пайтида ўнлаб киши нобуд бўлганига президент Виктор Янукович ва унга яқин расмийлар масъул эканини таъкидлади.


23 февраль куни Украина пойтахти Киевнинг Мустақиллик майдонида вазият сокин бўлди.

Бир кун олдин Украина парламенти Виктор Януковични президент лавозимидан четлатиб, 25 май куни муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.

Парламентнинг 22 февраль кунги резолюциясига мувофиқ, Харьков шаҳридаги қамоқхона шифохонасида даволанаётган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко дарҳол озод этилди.

Шанба куни кечқурун Киевда минглаб намойишчи олдида чиқиш қилган Тимошенко ўтган ҳафтада 70 дан зиёд намойишчи хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилганига Виктор Янукович ва унинг иттифоқчилари масъул эканини урғулади.

- Қамоқда ўтирган пайтимда дунёга келиб, сизлар билан бирга яшашни энг катта бахт, деб билдим. Чунки Сизлар энг ажойиб инсонларсиз. Лекин ҳозир бир неча муҳим ишни амалга оширишимиз лозим. Аввало, биз Янукович ва унинг ҳамтовоқларини мана шу майдонга олиб келишимиз керак, - дея баён қилди Тимошенко.

23 февраль куни Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги Киевда намойишчилар билан милиция ходимлари ўртасида содир бўлган тўқнашувларда 82 киши нобуд бўлгани ва 645 одам жароҳат олганини билдирди.

Шанба куни пойтахт Киевни тарк этган Виктор Януковичнинг ҳозир қаердалиги маълум эмас.

Украинадаги ахборот воситалари хабарига кўра, Янукович Донецк аэропортидан самолётда чартер рейс билан хорижга учиб кетмоқчи бўлган пайтда чегара хизмати ходимлари парвозга рухсат бермаган.

Харьков шаҳридаги телеканалга шанба куни интервью берган Янукович президентлик лавозимидан истеъфога чиқиш нияти йўқлигини урғулади.

Украинадаги воқеаларни “бузғунчилик, безорилик ва давлат тўнтариши” деб атаган Виктор Янукович мамлакат парламенти шанба куни қабул қилган ҳамма қарорлар ноқонуний эканини таъкидлади.

- Мен мамлакатни тарк этиш ниятида эмасман. Мен истеъфога чиқмоқчи эмасман. Мен қонуний сайланган президентман. Мен бирга ишлаган ҳамма халқаро воситачилар хавфсизлик ҳақида кафолат беришган. Мен улар ўз ваъдасининг устидан қандай чиқишини кўраман, - дея баёнот берди Виктор Янукович.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Юлия Тимошенконинг қамоқдан озод бўлганини олқишлади.

Собиқ бош вазир Тимошенко хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганлик айби билан 2011 йили етти йиллик қамоқ жазоси ҳукм этилган эди.

Оқ Уй эълон қилган баёнотда “кучли, фаровон, муштарак ва демократик Украина”ни қўллаб-қувватлашда Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари ва Россия билан бирга ишлаши маълум қилинган.

Виктор Янукович ва мухолифат ўртасида келишув имзоланишида Франция, Польша ва Германия вакиллари билан воситачилик қилган Европа Итифоқи Украинадаги “сиёсий бўҳронга узоқ муддатли ечим топилиши керак”лигини билдирди.

Россия эса украин мухолифати сиёсий бўҳронга чек қўйиш мақсадида имзоланган келишувдаги мажбуриятларини бажармагани айтди.

Шанба куни Харьков шаҳрида йиғилиш ўтказган вилоятлар раҳбарлари парламент салоҳиятларини рад этувчи резолюция қабул қилдилар.

Украинада ҳукуматга қарши норозиликлар ноябрь ойида президент Виктор Янукович Европа Иттифоқи билан интеграциялашиш ҳақида келишув имзолашдан бош тортиб, Россия билан яқинлашишга қарор қилганидан кейин бошланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG