Линклар

logo-print

Адлия вазирлиги аҳоли ерини тортиб олиб, товон пулини тўламаган ҳокимларни танқид қилди


Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастури оқибатида кўплаб ўзбекистонликлар уйсиз қолди.

Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастури оқибатида кўплаб ўзбекистонликлар уйсиз қолди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги фуқароларнинг ерларини давлат эҳтиёжлари учун тортиб олиб, кўрилган зарарни тегишли тарзда қопламагани учун маҳаллий ҳокимият вакилларини танқид остига олди. Бу ҳақда хабар қилган 12uz.com нашрининг адлия вазирлиги расмийларига таяниб ёзишича, бундай ҳолатлар Бухоро ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Олот, Зангиота, Бешариқ ва Риштон туманларида қайд этилган.

Адлия вазирлиги вакили Муродилла Турсунметовнинг “текширувлар давомида маҳаллий маъмуриятлар қонун талаблари бузилишига йўл қўйиб бераётгани аниқланди... Натижада, ҳокимиятларнинг бундай қарорлари жиддий хато ва камчиликларга олиб келмоқда”, деган сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастурининг амалга оширилиши оқибатида кўплаб ўзбекистонлик ўз уйлари, ерлари ва бошқа турдаги мулкидан маҳрум этилиб, аксар ҳолларда товон пули ололмаётгани кузатилмоқда.

Айниқса, қиш мавсумида ҳам тўхтамаган “ободонлаштириш” дастури оқибатида вилоятларда аҳоли уйлари бузилиб, эгалари кўчада қолганига доир ҳолатлар кузатилди.

Бундан ташқари “намунавий уйларни қуриш” ҳаражатларининг ўқитувчи, шифокорлар ва бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг зиммасига юклатилаётгани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган.

Маҳаллий ҳокимиятларни танқид қилган адлия вазирлиги, давлат дастури Ўзбекистон марказий ҳокимияти ташаббуси ва қаттиқ назорати остида амалга оширилаётганини қайд этмаган.
XS
SM
MD
LG