Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:43

Украина муваққат ҳукумати Виктор Януковични қидирувга берди


Украина иқтидоридан қувилган президент Виктор Янукович қидирувга берилди. Айни пайтда Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон душанба куни Киевга икки кунлик ташриф билан келмоқда. Украина муваққат ҳукумати билан режалаштирилган учрашувларда Эштон мамлакатда вужудга келган сиёсий бўҳрондан чиқиш ва иқтисодни барқарорлаштириш йўлларини муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди.



Украина собиқ президенти Виктор Януковични ҳибсга олишга ордер берилди. Бу ҳақда душанба куни мамлакат ички ишлар вазири вазифасини бажараётган Арсен Аваков ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди.

“Тинч фуқароларни оммавий ўлдириш айблови бўйича расмий иш очилди”, дея ёзди Аваков. Унинг маълум қилишича, “Янукович ва бунинг учун бошқа жавобгарлар қидирувга эълон қилинган”.

Аваковга кўра, Януковични сўнгги бор россияпараст Қрим минтақасида кўришган. Ички ишлар вазирининг айтишича, Янукович Қримга якшанба куни етиб борган ва ўзининг расмий хавфсизлик хизматидан воз кечиб, машинада номаълум йўналиш бўйича кетиб қолган.

Ўтган ҳафта Украинада рўй берган зўравонликларда, соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 80дан ошиқ одам, асосан намойишчилар ҳалок бўлган.

Кэтрин Эштоннинг Киевга ташрифи ўтган ҳафта охирида президент Виктор Янукович парламент томонидан ҳокимиятдан четлатилиб, мухолифат етакчиси Олександр Турчинов аввал парламент раислиги, кейин эса муваққат президент ва бош вазир вазифасини бажаришга тайинланиши ортидан амалга ошмоқда.

Мамлакатга муваққат раҳбар этиб тайинлангач, Турчинов парламентни сешанба кунга қадар миллий бирлик ҳукуматини тузишга чақирди.

Якшанба куни кечқурун Турчинов телевидение орқали қилган чиқишида олдида турган устувор масала Украина парчаланиб кетишинин олдини олиш бўлишини таъкидлади.

- Бизнинг энг долзарб вазифамиз мамлакатда можарони тўхтатиш, назорат, мувофиқлаштирув ва қонун устуворлигини тиклаш, барча махсус кучларни ва ички қўшинларни ўзларининг дисклокация жойларига қайтариш ҳамда тинчлик ва тартибни кафолатлаб, оломон ҳукмролига йўл қўймасликдан иборат бўлади. Ҳар қандай айирмачилик ва Украина яҳлитлигига нисбатан таҳдидга қарши кескин жавоб қайтаришимиз керак, деди муваққат президент.

Турчинов Россия билан муносабатларни ҳам сақлаш ниятида эканини таъкидлаган ҳолда, Киевнинг Европа билан интеграциялашув йўлига қайтишини аниқ иборалар билан баён қилди.

- Биз Европа мамлакатлари доирасига қайтишимиз керак. Биз Россия билан муносабатларимиз муҳим экани, мамлакатимизнинг Европа танловини ҳурмат қиладиган бу мамлакат билан янгича, адолатли, тенг ҳуқуқли ва яхши ниятга асосланган алоқалар ўрнатишимиз кераклигини ҳам тушунамиз. Айни шу танлов жорий йилнинг 25 май куни ўтказиладиган президент сайловида тасдиқланишига умид қиламан, деди Турчинов.

Муваққат президент ўз салафи Янукович ва унинг бош вазири Микола Азаров Украинани қийин иқтисодий аҳволда қолдириб кетганини ва иқтисодни тиклаш асосий вазифалардан бири бўлишини ҳам таъкидлади. Бу вазифаларга Украина миллий валютаси гривна барқарорлигига эришиш, сармоядорлар ишончини қайтариш, бизнес ривожланишига ёрдам бериш ва янги иш ўринларини яратиш кабилар киради, деди Турчинов.

Украинанинг қарзга ботган иқтисоди дефолтга учраши мумкинлигига доир хавотирлар қимматбаҳо қоғозлар бозорида саросимага олиб келди ва Украина ҳукумати облигациялари нархининг ошиши ва гривнанинг 10 фоизга қадрсизланишига сабаб бўлди.

Эштон душанба ва сешанба кунларига белгиланган учрашувларда ЕИ томонидан иқтисодий ёрдам кўрсатилишига доир масалаларнинг кўтарилиши кутилмоқда. Брюссель бу ёрдам мамлакатнинг янги раҳбарияти Халқаро Валюта жамғармаси билан янги келишувга эришишига боғлиқ бўлишини айтмоқда.

ХВЖ раҳбари Кристин Лагард якшанба кунги чиқишида Украина ёрдам сўрайдиган бўлса, ХВЖ бундай ёрдамни кўрсатишга тайёр бўлади, дея ваъда қилди.

АҚШ Молия вазири Жэйкоб Лью Вашингтон Украина янги раҳбарияти ислоҳотларни амалга ошириш йўлидан борса, мамлакат иқтисодини тиклашга кўмаклашишини ваъда қилди.

Россия Молия вазири Антон Силуанов якшанба куни қилган чиқишида Москва Украинада янги ҳукумат тузилгач, ўтган йили Янукович ҳукуматига ваъда қилинган 15 миллиард долларлик иқтисодий кўмакни тақдим қилиш масаласи бўйича қарор беришини билдирди.

Москва Киевдаги элчисини, Россия Ташқи ишлар вазирлиги таъбири билан айтганда, “маслаҳатлашувлар” учун чақиртириб олди.
XS
SM
MD
LG