Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:47

Россияга кетган коллеж ўқувчиси ўқишдан мосуво қолди


Қашқадарё вилоятидаги Нишон транспорт касб-ҳунар коллежининг 2-босқичи биринчи ярмини ўқигач, Россияга ишлагани кетган ўқувчи икки ой дарсда бўлмагани учун ўқишдан ҳайдалди. Ўсмир ёшида эҳтиёжманд оиланинг боқувчисига айлангани боис, пул топишга мажбур қолганини айтган ўқувчи ўқишга тикланишни сўраб, туман ҳокимига қадар қилган шикоятлари кор қилмаганидан Озодликка арз қилди.



Қашқадарёлик 20 яшар Шодиёр Аннақулов вилоятдаги Нишон транспорт касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида 2 ой дарс қолдиргани учун ўқиш имконидан маҳрум бўлди.

Кам таъминланган оила тўнғичи бўлган Шодиёр ўқишнинг иккинчи курси ярмига келганда отаси тўшакка михланиб қолгач, ҳам ўзи, ҳам оиласини боқишга маҳкум бўлиб қолганини айтади.

- 2013 йилнинг апрелидан бошлаб, ўқишга бормаганман. Россияга кетганман, чунки ўқишга боришга, оиламизни боқишга пул топишим керак эди. 6-7 ой ишлаб, яна бир йил оилани боқишга, 3-босқични ҳам тугатишимга етадиган пул топиб келдим. Кейин, ўқишга қатнадим. Лекин, директоримиз 3-курс охирига етай деганда, мени ўқишдан чиқариб юборди,- дейди ҳозир яна Россияда ишлаб юрган Шодиёр.

Унинг ҳикоя қилишича, оиласининг ягона боқувчиси бўлган отаси ўтган йили оғир жароҳат олиб ишга яроқсиз бўлиб қолган. Ота мардикор уста ва аҳоли уйларини қуриш, асосан том ёпиш билан шуғулланиб келган.

- Олдин қўли синиб келди отамнинг. Суяги ёрилиб кетди, лекин шунда ҳам ишга қатнаб юрди. Кейин, қўлини эҳтиёт қиламан, деб яна томдан йиқилди, оёғи синиб, тамомила ётиб қолди. Мен катта ўғил бўлганим учун мажбур бўлдим пул топишга, ўқишни тўхтатишга,- дейди Шодиёр.

Аммо оилавий шароити оғир аҳволга тушганидан эсанкираб қолган йигит коллеж маъмуриятини ўқишни тўхтатишга мажбур қолганидан огоҳлантирмади.

- Мен Россияга ишлагани кетяпман, десам ким менга рухсат беради? Ҳеч ким. Россиядан бошқа жойдан пул топиб бўлмаса, бизга ўхшаган оилаларга пенсия бермаса, иш бермаса? Нима қилишим керак эди? Ҳамма қатори Россияга кетдим,- дейди оғир шароитда қолган оиланинг боқувчисига айланган собиқ ўқувчи.

Россияда ўтган йилнинг апрель ойидан ноябрь ойига қадар ишлаган Шодиёр бор кучи билан пул топишга урингани ва яхшигина пул топганини айтади.

- Бор кучим билан емай-ичмай пул йиғдим. Уйга ҳам жўнатдим, ўқишгаям тўпладим. Чунки, ўқишни яхши кўрардим, нима қилиб бўлса ҳам тугатаман, деган эдим. Кузда пахта пайтида ҳам мен Россияда қолиб пул ишладим. Кейин декабрдан ўқиш бошланганда, коллежга бордим. Лекин директор мени ўқитмади. 2-курсни бошидан ўқийсан, дейди. Агар менда шу ўқишга пул бўлса, мен шунақа қилиб Россияда юрармидим?! Мен Китоб туманида тураман, йўл кирага зўрға пул топдимки Россияларда юриб!- дейди Шодиёр.

Шодиёр аввалига ўқитувчилари, кейин мактаб директори билан қайта-қайта гаплашиб, уларга шароитини тунуштиришга урингани, аммо натижаси бўлмагач, Нишон туман ҳокими қабулигача борганини айтади.

- Ҳаммаси тушунгандай бўлди, лекин ёрдам бермади. Прокуратурага ёздим кейин. Улар бўлса, сен Россияда нима қилиб юрган эдинг, нимага ёза-ёз қилаяпсан, ўзингни қамаб юборамиз, деб наоборот менга угроза қилишга ўтди. Охир бўлмади, яна ҳаммасини йиғиштириб Россияга келдим. Йилда бир кун ўқишга бормаган баъзи курсдошларим ҳам дипломини олиб, мен билан Россияга келди наоборот,- дейди қашқадарёлик ўспирин.

Нишон транспорт касб-ҳунар коллежи маъмуриятидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, вилоятдаги бир неча коллеж маъмуриятлари билан боғланган Озодлик мухбири бундай ўқувчилар сони кўплиги ва айни пайтда вилоят ҳокимлиги етакчилигида ўқувчиларнинг Россияга кетиши олдини олишга уринилаётгани ҳақида маълумот олди.

"Ҳозир ҳар бир коллеждаги Мадания ва маънавият бўлимлари бошчилигида маҳалла комитетлари ва участковой мелисалар бирга группа-группа бўлиб, ота-оналардан, маҳаллакомлардан тушунтириш хати олинаяпти. Ўқувчиларни Россияга жўнатмаслик бўйича, кейин қизларни эрга бермаслик тўғрисида", дейди Қарши шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбари.

Унинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, талабга бўйсунмаганларга энг кам иш ҳаққининг 5 баробари миқдорида жарима солиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш чораси белгиланган.

"Менинг қизим ҳам коллежда ўқийди. Мен ўзим ҳам тилхатга қўл қўйдим. Ўқишни битиргунча эрга бермайман, деб. Агар бажармаса, 5 баробар минимал оклад жарима, вақтида тўламасам, 4 ой қамоқ жазоси берилиши мумкин, деб ёзилган тилхатда" деди коллеж раҳбари.

Қашқадарё Ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Шодиёр каби оғир шароитда қолиб, Россияга кетишга мажбур бўлаётган ўқувчилар борлигини қисман тан олди.

"Агар 2 ой ўқимаган бўлса ва бунга сабаблари бўлса, ҳамма маълумотномани йиғиб бериши керак. Отасининг касаллиги, оиласида боқувчиси йўқлиги, маҳалладан буни тасдиқлайдиган ҳужжат, 2-курс давомида неча кун ўқигани, қишки сессияни топширгани - хуллас, ҳамма ҳужжатларни йиғиб, коллеж директорига беради. Кейин махсус комиссия ўрганиб чиқиб, алоҳида тартибда қарор берса, бу бола ўқишни қолган жойдан давом эттиришга рухсат олиши мумкин", деди бошқарманинг ўзини таништирмаган расмийси.

Аммо унинг сўзларига кўра, агар ўқувчи Россияга ишлагани кетган бўлса, у ҳолда бунга қарши кўрилган чора кескин бўлади.

"Бу болани майли, деб тушунсак, унисини майли, деб тушунсак - эртага ҳаммаси ҳужжатларини кўтариб келадида?! Кам таъминланган оила бўлса, боқувчиси касал бўлса, ана маҳаллага борсин, ҳокимиятга борсин - моддий ёрдам бор, нафақа пули бор. Россияда нима қилади ёш бола", деди ўқувчиларнинг хорижга иш излаб кетишини кескин қоралаган мутасадди.

Расмий маълумотга кўра, январь ойидан буён вилоят миқёсида ташкил этилган махсус гуруҳлар баҳорги мавсум олдидан Россияга кетаётган муҳожирлар орасидаги ўсмирлар йўлини тўсишга уринмоқда.

Бунинг учун маҳаллама-маҳалла юриб, оилалар ва болалар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан тилхат олаётган гуруҳлар иши натижасини республика миқёсидаги раҳбарлар иштирокида ўтаётган селектор йиғинларида тақдим қилмоқда.

Айни пайтда бундай кампания сўнгги икки ой давомида республиканинг бошқа вилоятларида кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Прокуратура, милиция, ҳокимият вакилларидан иборат гуруҳлар хорижга ишлашга кетган коллеж ўқувчиларини ҳам қайтаришга уринмоқда.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият оқибатида миллионлаб ўзбекистонлик мамлакат ташқарисига иш излаб кетган. Расмий маълумотларга кўра, Россияда камида 2 милллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор. Норасмий манбалар Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда тирикчилик қилаётган ўзбекистонликлар сони 8 миллионгача эканини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG