Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Тошкент марказидаги масжид эҳсон қутисини ўмарганлар ҳали ҳам топилмади


Кузатувчиларга кўра масжидларда ўғрилик ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Кузатувчиларга кўра масжидларда ўғрилик ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Ўтган душанба куни бир гуруҳ ўғрилар Тошкент марказидаги Хўжа Аламбардор масжидининг кузатув камераларини синдириб¸ талончилик қилишган эди. Бу ҳақда маълум қилган масжид Интернет сайтида айтилишича, ўғрилар эҳсон қутисини ўғирлашган.



17 феврал кечаси Тошкентнинг Камолон кўчасида жойлашган Хўжа Аламбардор масжидига ўғрилар тушгани ҳақида ибодатхона расмий сайтида маълум қилинди.

Интернетдаги forum.islom.uz нашрининг ўзини Баҳодир Муҳаммад деб атаган муштарийси Хўжа Аламбардор масжидидаги ўғирлик тафсилотларини ëзди.

“17 феврал тунги 01:31 дақиқа ўтган вақтда масжидга 3-4 нафар ўғри келди. Ўғрилардан бири масжиднинг кириш эшиги олдидаги кузатув камерасини қўлидаги темир билан уриб синдирди. Камера ўз жойидан кўчиб кетган бўлса ҳам, уланган симга осилиб қолган тарзда суратга олишда давом этди. Шу ерда бир ҳолат инсонни ҳайратлантирди. Ўғрилардан бири камерани буткул узиб олиб ташлаш мақсадида қўлидаги темир билан урди, Аллоҳ таоло ўша вақтнинг ўзида ўша уддабурон ўғрининг жазосини берди. Ўғри оёқ тагидаги қорга сирпаниб, юзи билан ерга йиқилди ва уч дақиқалар ўзига келмай, ҳушдан кетиб қолди. Уни шериклари судраб олиб кетишди", деб ëзади муштарий.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ ўғрилар Хўжа Аламбардор масжидининг эҳсон қутисини ўмаришган. Бу қутидаги пул бир ойда бир марта очилиши керак бўлган.

Ўғрилар қути очиладиган кундан сал олдин садақа сандиғини олиб қочишгани айтилмоқда.

Масжиддаги ўғирлик ҳақида мақола ëзган маҳаллий журналист Жасур Ҳамроевнинг Озодликка билдиришича¸ ўғрилар масжиддан фақат эҳсон қутисини олиб кетишган.


Youtube тармоғига жойланган бу видеода 2013 йил 1-ноябрь куни жума намозидан аввал соат 12:00ларда таҳорат олиш хонасида ўғрилик содир этилгани иддао қилинади..

Интернетдаги forum.islom.uz нашри муштарийси Баҳодир Муҳаммаднинг 21 феврал куни қолдирган ëзувларига кўра¸ ҳали ўғрилар ушланмаган ва бундай ўғирликлар оқибатида масжидлар иқтисидий мушкул ахволга тушмоқда:

“Уч-тўртта ниқоб кийган уддабурон ўғрилар, масжид эҳсон қутиларини ва ундаги маблағларни ўғирлашмоқда. Шу маблағ билан барча харажатларини қоплайдиган масжидлар, ўғрилик сабаб жиддий зарар кўрмоқда. Коммунал тўловлардан қарзини уза олмай, ходимларга ойлик бера олмай жуда қийин ҳолатга тушган масжидлар ҳам бор”, деб ëзди сайт муштарийси.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ кейинги икки ой ичида Ўзбекистондаги масжидларда ўндан зиëд масжид ўғриларга нишон бўлган.

Бундай иддаони Интернетдаги forum.islom.uz нашри муштарийси Баҳодир Муҳаммад ҳам такрорлади.

“Сўнгги икки ой ичида шаҳримиздаги 50 – 60га яқин жомеъ масжидларида ҳам содир бўлаётган бундай “ҳайратланарли” ўғирликлар ортидан намоз вақтларида “шайтон йўлдан оздирган”ларга инсоф тилаб, дуолар қилинди. Бироқ, ижобий натижага эришилганича йўқ. Милиция ходимларига мурожаат ҳам бошланди. Балки, энди бирор натижа бўлар? Ҳар ойда бир марта очиладиган эҳсон қутилари ўғирликлар сабаб ҳар ҳафтада очиладиган бўлди”, деб таъкидланади forum.islom.uz нашрида қолдирилган изохда.

Тахоратхонадаги воқеа Интернетда "хит" бўлди

Шу йилнинг 9 январида интернетда Youtube тармоғига юкланган ва Тошкентдаги Хўжа Аламбардор масжидидаги ўғирлик акс этгани иддао қилинадиган видеотасвир мусулмонлар орасида кенг муҳокама бўлди.

Тасвирга кўра, масжидда ўрнатилган яширин камерада, 2013 йил 1-ноябрь куни жума намозидан аввал соат 12:00ларда таҳорат олиш хонасида "ўғрилик содир этилган".

Тасвирда бировнинг қора кийими устига ўзини кулранг костюмини илиб, гўёки ўзини костюмини титаётган қилиб кўрсатгану, аслида унинг остида қолган қора устки кийимдан пулларни ўғирлаб ўзининг костюмига солаётган кимса ҳатти-ҳаракати акс этган лаҳзалар ёзилиб қолган.

Интернетга юкланган тасвир ортига ўғирликнинг гуноҳ эканлиги борасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ваъз насиҳатлари ëзилган.

Таҳоратхонада ўғирланган iPhone

Кейинги икки ой ичида Тошкент шаҳрида ва айрим чекка вилоятлар масжидларида ҳам катта ва кичик ўғирликлар содир бўлаëтгани айтилди.

Чилонзор туман ички ишлар бошқармасида ишлайдиган ва ўзини Равшан деб таништирган участка нозири бу ўғирликларни амнистия боис қамоқдан озод бўлган фуқаролар содир қилаëтганини Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтди.

Суҳбатдошга кўра, масжид кутубхонасидаги қиммат китоблар, намозхонларнинг соатлари, телефонлари, оёқ кийимлари, уст-бош кийимлари ва турли қимматбаҳо кийимлари ўғирланмоқда.

Озодлик суҳбатлашган номозхонлар эса¸ кўп ҳолларда бу ўғриларнинг жазосиз қолаëтганидан шикоят қилишади.

forum.islom.uz нашри муштарийси Баҳодир Муҳаммаднинг ëзишича кўп ўғирликлар масжид тахоратхонасида бўлади:

"Яқинда таҳоратхонада бир намозхоннинг 400000 сўм маблағини очиқчасига ўғирлаб олиб чиқиб кетди. Ўғри ҳам 40-45 ёшли келишган ўзига тўқ замонавий кийинган йигит. Афсус ҳамма далилий ашёлар билан маҳалла участка нозири ва тегишли органларга ўша ўғриликнинг видеосини бериб юбордик афсус ундан буён ҳам 2-3 та ўғрилик содир бўлди. Ўғри топилгани йўқ", деб ëзади Баҳодир.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ва ўзини Акбар деб таништирган 27 яшар тошкентлик йигит ўтган жума таҳоратхонада iPhone телефонини йўқотганини билдирди.

Таҳоратхонада телефон ўғирлатишнинг нима оқибатларга олиб келишини тожикистонлик имом ҳатиб яхши билади.

Имомдан ўғирланган iPhone ичидаги унга оид интим тасвирлар ўғри тарафидан Интернетга юкланганидан кейин “жабрдийда” имом мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Ўғирланган айфонда имомнинг бир аëл билан жинсий алоқа қилаëтгани акс этган эди.

Видеокамера ҳам ўғриларни чўчитмади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўғирликнинг олдини олиш мақсадида масжидларга камералар ўрнатилганини расман билдирган эди.

Масжидларга камералар ўрнатиш ташаббуси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан илгари сурилгани айтилиб, вилоятдаги 181 та масжидда кузатув камералари ўрнатилгани таъкидланган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, Наманган шаҳридаги “Мулла Исмоил” масжидида келиб чиққан ёнғин ва вилоятдаги айрим масжидларда жума намозларидан сўнг ўғирлик ҳолатлари содир этилгани боис масжидларга камера ўрнатиш қарорига келинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўра, мамлакатда 2038дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг кўпчилигига камералар ўрнатилган.

17 феврал куни ўғирлик содир бўлган Тошкентдаги Хўжа Аламбардор масжиди ҳам кузатув камералари билан жиҳозланган эди.
XS
SM
MD
LG