Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:49

Ўшда Суриядаги жиҳодга одам ёллашга уринганликда гумонланмиш шахс ушланди


Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда гумонланмиш шахс Ўш аэропортида қўлга олингани айтилмоқда.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда гумонланмиш шахс Ўш аэропортида қўлга олингани айтилмоқда.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ўтган шанба Ўш аэропортида Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси деб билинган 34 ёшли қирғизистонлик фуқарони ҳибсга олган.

Бу ҳақда Озодликка Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов билдирди.

Унинг милиция тасарруфидаги тезкор маълумотларга таяниб маълум қилишича, Ўшга Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри орқали учиб келган ва тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда исми очиқланмаётган шахс Покистоннинг Вазиристон вилояти ва Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

- У Туркияда туриб олиб, Қирғизистон фуқароларини Суриядаги урушга жалб қилиб, ўша ёққа жўнатишга уринган деган айблов билан ҳозир Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилибди. Айни пайтда бу иш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилаяпти, - деди Замир Сидиқов.

Ўш милицияси мулозимига кўра, Ўш вилоятида истиқомат қилган бу йигит устидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 297-моддаси (“Конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга оммавий чақириқ”) ва 375-моддаси (“Ҳарбий ҳаракатлар учун одам ёллаш”) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қирғизистон жанубий пойтахтида одамларни Сурияга жиҳод учун даъват қилганликда гумонланмиш шахслар ушланаётганига оид хабарлар келаётган бир пайтда муштарийлардан бири Озодликка Ўшда мусулмонларга қарши рейдлар ўтказилаётганини ёзди. Исми очиқланмаслигини сўраган бу йигит билан боғланганимизда у Ўш масжидларида мусулмонлар имомлар томонидан огоҳлантирилаётганини айтди.

- “Қирғизистондан, асосан, Ўшдан мингга яқин бола Сурияга кетишибди, шунинг учун зачистка бўлаяпти”, деб айтди. “Оминни ҳам жаҳрий (яъни овоз чиқариб – таҳр.) айтмасдан, масжидларда эътикофда қолмасдан, Ҳанафий мазҳабида ўқиб тураверасизлар намозни”, деди. Кейин 1 мартдан ҳар бир уйда проверка бўларкан. “Қаерда юрибди?”, “Россияда юрибдими?”, “Россияда юрган бўлса, номерларини беринг - гаплашайлик” деб, ҳар бир уйда проверка бўларкан. Шуни масжиддан огоҳлантиришди, - деган ўшлик суҳбатдошимиз шу текшир-текширлар сабаб Ўшнинг кўп жойларида диний дарслар ҳам тўхтаб қолганини ҳам қўшимча қилди.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг Озодликка айтишича эса, Ўшдаги маҳалла ва масжидларда режа асосида 1 мартдан бошлаб рейдлар ўтказилади, деган гап ҳақиқатга мувофиқ эмас.

- Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ҳатто режасида ҳам йўқ бундай чора-тадбир. Бунгача маҳаллий диний уламолар, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш, маҳалла қўмиталари раҳбарлари ва аъзолари, участка нозирлари биргаликда диний вазиятни назорат қилиб турганмиз. Бу шаҳар хавфсизлигини кўзлаб қилинган иш. Аммо масжидлар оралаб рейд ўтказилгани йўқ, бунга зарурат ҳам йўқ. Агар бизга бирор тезкор маълумот келиб тушса, бориб, суриштиришимиз мумкин. “Зачистка” деган гап эса мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Нима, ҳозир Қирғизистонда уруш ҳолати юзага келган дейсизми? Унақа эмас. Худога шукур, тинчлик. Одамлар анъанавий Ислом динини маҳкам ушлаб, ибодатларини қилиб юришибди, - деди Замир Сидиқов бундан буён ҳам рейдлар ўтказилмаслигини қайд этаркан.
XS
SM
MD
LG