Линклар

OzodNavigator: Сиз яшайдиган мамлакатда Украина воқеалари ҳақида нима дейишяпти?


Украина бу сафар халқ ҳокимиятини ўрнатиш учун юзга яқин одам жонини қурбон қилди.

Украина бу сафар халқ ҳокимиятини ўрнатиш учун юзга яқин одам жонини қурбон қилди.

OzodNavigator дастурининг 26 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05да бошланадиган сонида, хориждаги ўзбекистонликлар ёрдамида "Сиз яшайдиган мамлакатда Украина воқеалари ҳақида нима дейишяпти?" деган савол жавобини излаймиз.


Шу кунларнинг асосий мавзуси Украинадаги воқеалар бўлиб қолмоқда. Украина ҳукуматининг Европа билан интеграциялашувдан бош тортиб, Россия билан яқинлашув йўлини танлаганига қарши уч ой давом этган халқ исёни президент Виктор Януковични ҳокимиятдан қувди. Украинада яна бир инқилоб билан тугаган воқеалар бу сафар қонсиз бўлмади, халқ ҳокимияти ўрнатилиши учун юзга яқин украиналик қурбон бўлди.

Украинада евроинтеграция тарафдорлари ғалабаси билан тугаган воқеалар Ўзбекистон расмий матбуоти томонидан умуман ёритилмади. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Интернет сайти бош саҳифасини шу кунларда “Халқаро андозаларга мос”, “Қалби либосдек пок аёллар”, “Моҳир қўллар сеҳри” каби сарлавҳалар “безаб” турибди.



Оддий ўзбекистонликлар орасида Евромайдон мужодаласини кузатганлар бўлган бўлса, аксари украин халқи саркашлигини “фашистлар босқини” билан қиёслаган рус телеканаллари кўзгуси орқали кўрди.

Прагадаги саноқли ўзбеклар билан қурилган суҳбатлардан ҳатто Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбекистонликлар ҳам бу воқеаларни рус матбуоти орқали кузатганини хулоса қилиш мумкин.

Тунов куни Озодлик мухбири Прагадаги ўзбеклар йиғинида бир баҳс гувоҳи бўлди. Европанинг қоқ ўртаси – Чехияга меҳнат муҳожири бўлиб келган, ёши 50 дан ошган бир ўзбекистонлик “Украинага нима кераги бор Европага қўшилишнинг? Мана кўриб турибмиз Европанинг аҳволини! Россия билан бирга бўлиши керак Украина? Россия газни арзон нархда бериб қўйган бўлса, 15 миллиард доллар бераётган бўлса, нима қилади?” дея қатъий фикр билдирди.

Украина воқеалари шу кунларнинг асосий мавзуси бўлиб қолаётгани боис OzodNavigator дастурининг навбатдаги сонида “Сиз яшаётган мамлакатда Украина воқеалари ҳақида нима дейишяпти?” деган савол жавобини излашга қарор қилдик.

OzodNavigator дастурининг чоршанба, 26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 21:05да эфирга чиқадиган сонида одатдагидек Ўзбекистон эмас, хориждаги ўзбеклар тажрибаси ҳақида гаплашамиз.

Сиз яшаётган мамлакатда Украина воқеалари қандай ёритилди? Украинадаги сўнгги воқеалардан вақтида хабардор бўлдингизми?

Маҳаллий аҳолининг Украина халқи исёнига муносабати қандай? Бу воқеалар ҳақида улар нима дейишяпти?

Хорижда яшаётган ўзбекистонлик сифатида сизнинг бу воқеаларга муносабатингиз қандай? Украиналиклар узоқ истиқболдаги европача ривожланиш йўлини танлагани тўғри бўлдими, ё бугун арзон газ ва катта пул таклиф қилаётган Россия билан бирга бўлиши керакмиди?

Халқ давлатнинг иродасига бўйсиниши керакмиди, ё халқ ўз иродасини кўрсатгани тўғри бўлдими?


OzodNavigator дастурининг 26 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21.00да эфирга чиқадиган навбатдаги сонида шу ва шу каби бошқа саволларга Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар ёрдамида жавоб излаймиз.

OzodNavigator Ўзбекистон ҳақида эмас, хориждаги ўзбекистонликлар ҳақида.

OzodNavigator дастурининг навбатдаги сони 26 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05да радио эшиттиришимиз, www.ozodlik.org вэб саҳифамиз ҳамда Озодликнинг Facebook,Одноклассники ва Youtube-даги саҳифаларимизда жонли тингашингиз ва унда иштирок этишингиз мумкин.

OzodNavigator билан ozodskype, ozodlikonline ва ozodovoz Skype манзиллари орқали боғланинг.

Хориждаги тажрибангизга асосланган ҳикоянгизни шу мақола тагида ҳам шарҳ сифатида қолдирсангиз, албатта, OzodNavigator дастурида ўқиб эшиттирамиз.

OzodNavigator билан саёҳатга марҳамат!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG